21.02.2012
1998

Олис Грециядаги Артемида  ибодатхонасини тилга олсак, у жаҳоннинг етти мўъжизасига мансуб, деб билағонлик қиламиз, сариқ газеталаримиздаги сканвордларни еча-еча «Қуёш худоси – Ра» эканини сув қилиб ичвордик.

Албатта, билган яхши. Аммо…

Ўз элимизнинг урф-удумларини, рўзғор тутумларини, қадриятларини лоақал ўшанчалик биламизми? Масалан, миллий қадриятларимиз негизида қандай нарсалар ётади? Очиғи, шу мавзуда сўз кетса, менинг ўзим абдираб қолишим турган гап. Бу соҳадаги тушунчаларим юзакироқ, мубҳам. Бирон чет эллик одам келиб, мен билан суҳбат чоғида миллатингизнинг қадриятларини тушунтириб беринг, у аниқ нималардан ташкил топади, деб сўраб қолса борми…

Эҳтимол, илмий китобларда буларнинг қомусий таърифи берилгандир. Аммо уни оммабоп бир тилда етказиш ҳам зарурми дейман? Шунинг учун ҳам, топган гул келтирар, топмаган бир бош пиёз, деганларидек, ўзимнинг айрим қарашларимни ўртоқлашмоқчи бўламан. Бошқалар ҳам билганини ўртага ташласа, шу тарзда бўлса ҳам йиғилиб, пировардида бир нима ҳосил бўлар.

Ғафур Ғулом ўзбекнинг билимдони эди. Мақолаю шеърларида халқимизнинг урф-одатлари, ажойиб фазилатларини фахр билан тараннум этган. Ҳатто ирим-сирим, инонч-эътиқод, удумларимизни таҳлил қилиб, буларнинг қай бири бидъату қайсилари ҳаётий асосга эга эканини лўнда қилиб тушунтириб ҳам берган. Медицина камида эллик йил қоралаб келган исириқни ёқлаб чиқиб, у шифобахш гиёҳ эканини, тутуни вирусларга қирон келтиришини исбот қилгани, бувиларимиз бекорга «супургини тикка қўйма» демаслиги, тик турган супурги букилиб-майишиб, ишга ярамай қолишини далиллагани, қош қорайганда уй супуриш бехосият дейилишининг сабаби, шом олақоронғусида танга, тугма, игна каби зарур нарсалар супурилиб кетишининг олдини олиш учун эканини исботлагани эсимизда. Зеро булар эскилик сарқити, деб талқин этиб келинган, ким эътироз қилса, ёт унсур саналадиган, аслида эса ўзбек менталитетининг нозик, теран асосларига тааллуқли бўлган нарсалар эди.

Ҳозир ўйлаб қарасам, Ғафур Ғуломнинг ўша мақолалари жасорат бўлган экан. Бу мақолалар ёзилган замондан роса бир қирон – қирқ йиллар ўтгач истиқлол юз кўрсатди. Мустақиллик халқимизнинг энг яхши урф-одатлари, удум ва анъаналарини тарғиб этишга, асл қадриятларини юзага чиқаришга кенг йўл очиб берди. Бас, бу имкониятдан кенг фойдалансак, академик шоирнинг ўша ташаббусидан ибрат олсак, айни муддао эмасми? Албатта, у пайтларда исломий негиздаги удум-одатларни талқин этиш имконсиз эди, булардан биронтаси тилга олинса, фақат қораланиши керак бўлган. Бизларнинг кўпчилигимиз ҳам ўша дунёқараш руҳида тарбият топганмиз. Шунинг учунми, қанча истамайлик, диний анъана-таомиллар руҳини тўла ҳис қила олмаймиз. Масалан, Машрабдан бир мисра:

Мен шаҳиди ишқдурман, ўлсам кафанга чулғаманг…

Хўш, бунинг маъноси нима? Нега Машраб кафан керак эмас, деяпти? Ахир бекафан кўмилиш мусулмон миллати учун хўрлик эмасми? – деб сўраб кўринг: юзта ўсмирдан биронтаси жавоб айтса айтар, қолгани ўрисча қилиб елкасини қисади – жавоб бера олмайди! Тушунмаганидан кейин, ўқимайди, шу ғазалнинг ашуласини ҳам эшитмайди. Ҳолбуки, бу мисра зимнида шаҳид бўлган одам ювиб кафанланмайди, ўз кийими билан кўмилади, деган ҳадисга ишора бор. Аллоҳнинг ишқида шаҳидликка чоғланган Машрабнинг бундай оташин мисралари сўнгги асрда шимолдан эсган изғиринларда тўзғиган шууримизга таъсир қилиб, кўнгилларимизни юмшатишига ҳали вақт бор шекилли…

Санъатимиздаги «ўзбек»лар

Саид Аҳмад қайсиям йили Темур Пўлатов деган ажнабийсифат ёзувчининг бир қиссасини танқид қилиб, «Бу асарда чоллар қовун еб бўлиб, бир-бирига пўчоқ отиши тасвирланган, қачондан бери ўзбек оқсоқоллари қовун пўчоғини отиб юрадиган бўлиб қолди, бу қилиқ бизга ёт эмасми?» – деб дашном берган эди.

Аввало, пўчоқ отиш шумтакалик, чоллар эса қовунни худди жонивор каби бисмиллоҳ айтиб, банди остидан «бўғизлаб» сўяди. Қовун еб бўлингач, ҳар бир ноз-неъмат тановулидан кейин бўлгани каби, фотиҳа ўқилади, пўчоғини ҳам увол қилмай, мол-қўйга берилади. Нега? Чунки, қовун – жаннат меваси. Ўзбекларда қовун ҳатто оёқ билан суриб юмалатилмайди, бундай қилиш макруҳ саналади.

Яна бир удумимиз – бизда қўйни тепиш мумкин эмас. Чунки қўй ҳам жаннат неъмати саналади (Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга чоғланган пайтида Оллоҳ одамни қурбон қилишни тақиқлаб, осмондан бир қўчқор туширгани ёдингиздадир). Жаннат мевасини ёки жаннатдан чиққан жониворни тепиш ё ҳақоратлаш – жаннатни рад этиш дегани. Аммо бошқа кўп халқлар қўйни оддий бир жонивор деб билади, унинг соддалиги анқовликка менгзалади. Хўш, биз ҳам энди қўйни бошқалар каби масхаралашга ўтамизми ёки учун халқимиз ана шундай нақлларга суянган. Бу нақлдан фаришталар кўп тафовутлар юзага келган бўлиши мумкин. Чунончи, Тошкентда, Фарғона элининг боласи ўлароқ, билим-маърифатда ҳозир ҳам илғорми? Мен бу ерда спартакиада ва чемпионатларда ғолиб деб топилаётган болаларнигина кўзда тутмасликни сўрар эдим. Ҳозир мактаб ва лицей-коллежларда таълим олаётган болалар яна бирон эллик йилдан сўнг қанақа ўзбек боласи бўлишини тасаввур қиласизми? «Эркинлик ва демократияни олға силжитиш» ниқоби остида амалга оширилаётган кирдикорларни теранроқ англаяпмизми?

Чунончи, ўтган йили телевидение «Осмондаги болалар-2» деган янги бир фильмдан парчалар бериб, тарғиб қилди. Албатта, рекламада фильмнинг «гули» – энг зўр жойи кўрсатиб ташвиқ қилинади. Унда тўй даврасида бир маст йигитча қадаҳ сўзи айтиб, келинга «Тезроқ бу куёвдан ажрашиб, менга тегишингни тилайман», дейди. Аввало, бу – ғирт кўчирма. Чунки русларнинг «Ирония судьбы» деган машҳур кинофильмида худди шу гап айтилади. Ва бу рус менталитетига тўғри келади, ўзбекларга эса – фақат ҳақорат. Негаки, ўзбек йигитининг эрга тегиб чиққан қизга харидор бўлиши ғирт расвогарчилик, бунинг устига, у бировнинг бахтсизлиги (эрдан ажралиши) эвазига ўз бахтини қурмоқчи. Энди буни қарангки, шу «қадаҳ сўзи»ни бутун даврадагилар, ҳатто ўша қизнинг отаси ҳам эшитиб, илжайганича ўтира беради. Ажабки, бу ҳар куни бир неча марта анонс қилиб тақдим этилди, ўзбекчилигимизга оз-оздан… путур етказилди, биз ҳам… томоша қилиб ўтира бердик. Ўрганиб ҳам қолгандаймиз.

Мулоҳазали одамлар бунга «Ҳа энди, замон шу экан-да», деб кулиб қўяқолади. Ўзи – ўзлиги маҳв бўлиб кетаётганидан кулган одамнинг сермулоҳазалиги… нақадар аянч бир воқелик. Ҳолбуки, орият – ўзбекнинг энг улуғ қадриятларидан бири. Абдулла Қаҳҳор бир муносабат билан сўз юритиб, «ўзбекларда орият – ҳатто дин туйғусидан ҳам кучли», деган эди. Орият ва уят, номус туйғуси ҳақида гап кетганда, бир нарса ёдга келади: айрим воҳаларимиздаги тўйларда урф бўлди: раққоса қошини қоқиб, ишвали боқиб ёнингизга келиб туриб олади. Мастона қийқириқ! Тезроқ пул чиқармасангиз, тиззангизга ўтирволгудай бўлади, бўйнингиздан икки қўлини ўтказиб қучади, кўксини бошингизга ишқайди – эвоҳ, чўнтакнинг энг қоронғу жойларидаги шилдироқ ақчалар қандай қилиб бирин-кетин чиқиб кетганини идрок ҳам қилолмай қоласиз, қарасангиз, бу пайт бояги гўзал бошқа бир «бойвачча»нинг теграсида хиром айлаётган бўлади.

Ўткир ёзувчиларимиз бор – хоҳласа, икки ой ичида икки юз бетлик ўта қизиқарли, ўта шарманда бир романни ёзиб ташлаш қўлидан келади. Уни, масалан, икки юз минг нусхада чоп этинг: икки ҳафтада ур-йиқит бўлиб сотилиб кетмаса, биз бенават.

Таниқли раққосаларимиз бор – истаса, ғамзани бояги орсиз «санъаткор қиз»лардан ўн чандон орттириб, минг кишилик даврадаги жамики Одам ўғилларининг ҳушини бошидан учира олади. Бироқ улар бунчаликка бормайди; аввало инсоний номус, аёлларга хос ҳаё ва ўзбекона андиша бунга йўл қўймайди.

Маънавиятимиз пешволари бўлган адибларимиз ҳам асло боягидек шарманда асар  ёзишдай тубанликка тушмайдилар; бунга уларнинг орияти, ҳаётий эътиқоди, ижодий принципи йўл бермайди. Аммо илгари бировнинг қулоғига ҳам айтиб бўлмайдиган уят гаплар ҳозир китобларга бемалол ёзиладиган, сариқ-суруқ газета-журналларнинг саҳифаларига «ҳусн» бўладиган бўлиб қолди. Ҳаёсизлик – маҳв этувчи куч, ҳаё йўқолган жойда жамиятнинг жамиятлиги, халқнинг халқлиги қолмайди.

Ёдингиздадир, Лут пайғамбар даврида одамлардан ҳаё кўтарилиб, ахлоқсизлик одатий ҳолга айланиб қолган экан. Бунинг оқибатида шу қавм ҳалокатга юз тутган…

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

манба: hamroz.uz


Изоҳлар

Мевачи

14.11.2012 11:29:22
Буткул пайғамбарлар умматига шу насихаттда бўлганлар: "Агар сен уялмасанг хамма нарсани ишлайсан"

dehqon

24.02.2012 04:59:09
da dehqonchasiga oylab yuravegan ekanmizgu, hech narsani o'ylamasdin..
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш