15.05.2015
1459

Ёши анчага борган қари онахон шаҳарда яшайдиган ўғлининг уйига 3-4 кунга меҳмонга келган эди. Кеч кириб қолганда келини меҳмонхонада невараси билан ўтирган қайнонасига; “Овқат тайёр, совутмай ичиб олингизлар!” деб овқатга таклиф қилди. Бола бувисининг ҳалиям ўтирганлигини кўриб; “Бувижон юринг овқат ейлик” -  дейди. Бувиси маҳзун ҳолда; “Хонадон эркаги уйга келмай туриб дастурхонга ўтиришимиз яхши эмас. Ҳозир отанг келсин, кейин бирга ўтириб ичамиз” – дейди. Буни эшитган келини: “Вой ойижоним-ей, у эски одат, ҳозирги замонда қорни очган одам дастурхонга келиб овқатланаверади” – дейди. Шунда онахон “Қизим, одамларнинг одоби, ор-номуси бўлганидек уйнинг ҳам одобу-тартиби бўлади” – дейди. Бу гаплар ўзига эриш туюлган невараси мийиғида кулиб; “Буви уйнинг ҳам тартиби бўладими? Қанақа бўларкан ўша тартиб?” – дейди. Буви неварасига қараб; “Биз болалигимизда онамиздан ҳам олдин отамизнинг олдида одобли бўлишни ўрганар эдик. Уйда отамиз, онамиз бор вақтларда ҳатто оёқ чўзиб ўтирмас эдик. Катталар гапираётганда бизга сўз навбати берилмагунча гапга аралашмас эдик. Катталар уйга кирганда дарров ўрнимиздан туриб, уларга ўрин берар эдик. Ҳеч қачон отамиздан олдин дастурхон бошига бориб ўтирмас эдик. Отамиз “Бисмиллоҳ” билан бошлаб “Қани олинглар” дегандагина тановул қилишни бошлар эдик. Овқатланиб бўлгач, дастурхон дуосини навбат билан ўқир эдик. Ҳеч бир овқат хонадон аҳли билан, оила аъзолари билан ўтириб егандек баракатли бўлмайди. Мана шуларнинг ҳаммаси дастурхон одоби бўлиб ҳисобланади болам!” – дейди. Невараси; “Бувижон буларнинг барчасидан қийналиб қолмас эдингизларми?” – деб сўрайди. Бувиси: “Йўқ болам, бу қийинчилик эмас, аксинча бир-биримизга ҳурмат-иззат бўлгани боис ўзаро меҳр-оқибат қувватли бўлар эди. Бир-бирига меҳр-оқибат бўлган жойда сиқилишга ўрин йўқ. Таомлар мазали, уйқумиз тиниқ бўлар эди. Мен “стресс” сўзини илк бор мана шу ерда эшитдим десам ишонасанми? Қишлоғимизда ақл-ҳушини йўқотган, телба бир киши бўлар эди. Ҳамма уни жинни дейишарди. Лекин ҳатто шу жинни киши ҳам бахтли ҳаёт кечирар эди. У ҳаётига қанчалар рози эканлигини айтиб етказа олмайман. Кун ботгунча болалар билан ўйнаб юрарди, қорни очганида хоҳлаган бир уйнинг эшигини қоқиб; “Менинг қорним очди, ейдиган бир нима беринг!” – дер эди. Қайси хонадоннинг эшигини қоқишидан қатъий назар, ҳеч қачон қўли бўш ҳолда чиқмас эди. Сочи ўсса сартарош сочини олиб қўяди, ҳаммомчи ювинтириб қўярди. Жума кунлари қўлидан етаклаб намозга олиб боришар эди. Яъни ҳеч ким уни чеккалаб қўймас эди. Ҳозир эса ҳеч кимга, ҳеч нарсага ҳурмат қолмади. Қаранг бу шаҳарда ҳатто уйларга ҳам ҳурмат билдирилмайди. Кун кеч бўлганда ҳеч ким пардаларини ёпмайди, уй ичининг кўриниб турганидан ҳеч ким уялмайди. Биз эса ҳали қоронғи тушмай туриб қалин пардалар билан ёпиб, кейин чироқни ёқар эдик. Кийим алмаштирганда ҳатто пардалар ёпиқ бўлса ҳам уятчанлигимиздан чироқни ўчириб, ерга ўтириб алмаштирар эдик. Ташқаридан қараган киши соямизни кўриб қолиши мумкинлигини ўйлаганда юзимиздан ўт чиққандай қизариб кетар эдик” – дейди.

Шунда келини ўрнидан туриб, деразанинг пардасини ёпди. Бувиси; “Хонадоннинг одоби, уйининг пардаси ёпилиб, ёпилмаганидан маълум бўлади дейишар эди боболаримиз. Ҳовлимиз баланд деворлар билан қуршалган бўлса ҳам ювилган ич кийимларимизни ҳовлига илиб қўйишга хонадон аҳлидан ҳаё қилар эдик. Ҳеч ким ҳовлининг ўртасига ич кийимларини илмас эди. Бир куни ҳали жудаям ёш эдим, ич кийимимни биринчи ипга илиб қўйибман. Кейин онам менга; “Қизим, бугун отанг ҳовлига чиқиб, сенинг илиб қўйилган ич кийимингни кўрганида уялганимдан ерга кириб кетаёздим. Бундан буён ич кийимингни биринчи ипга илма, энг охирги қатордаги ипга илиб, устини юпқа газмол билан ёпиб қўй, тагидаги кийиминг кўринмасин! Одоб, ҳаё, ор-номусдан айриладиган бўлсак, имонимиздан ҳам айрилиб қоламиз!” – деган эди. Мен у замонда 12 ёшда эдим. Бу танбеҳни онамдан эшитган онимда уялганимдан ўзимни қўярга жой тополмадим.

