09.05.2020
869

“Ҳазрати Марям ҳам Исо алайҳиссаломни дунёга келтиргач, хурмо еди. Агар унга хурмодан фойдалироқ нарса бўлганида Аллоҳу таоло Марямга уни тақдим этарди.” (Ҳадиси шариф)

Хурмо фақат араб ярим оролига хос мева эмас. Тунис, Судан, Ироқ, Эрон, Фаластин ва Ҳиндистон сингари кўп минтақаларда учратиш мумкин. Шумер, Аққад, Бобил матнларида; нақш сифатида Умавий ва Аббосий меъморчилигида; Мамлук, Салжуқий матоларида; Усмоний китоб безаш санъатида қаршимизга чиқади. 

Бир замонлар Басра соҳиллари, айниқса Баҳрайн ва Файлака ороллари (Дилмун минтақаси) ям-яшил хурмозордир, лекин нефть топилгач, бу жойлар чўлга айланди.

Хурмонинг пойтахти Мадина дейилса, ўринлидир. Мунаввар шаҳарнинг машҳур Водий Батхан, водий Ақиқ, водий Ғануна водийлари бор... Ёғингарчиликда Дижла дарёси Фиротдек тўлиб, сўнгра сув пастга сизиб тушарди. Ушбу водийларда ҳар қадамда қудуқ бор. Ер ости сувлари ер юзига яқин. Хурмо буни яхши кўради. Боши офтобда туради, илдизлари эса сувда.

 Аммангиз Хурмо...

“Аллоҳу таоло тупроқни элашни буюрди. Соф ва майин қисмидан ҳазрати Одамни, элакда қолган қисмидан хурмони яратди. Шу сабабли хурмо дарахти аммамиз ҳисобланади.” (Анворун Нумония)

Қуръони каримда меваси "нахил", "самаротун-нахл", "рутаб" деган номлар билан аталади. Дарахти "нахл", "нахла", "лина"...;  хурмо боғи "жаннатун мин нахил"; хурмо ғўласи, ходаси "аъжазу нахл"; хурмо шох-шаббаси, чивиғи "уржун" ва хурмо толаси "масад" деб ишлатилади... Лекин хурмо сўзини ҳеч учратмайсиз. Чунки бу туркийларга оид сўз.

Хом меваларига "хабабук", сал йириклашганига "балах" ва "буср", янги пишганига "рутаб", қуритилиб, шакарланганларига "тамр" дейилади. Хурмо меваси етилиб пишгунча олти даврни бошдан кечиради: талх, хулал, балах, буср, рутаб ва тамр.

"Униб чиқса, иймон этаман"... 

Бир мушрик ўтда чала куйган хурмо шохини олиб келиб “Шуни экинглар-чи, агар кўкариб кетса, иймон келтираман” дейди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) олиб уни экадилар, шох илдиз отиб, мева беради. Бу мевани биз “Ажва” деб атаймиз.

Расулуллоҳ “Барни” хурмосини ҳам мақтар, ёқтириб тановвул қилардилар.

Хурмонинг мабрум, сафавий, худри, суккария, маджул, сугаи, анбар, тадут, сафран, асқу Зайд, сайхония сингари 150 тури маълум.

Баъзилари ҳиди кучли, баъзилари сақичсимон, айримлари ширини кам... Лекин ҳаммаси толали бўлиб, парҳез раҳбарларининг воз кечмас тавсияларидан.

Онасининг эркаси... 

Хурмо билан бир тупроқданмиз, лекин бошқа ўхшашликларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, хурмонинг ҳам эркак-урғочиси бўлади ва ниҳоллар она гавдасидан ажралиб чиқади. Хурмо қаламчалари гўёки кесареводек ажратиб олиниб, онаси билан алоқада бўла оладиган масофага экилади. Узоққа олиб бориб ўтқазсангиз, қуриб қолади.

Данаги бир тувакка экилса, униб чиқади. Лекин дарахт бўлмайди. Онасига эркалик қилиши шарт.

Хурмо илк ҳосилни 5-6 ёшида беради. Худди инсондек 14-15 ёшида балоғатга етади. Бўйи чўзилиб, ранги-рўйи очилиб, ғуж-ғуж мевалар билан безанади.

Сарвари олам хурмо дарахтини мўминга қиёслайдилар. Қирқдан кейин қаришни бошлайди ва 65 ёшда ҳаёт билан видолашади.

Боши танасидан жудо қилинган одам ўлганидек, хурмо дарахтининг ҳам учи (жуммор) кесилса, қуриб қолади. Бу қисм сарғишроқ бўлиб, ингичка попукчалар орасида яширинади. Бошқа шохларни буташингиз мумкин, лекин уни асло! 

Ана шу куртакдан олинган сут (хурмо суви) жуда қийматлидир. Урғочи дарахтлар нозик гавдалидир, сочларини аёллардек ёйиб олади. Эркаклари эса тик ва гавдаси йирик бўлади. Бўйлари 10 метрдан ошади. Баъзан ғовлаб, 35 метргача етади.

Хурмолар ҳис қилади, нозик табиатлидир, соғинади, ёқтиради, аразлайди. Маржон қанақасига на тош, на ўсимлик бўлса, хурмо ҳам ўсимликдан зиёда наботот билан ҳайвонот орасидадир...

Ҳосил августда...

Эркак ва урғочи хурмолар февралда гуллайди. Эркагининг чангларини урғочисига олиб бормасангиз мева бўлмайди. (Ариларга раҳмат). Июндан бошлаб ёш хурмо, июль ва августда эса қуруқ хурмо ҳосили олинади. Ҳар туп ўртача 80-90 кг ҳосил беради, баъзилари 200 кгдан ҳам ошади.

Барча мевалар чириши мумкин, лекин хурмо қатъиян бузилмайди. Тўғри эзилиши, қуртлаши мумкин. Лекин асло ачиб-сасимайди. Пайғамбаримиз аввалги йиллардан қолган хурмоларни очиб, ичига қурт тушмаганми деб қарардилар. 

Хурмода эҳтиёжимизга зарур бўлган минераллар, витаминлар, протеин, ёғ, шакар барчаси бор. Фақат помидор-бодринг ёки олма-ўрик билан ҳаёт кечиришнинг иложи йўқ, лекин биргина хурмо билан сув ичиб бемалол яшаш мумкин.

Ойша волидамиздан сўрашади:“Қорнингизни нима билан тўйдирдингиз?”

- Кўпинча сут ва хурмо билан.- деб жавоб берадилар.

Хурмо еб семириш ҳам мумкин, озиш ҳам. Ширинликка ўч бўлганлар хуморларини хурмо билан боса олади. Мадиналиклар меҳмонларига хурмо эзмаси ва хурмо шинниси икром қилишади. 

Она-болага...  

Хурмо мушакларни юмшатади ва ишга солади, натижада туғишни ҳам осонлаштиради. Қонашни тўхтатади, санчиқларни камайтиради, сутни орттиради.

Пайғамбаримиз кўзи ёриган жувонларга хурмо егизишни тавсия қилардилар. “Хурмо еган оналарнинг фарзандлари ҳалим (яхши ахлоқли) бўлади” деб марҳамат қилардилар. Саҳобаи киром янги туғилган гўдакларини Пайғамбаримизнинг қучоқларига беришарди. Сарвари олам, уларга дуолар ўқиб, хурмо чайнаб, суви билан томоқларини сипалардилар.

“Аммангиз бўлмиш хурмога ҳурмат кўрсатинг. Чунки у отангиз Одамдан ортиб қолган лойдан яратилган. Дарахтлардан ҳеч бири Аллоҳ наздида Имрон қизи Марямнинг остида кўзи ёриган дарахтдан хайрли эмас.” (Абу Яъло – Рамузул аҳодис)

Сарваримиз бетоб бўлган Саъд бин Ваққосни табиб Хорис бин Каладага юбориб, унга фариқа (хурмо эзмаси, сут ва ёғ билан пишган бир таом) едиришини буюрганлар. Хурмо етилиб келаётган организм учун мисли даводир. 

Масжиди Набавийнинг ва хонаи саодатнинг қурилишида хурмо ходалари ишлатилади, шип хурмо япроқлари билан ёпилади. Саҳоба уйларида хурмо тасмаларидан тўқилган шолчалар, саватлар бўларди, тўшаклари хурмо толалари билан тўлдириларди, толларидан ҳасса ясардилар. Котиблар Мусҳофи шарифларни ингичка хурмо чивиғи (асб, усуб) билан битарди.

Бўлди йиғлама...

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваъз берганларида, хутба ўқиганларида доим бир хурмодан қилинган (Ҳаннона деган) устунга суянардилар.  Лекин устун ортида қолган мўминлар муборак юзларини кўра олмай, маҳзун бўлишарди. Масжидга бир минбар ясашни таклиф қилишади, маъқул кўрилади. Сарвари коинот янги минбардаги биринчи хутбаларига чиққанларида Ҳаннона ўксиб йиғлай бошлайди. Масжиддаги катта-кичик ҳамма саҳобалар бу фарёдни эшитиб, ҳайратланади. 

Аллоҳнинг ҳабиби (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбардан тушиб, устунни муборак қўллари билан силаб, сўрайдилар: “Нега йиғлаяпсан?”

Хурмо устуни тилга келади: Авваллари масжиддаги энг бахтиёр, энг толеъли устун мен эдим, ҳозир эса энг ғам-ғуссага ботганиман. Сизнинг ҳасратингизга қандай чидайман, ё Расулаллоҳ?


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш