09.09.2019
236

Ўзбекистоннинг 25 йил оламга ёпиқ, тазйиқ ва зўравонликда яшагани этак билан ёпиб бўлмайдиган ҳақиқат.  Каримов давридан кейин енг шимариб ишга киришган Шавкат Мирзиёев йўлида тўғаноқ бўлаётганлар ўша 25 йиллик даврда илдиз отган бюрократлар. “Янги саҳифа очдик” деган Мирзиёев бюрократияга таслим бўладими ё охиригача курашадими? Курашнинг қийин кечиши кўриниб турибди...

Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива...

Мусулмон оламида номлари тилга олинганда одамни энтиктирадиган тарихий шаҳарлар...

Ўзбекистон Каримов даврида ушбу муқаддас меросдан тўғри фойдалана олмади. Каримов “Дунёга чегарасини ёпиб, қаттиққўл” сиёсатни танлади.

Фақат туристлар эмас, балки бутун ислом географияси Каримовдан кейин бу муқаддас қадамжоларни зиёратга умидланди. Янги президент Мирзиёевнинг ишлари шу сабабли қизиқиш билан кузатилмоқда.

Ўз халқига зулм, маҳаллий-хорижий бизнесменларга ноҳақлик қилиш билан донг таратган Ўзбекистон, бу сафар ҳақиқий ўзгариш ясай олармикан?

Янги президент Шавкат Мирзиёев ишга тезда киришди. Дунё билан Ўзбекистон орасидаги қалин деворни қулатиш учун қарорли қадамлар ташлай бошлади. Лекин унга Каримов даври бюрократлари оёқ тирамоқда.

Ўтган кунларда ушбу мавзуни атрофлича ўрганган немис “nex24.news” агентлиги томонларнинг қарашларига ўрин бериб, Ўзбекистоннинг фурсатни яна бой бериш арафасида эканлигига эътибор қаратди.

Замира Фармонова тафсилотли хабарини “Коррупцияни енгиб бўлмаяпти” деб номлади.

Хабар қуйидагича:

“1991 йил Совет Иттифоқи таркибидан чиқиб, мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон 25 йил давомида Ислом Каримов томонидан бошқарилди. Сиёсий ва иқтисодий таҳлилчиларнинг кўпчилигига кўра, бу даврда Ўзбекистон жаҳондан бўлакланиб, ўз ичида аҳолига тазйиқни кучайтирди. 2016 йил сентябрда Каримов ўлимидан кейин декабрда ўтказилган сайловда 13 йил Каримовнинг бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайланди.

Мирзиёев ўлка ичида ва ташқи алоқаларда катта ўзгаришни ваъда қилди. Энг муҳими сўнгги 25 йилнинг энг улкан муаммоси бўлган “коррупция” билан курашмоқчи эди. Президентлик лавозимига ўтириши билан амалга оширган ишлари умид уйғотди. Дунёнинг барча ўлкаларига виза режимини татбиқ қилиб, уни ҳам осонликча бермаган Ўзбекистон, эшикларини оча бошлади. Аввал ҳеч ким “Визасиз Ўзбекистон”ни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса, Мирзиёев уни амалга оширди.

Мирзиёев айни вақтда дунё бизнесини жалб қилиш учун ваъдалар бериб, ватанига инвестиция чақирмоқда. 25 йиллик ўтмиши унчалик порлоқ бўлмаган ўлкага янги инвестиция жалб қилиш учун ишонч уйғотувчи кучли ваъдалар берилиши керак эди.

Мирзиёев “янги саҳифа очдик” деганди. Бу саҳифага ҳамма нарса бошқатдан ва янгича ёзилиши керак эди. Ваъда ўз таъсирини кўрсатди. Маҳаллий ва хорижий бизнесменлар Ўзбекистонга янги режалар билан янги инвестициялар олиб киришни бошлади.

Мирзиёев прежидент бўлгач, Тошкент ҳокими қилиб, бир бизнесменни тайинлади. Бу билан ҳали Ўзбекистонда ҳеч кўрилмаган қадам ташлади. Бу ҳам аслида бизнес оламига берилган позитив сигнал эди. Янги ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қурилишдан соғлиққача, таълимдан ишлаб чиқаришгача ўлкада монополияга эга эди. Бундай бизнесменга ҳокимликнинг берилиши ўлкада ҳам ҳайрат, ҳам мамнуният билан қарши олинди.