Ҳозир ундай одоб-у аҳлоқ қолмаганга ўхшайди. Кеча тоза ҳаво олай деб балконга чиқсам, қаршидаги қўшни ич кийимларини балконига тизиб илиб қўйибди. Мен буни кўриб уялганимдан уйга кириб кетдим. Ҳозир кўпчилик кўчада овқатланишади. Кўз ҳаққи деган нарса ҳам бор. Одамлар бозордан олган нарсаларини ичи кўринадиган ҳарир пакетларда уйига олиб келишади. Бундай ҳаражат қилишга имкони бўлмаган одамлар бор, кўз ҳаққи ўтади, ҳасадгўйлик, бахиллик туғилади. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермайди. Ҳар кимнинг назари тушган бундай таомларда шифо бўлмайди.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Пиширган таомларингизнинг ҳиди билан қўшниларингизни беҳузур қилманг” деганлар. Ҳозирги кунда одамлар таомларининг ҳидини анқитиб, ҳаммага сездириб, атрофидагиларга бемазалик қилишади. Бунга имкони бўлмаганлар, албатта, ранжийди. Кейин “стресс” деб шифокорга югуради. Уйнинг яна бир одоби бор. Энг муҳими ҳам шу бўлса керак. Хонадон ичида бўлаётган хафагарчилик, жанжаллар гап-сўз бўлиб уй остонасидан ташқарига чиқмаслиги керак. Бу ҳам уй одобларидан биридир. Шу сабабли аждодларимизда оиладаги келишмовчиликлар осон ечилган. Севгили Пайғамбаримиз мана шу жанжаллар ҳақида, айниқса уй ичидаги эр-хотин орасидаги жанжалларни ташқарига тарқатишнинг буюк гуноҳ эканлигини такрор-такрор айтган, шундай эмасми, Гулчеҳра?” – дея келинига қаради. Келини уялганидан ерга қараб; “Худди шундай, ойижон” – деб жавоб берди. Невараси бувисига: “Бувижон ҳозир фейсбук, инстаграмм деган нарсалар чиққан. Одамлар борган кафеларда еган таомларини расмга тушириб, минглаган дўстларига кўрсатишади-ку!” – дейди. Бувиси; “Бу қандай ахмоқлик? Одам еган овқатини ҳам мақтанадими?” – дейди. Невараси: “Бувижон кейинчи ҳар бир ҳаракатларини расмга туширади. Сайр қилган жойларини, еган овқатларини, ичган ичимликларини, сотиб олган кийим-кечакларини ҳам расмга тушириб дўстлари билан бўлишади” – дейди. Бувиси; “Вой болам нималар деяпсан? Ундан чиқди қиёмат қойим бошланибди-да” дея кўз ёшларини артди ва давом этди; “Биз эримизнинг ёнида юришга уялар эдик. Кўплаган бева қолган аёллар, эрга чиқолмаган қариқизлар бор. Уларнинг дил яраларига туз босмайлик деб эримиздан бир қадам ортда юрар эдик. Ҳозир эса уруш-жанжаллар ҳам, яхши кўриш ҳам одамларга ошкора ҳолда бўлмоқда. Табиийки сир қолмагандан кейин, адолат ҳам қолмайди. Оиланинг баракаси – катталарни ҳурмат қилишда. Уйнинг одоби - ёпилган пардаларда. Муҳаббатнинг одоби – яширин бўлганида. Кўзнинг одоби – қошу қовоқда. Баданнинг одоби – ўранган, кийинган бўлишда. Ҳаё эса имондандир. Мен сизларга ойим айтиб берган бир ибратли воқеани гапириб бераман. Асли бу бир ҳадиси қудсийдир: “Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломни яратганида, унга Жаброил алайҳиссалом учта совға олиб келади. Илм, уят ва ақл. Аллоҳу таоло унга “Эй Одам! Шу совғалардан бирини танла!” – дейди. Одам алайҳиссалом ақлни танлайди. Жаброил алайҳиссалом уят билан илмга жойларига қайтишларини амр қилади. Уят билан илм айтишадики; ”Биз руҳлар оламида бирга эдик. Бир-биримиздан ҳеч қачон айрилмаймиз. Руҳлар баданга кирганидан кейин ҳам бирга бўламиз. Ақл қаерда бўлса, биз ҳам шу ердамиз” – дейишади. Жаброил алайҳиссалом: “У ҳолда хоҳлаган ўрнингизга боринг” – дея амр қилганида, ақл мияга, илм кўнгилга, уят эса кўзга жойлашади.” Мана шу ҳадиси қудсийда марҳамат қилинганидек уятнинг ўрни кўздадир.Шунинг учун ҳам кўзимизни ёмон нарсалардан эҳтиёт қилиш керак, ҳам кўзга тушадиган нарсаларни назорат қилиш керак” – дейди. Келини: “Тўғри айтасиз, ойижон, биз одоб-аҳлоқимизни йўқотганимиз туфайли ҳар хил қийинчиликларга дучор бўлдик” – деди. Невараси секин қошиқни қўйиб; “Мен овқатимни дадам келгандан кейин ейман!” – дейди. Бувиси айтган гапларининг таъсир қилганини кўриб Аллоҳга шукр қилди.

Туркистон тақвими


Изоҳлар

Adib

31.12.2015 15:53:47
ta'sirli.....
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш