08.07.2013
1541

Эртага, яъни 9 июль куни Рамазон ойи бошланади. Бугун (08.07.2013) биринчи таровиҳ намози ўқилади.

Бу ой ҳақида имом Раббоний ҳазратлари айтганларки: “Муборак Рамазон ойи жуда шарафлидир. Бу ойда қилинган нофила намоз, зикр, садақа ва бошқа барча нофила ибодатларга берилган савоб бошқа ойларда фарзга бериладиган савоб кабидир. Бу ойда қилинган бир фарз амал бошқа ойлардаги етмишта фарзга тенг. Бу ойда бир рўзадорга ифтор берганнинг гуноҳлари кечирилади, ўзи жаҳаннамдан озод қилинади. Рўзадорнинг савоби қадар ифторлик берганга ҳам савоб берилади. Рўзадорнинг савоби камаймайди.

Бу ойда қўл остидагиларнинг ишларини енгиллаштирган, уларнинг бемалол ибодат қилишларига шароит қилиб берган амирлар ҳам кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади. Рамазон ойида Расулуллоҳ асирларни озод этар, қилинган илтимосларни жавобсиз қолдирмас ва сўраб келинган нарсаларни берардилар. Бу ойда ибодат ва яхши иш қилганларга бутун йил давомида шундай ижобий амалларни қилиш насиб этади. Бу ойга ҳурматсизлик қилган, гуноҳ ишлаган кимсаларнинг бутун бир йили гуноҳ қилиш билан ўтади.

Бу ойни фурсат билиб, қўлдан келганича ибодат қилиш керак. Аллоҳу таоло рози бўладиган ишларни қилиб олишга шошилиш керак. Бу ойни охиратни қозониш учун ғанимат деб билиш лозим.

Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлди. Қадр кечаси ҳам Рамазон ойидадир. Рамазонда саҳарликни вақтининг сўнггига томон, ифторликни эса, вақти кириши билан бошида қилиш суннат. Расулуллоҳ бу икки суннатни бажаришга жуда катта аҳамият берардилар.

Ифторда шошилиш ва саҳарликни кеч қилиш, балки инсоннинг ожизлигини, еб-ичишга муҳтожлигини кўрсатади. Ибодат дегани ҳам аслида шу.

Хурмо билан оғиз очиш суннат. Ифтордан кейин “Заҳабаз-зама вабталлат-ил уруқ ва сабат-ал-ажр иншоаллоҳу таоло” дуосини ўқиш, таровиҳ намозини ва Қуръон хатм қилиш бу ойда жуда муҳим бўлган суннатлардандир.

Бу ойда ҳар кеча жаҳаннамга кириши керак бўлган мингларча мусулмонлар авф этилиб, озод бўлади. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади. Жаҳаннам дарвозалари бекилади. Шайтонлар занжирбанд қилинади. Раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳу таоло бу муборак ойда Унинг шаънига ярашадиган ибодатлар қилишимизни ва Раббимизнинг рози бўлган, ёқтирган йўлида юришимизни барчамизга насиб этсин! Омин.” (Мактубот, 1-жилд, 45-мактуб)

Рамазон ойида ҳаммага кўрсатиб овқат еган киши бу ойга ҳурмат кўрсатмаган бўлади. Намоз ўқимаганларнинг ҳам рўза тутиши ва ҳаромлардан сақланиши керак. Буларнинг рўзалари қабул бўлади ва имонлари борлиги шундан маълум бўлади.


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш