“Оқ”ларнинг аянчли тақдири


  • 2 Май, 2018
  • 1053

Большевиклардан қочган чор тарафдорлари Истанбулга йўл олишди. Ораларида чор адъютантларидан машҳур артистларгача, профессорлардан бизнесменларгача бор эди.

Жаҳон уруши ва қаҳатчилик Россияни жуда танг аҳволга келтирди. Ғолиблар қаторидан жой олган бўлса ҳам, уруш тугамасдан майдондан чекилди. 1917 йил февраль ойида зиёли социалистлар тарафидан давлат тўнтариши амалга оширилиб, Чор ҳукумати қулади ва муваққат ҳукумат қурилди. Октябрдаги радикалларнинг тўнтариши эса, мамлакатда гражданлар урушини авж олдирди.

Чор тож-тахтидан айрилади деб ким ўйлабди? Лекин руслар жанубдаги қўшни ўлкалар сингари тахтидан айрилган ҳукмдорларининг ортидан тош отмадилар. Уни қутқариб, такрор тахтга ўтқазиш учун курашга киришдилар. Мамлакат қизиллар (коммунистлар) ва оқлар (чор тарафдорлари) бўлиб, иккига бўлинди.

Оқлар коммунистларга қарши бўлган казаклар яшайдиган Дон дарёси бўйига тўпланишди. Чорнинг собиқ зобитлари, зодагонлар, диндорларнинг барчаси бу ерга оқиб кела бошлади. Дастлаб 4 минг кишилик кўнгиллилар қўшини юз минглаб аскардан иборат Оқлар армиясига айланди. Бу орада чорнинг қутқарилишидан қўрққан қизиллар 1918 йил июль ойида Екатеринбургда ҳибсда ушланаётган чор ва оиласини қатл этишди.

Кавказнинг шимолида ҳокимият қурган Оқлар қўшини бошида генерал Деникин бор эди. Лекин Москвага юриш вақтида 1919 йил октабрь ойида мағлуб бўлди. Оқлар Қримга қочишди. Қўмондонликни чорнинг ҳимоя отряди қўмондони генерал барон Пётр Врангел қўлига олди. 1920 йил март ойида 600 минг кишилик қизил армияга қарши чиққан 200 минг кишилик Оқ армия пароканда бўлди. Қизиллар 1920 йил ноябрда Кримга кирди.

Британия бошчилигидаги иттифоқдошлар Чор ҳукуматини тиклаш учун зиғирча ёрдам қилмаса ҳам, оқларнинг эвакуациясига ёрдам берди. Минглаб кишилар ортда ватанлари, моллари, умидларини қолдириб, Одесса, Севастаполь каби портлардан Қораденгиз орқали йўлга тушди. Қолиб кетганлар қатл қилинди. Қочганларнинг сони 860 минг деб тахмин қилинади.

Кўпчилиги олий табақали бўлган қочоқлар 3 кундан кейин ишғол остидаги Истанбулга етиб келди. Истанбул портларига юздан ортиқ кема етиб келди. Аскарлар Тузла ва Гелиболуга, казаклар Хадимкўй ва Мудонияга жойлаштирилди. Қолган қочоқлар Истанбулдаги турли чодир лагерларига бўлинди.

Кўчалар қизиллардан қочган рус, украин, грузин, черкес, татар ва озарбайжонларга тўлди. Бейоғлу мавзеси гўёки рус кварталига айланганди. Биргина Врангелнинг ўзи билан шаҳарга 185 минг киши келганди. Бирданига Истанбул аҳолисининг 20%и қочоқларни ташкил қилди. Зодагонлар, цирк ўйинчилари, ҳаммаси аралаш кемада ёнма-ён саёҳат қилишганди. Истанбулда ҳам улар ёнма-ён бир хил ҳаёт кечирмоқда эди.

Қийин шароитдаги Усмоний ҳукумати уларга қўлидан келган ёрдамини аямади. Рус адвокат ва Дума аъзоси Николай Чебишев хотираларида “Муҳожир руслар бизларга қучоқ очган славян ўлкаларида ҳам ўзларини Истанбулдагичалик ўз уйларидагидек ҳис қилишмаганди” деганди. Бир муҳожир кейинчалик бундай деганди: “Россиядан қочаётганда барчамизнинг хаёлимизда битта ўй бор эди: 1492 йили Испания қирғинидан қочган яҳудийларга эшикларини фақатгина Туркия очганди. Бизни ҳам остонадан ортга қайтаришмаса керак.”

 

Кўплаб кишилар ва ёрдам муассасалари қочоқларга ёрдам қўлини узатди. Ётадиган жой, ишсизларни иш ва овқат билан таъминлашди.

Чор академияси аъзоларидан иборат “Сургундаги рус ёшларининг таҳсили қўмитаси” болаларга дарс бериб, Европа университетларига кира олиши учун сертификат берди. Шу тариқа кўп ёшлар таҳсил учун Европа ва Америкага йўл олди. Графиня Вера Толстой айтганди: “Француз инқилобида зодагонлар жаллодларга аслзодаларнинг қандай ўлишини ўргатганди. Биз эса уларга қандай ҳаётда қолишни кўрсатамиз.”  

Россиядан қочаётганида чемоданларини олишга муваффақ бўлган муҳожирлар келтирган жавоҳирларини, зийнат ашёларини нон олиш учун сотишарди. Фарфорлар, кумушлар, дастурхонлар, ётоқ чойшаблари, нишонлар, ханжарлар иккинчи қўл дўконларида сотиларди. Энг кўп олиб келинган буюм граммофон ва самовар эди. Оқлар қўшини қўлидаги Чор рубллари яроқсиз матоҳга айланганди. Истанбул болалари йиллар давомида устида чор расми ва жуфт бошли бургут бўлган ҳашамли, лекин яроқсиз банкнотлар билан ўйин ўйнагандилар.

Ёш зобитлар кўчаларда ҳаммоллик, официантлик қиларди. Кечалари лагердаги сўриларда ётишарди. Баъзилари таксичилик қиларди.

Отелдан чиққанларнинг елкасига пальтосини кийдириб турадиган эшикбон Рус чорининг адъютанти, ошхонадаги официант аслида граф бўлиши мумкин эди. Сотувчилик, тиланчилик қилаётганлар ҳам оз эмасди.

Муҳожирлар энг кўп ишлатадиган русча сўз - “хорошо” оқларга, айниқса қизларга маҳаллий халқ тарафидан қўйилган ном эди. Маҳаллий халқдан баъзи аёллар эрларини оқ танли, сарғиш мовий кўзли рус қизларига бериб қўйишдан хавфсирай бошлади.

Лозан келишуви имзоланиб, салтанат маркази Истанбул, динсиз революционер Анқара ҳукуматининг ҳокимиятига бош эггач, оқларни хавотир босди. Чунки Анқара ҳукумати большевиклар дўсти эди. 1923 йили Бейоғлудаги Чор русияси элчихонаси қизиллар қўлига ўтди. Анқара ҳукумати оқларга мамлакатни тарк этишлари учун босим ўтказа бошлади. Уларга 1927 йилгача муддат берилди.

Ўзларини қора кунлар кутаётганини билган оқлардан виза олганлари Венгрия, Польша, Франция, Англия, Америка каби мамлакатларга кўчиб кетди. БМТ қочоқларга “ватансиз” деган паспорт тарқатди. 1930 йилларгача Туркиянинг у ер бу ерида оқ руслар учрарди.

Врангелнинг кўнгиллилар армияси бу даврда Гелиболуда таълим олишарди. Анқара ҳукумати уларни ҳам йўқотди. Сербия ва Болгарияга юборилган бу зобитлар у ерда қурилишларда меҳнат қилишди. Врангел Брюсселда ўлди. Путин Америкада ўлган генерал Деникин суякларини анча йиллар ўтиб, Москвага келтирди.


Бошқа мақолалар