Визалар бекор қилингандан кейин туризмда жиддий ҳаракатланиш кузатилди. Меҳмонхона нархлари уч баравар ошиб кетди. Авваллари 50 долларга ҳеч ким олмайдиган хоналар 150 долларга харидор топа бошлади. Туризм мутаҳассисларининг изоҳига кўра, 32 миллионлик ўлка учун мавжуд ётоқ сони 40 минг ва бу жуда кам.”

Фармонова мулоқот қилган асли швейцариялик маслаҳатчи қизиқарли фактлар келтирди:

“Туризм секторининг Ўзбекистонда келажаги катта. Лекин хорижий сармоя олдида эскидан қолган катта тўсиқ бор: Бюрократия лабиринтлари! Эски ва янги кўплаб қонун, сон-саноқсиз қоидалар шунчалик аралаш-қуралашки, Кўпинча бир-бирига зид, қарама-қарши. Ундан ташқари вазирликлардаги мутаҳассислар жуда тез алмашиб туради. Ҳар келганимизда бошқа одамлар билан танишамиз. Масалан, 2 йил ичида туризм раиси 4 марта алмашди. Ҳолбуки Каримов даврида юз берган бемаза тажрибалар ҳали ёдимизда ва барқарорликка эҳтиёжимиз бор. Ҳа, янги президент Мирзиёев ривожланиш сари қадам ташлашни хоҳлаяпти. Лекин бюрократик тузум ўзгармади, айнан эски кучи ва ўрнини ҳимоя қилиб турибди. Коррупция ва порахўрликнинг эса охири кўринадиганга ўхшамайди.”

Фармоновага кўра, журналистга интервью берган инвесторлар ўз исмларини ошкор қилишдан чўчишган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу борада жуда асабий. Хорижда ҳуқуқ бўйича таълим олган, инглиз тилида мукаммал гаплаша оладиган 40 ёшли ўзбек ҳуқуқчисига Фармонова савол берди:

- Нима учун хорижий инвесторлар кириб келмаяпти? Бу борада Ўзбекистоннинг энг катта камчилиги нима?

Ўзбек ҳуқуқчисининг жавоби жуда қизиқ:

- Чунки ўз ишини нолдан бошлаб, кўтарилган афсона бизнесменларимиз йўқ. Муваффақият достонлари, воқеалари йўқ. Бизда порахўр амалдордан бошқа ҳеч ким бой бўла олмаган. Мирзиёев дунёни яхши биладиган раҳбар. Бунақа йўл билан ривожланиб бўлмаслигини билади. Катта ва ижобий ўзгариш қилмоқчи. Визаларни бекор қилганида, эски бюрократлар эътироз билдирди. Террор кириб келади, дейишди. Мирзиёев уларга қулоқ солмади. Жуда тўғри ҳам қилди. Террор эмас, турист кириб келди. Ўлкага жон кирди.

Журналист Фармонова бадавлат бизнесмен ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни тилга олиб “У нолдан бошлаган афсона эмасми?” деб сўради:

- Йўқ, у табиий афсона эмас. У ерда мен сизга тушунтира олмайдиган турли алоқалар бор. Халқимиз буларни билади, лекин айтмайди.

Ҳуқуқчига кўра, 25 йилда лавозимидан фойдаланиб бойиган порахўр амалдорларнинг тинчи бузилган. Улар Мирзиёевни ёқтиришмайди. Унинг муваффақиятини хоҳламай ҳар қадамда тўғаноқ бўлишга уринишмоқда. Шу туфайли президент фармонларининг кўпи ижро этилмаяпти ёки атайлаб қисман ижро этиляпти. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар норози қилиняпти. Бу кетишда ё бу одамлар Мирзиёевга итоат қилади, ё Мирзиёев уларга енгилади. 

“Nex24.news”да баён қилинган бир неча мисолга қарасак, инвесторларга нисбатан ноҳақ татбиқлар ва коррупция ҳали ҳануз давом этмоқда.

Фармонова ҳатто Тошкент, Самарқанд ва Бухоро орасидаги саёҳатларда тезюрар поездга билет олиш учун ҳам пора бериш кераклигини таъкидлаган.

“Nex24.news” ўз хабарини савол билан ниҳоясига етказди: Ҳа, Мирзиёев янги саҳифа очди. Лекин бу янги саҳифага нима ёзилади? Буни билмаймиз, вақт кўрсатади.


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш