12.03.2012
1701

 Кечга томон эшигимиз тақиллаб қолди. Очсам, қўшни хотин, қўлида тўрт-беш дона шам. Қўни-қўшнидан ҳеч нарса сўрамайдиган бу бадавлат қўшни аёлнинг вақт хуфтонга яқинлашиб қолганида: «Қўшни, икки дона шағамингиз йўқми?» деб туришидан ҳайрон бўлдим. Эҳтиёж бўлмагани учун уйга шам ғамлаб қўймаймиз. Стол тортмасидан яримта шам топиб, қўшнига узатдим. Олмади. «Бунақаси керакмас, ёқилган шамлар, ана, бошқа қўшниларда ҳам бор», деди. Унга ишлатилмаган, гугурт олови тегмаган яп-янги шамлар лозим экан. Сабабини суриштириш ноқулай эди, аммо аёл киши зийрак бўлади, қўшним дарҳол изоҳ беришга киришди.

Маълум бўлишича, эртага унинг эндигина биринчи синфга борган ўғлининг туғилган куни экан, етти ёшга тўларкан. Икки кун олдин бир хотин мактабда қизининг туғилган кунини нишонлаб, катта торт устига етти дона шам ёқибди. Қиз бир пуфлашда уларни ўчирибди. Ҳамма қийқириб, қарсак чалибди. Синфдаги йигирма беш нафар ўқувчи ва уларнинг устозлари одатда телевизордаги ажнабий фильмларда кўрсатиладиган бу манзара ва тантана иштирокчиси. Бунақа олқишларни кўрган мурғак болаларнинг ҳар бири ҳам ўз туғилган кунини шу тариқа нишонлаш орзусига тушади. Чиллаки чиллакини кўриб чумак урибди деганларидек, менинг қўшним ҳам айни «анъана»ни давом эттирмоқчи экан. Яъни, икки киши амаллаб кўтарадиган катта тортни аллақачон тайёрлатиб, унинг ўртасига дил сўзларини ҳам битиб қўйибди. Аммо, етти ёшга кирганлик рамзи сифатида ўша тантанада ёқиб-ўчирилиши лозим бўлган етти дона шамни олдиндан тайёрлаб қўйиш ёдидан кўтарилган. Ана энди кечқурун уйма-уй юриб, қўшнилардан бирма-бир шам сўраб юрибди.

Қўшни хотиннинг шамларни топган-топмаганини ёки ўша «тантана» мактабда қай йўсинда ўтганини билмадим-у, бироқ хаёлимда бир дунё саволлар кезинди. Биз қай томонга қараб кетмоқдамиз? Маърифат-маънавият маскани бўлмиш мактаб, унинг азиз устозлари ўзлари қилаётган бу каби амалларнинг моҳиятини тушунадиларми? Мактабларда уюштириладиган «туғилган кун тантаналари»да қандай тарбиявий қиймат бор? Бу бизга қачондан урф бўлди? Кимлардан ўтди? Телевизорда кўрсатилаётган ажнабий сериаллар орқали бизнинг маданиятимизга сизиб кираётган бу иллатларни қандай даволаш мумкин? Туғилган кунларда нега шам ёқадилар? Бунинг туб моҳиятида қандай маъно бор?

Шу саволлар ғалаёнида беихтиёр «Шум бола»даги бир эпизодни эсладим. «Ундан кейин»чи бойнинг: «Қўрғонга қаердан ўт кетибди?» деган саволига шум бола: «Шағамдан ўт кетибди, шағамдан», дейди. Бой давом этади:

- Ҳой, ўзинг жинни бўлиб қолибсан, ўғлим! Ахир, менинг даргоҳимда шағамга кун қолибдими? Қатор-қатор лампалар, ўзим Тошкентдан атай сотиб олиб келган қирқинчи фанорлар қаёққа кетибди? Керосинни бўлса, бир йилга етарлигини бочка-бочка запас қилиб қўйган эдим. Нимага шағам ёқасанлар?

- Хўжайин, дейман, ўзингиз ҳам одамни жуда хит қилиб юборар экансиз-да! Бутун бошлиқ ўликнинг арвоҳига шағам ёқмай, лампа ёқиладими? Ахир косага сув қуйиб, устига олма шохи қўйилади. Келган арвоҳ аввал шохга қўниб ўтиради. Бир нафас дамини ростлагандан кейин ҳалиги шағамнинг пирпираб турган шуъласи билан ўйнашади...

Адибнинг нияти, шумлик воқеасининг давоми ҳаммамизга маълум. Буни қарангки, ўтган аср аввалида марҳумнинг арвоҳи учун шам ёқилган бўлса, XXI-аср аввалида тирик одамнинг бир ёшга улғайгани учун шам ёқиляпти. Тараққиёт ўлик ва тирик орасида. Шам эса ўз ҳолича. Аммо фикри очиқ, назари ўткир, қалби иймон ва миллий одатларимиз нури билан чароғон кимса ҳар икки ҳолатдаги шам ёқишлар ўликларга ҳам, тирикларга ҳам асло наф бермайдиган хурофот эканини дарҳол англайди.

Мозор бошига бориб, ўликнинг арвоҳи учун шам ёқиш нақадар бемаънилик бўлса, кейинги вақтларда орттириб олинган «янги одат» бемаънилик устига беъманиликдир.

Назаримда, энди-энди урчиб бораётган бу маънавий касалликнинг урфга айланмаслиги, ўқувчи болаларнинг мурғак дунёқарашини эгаллаб олмаслиги учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъулдир. Шам ёқиш одати дунёда оташпарастлик қолдиғи сифатида яшаб келмоқда. Билиб-билмай қилинаётган амалларнинг маънавий негизида юзага келадиган ўпирилишлар миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга мутлақо бегона. Хавф ҳам шунда.

Баҳодир Нурмуҳаммад


Изоҳлар

Мевачи

14.11.2012 12:47:41
Юқорида айтилганидек: Телевизор ва телевидения хаётимизга аралашиб кетиш туфайли хар бир инсон " шундай бўлсам - шундай ишласам" - деб, уларнинг урф одатларини билмасдан ёки билиб одатга айлантирмоқда. Хуллас инсон ўзининг бобоколонларидан келаётган мантиққа дуруст келадиган чиройли урф одатларини билмаганликдан шу нарсаларга майл эта бошлайди. Э-э-эх, бошни ишлатиш керак бошни.
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш