15.05.2020
109

Туркистон вилоятида ва Чимкент шаҳрида кенг миқёсда сув босиши рўй берди. Мўл ёғингарчилик сабабли маҳаллий сой ва каналлар ўзанидан чиқиб, тошди.

Натижада Чимкентда бутун бир микрорайон эвакуация қилинди. Ўнлаб ҳовлилар сув остида қолди. 300 киши хавфсиз жойга кўчирилди. Шаҳар ҳокими хавфни олдиндан хабар бера олмаган раҳбарларни жазолашга кўрсатма берди.

Туркистон вилоятида учта поселка аҳолиси эвакуация қилинди. Қўшни поселкалар ҳам хавф остида. Синоптиклар яқин кунларда яна мўл ёғингарчилик бўлишини тахмин қилмоқда.

Туркистон вилоятида қаттиқ ёмғир ўтган кун бошланиб, деярли бир сутка давом этди. Бу вақт ичида бир ойлик ёғингарчилик нормаси ёғди. Натижада Тўлеби туманидаги Қасқасув дарёси қирғоқдан тошиб, қишлоқларни боса бошлади.

Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Қалқаманов “Афсуски, Ленгер шаҳрида ва Тўлеби туманида юзлаб ҳовлилар сув остида қолди. Бундан ташқари Тўлеби туманида 4 та уй ҳам сув остида қолган. Сув 10 смдан юқори даражада. 8 бош қорамол ўлди. Ҳозир бу жойда 150 дан ортиқ одам иш олиб бормоқда. Учта поселка аҳолиси эвакуация қилинган” деди.

Яна Қазиғурт ва Байдибек туманларида ҳам сув босиш ҳолати юз берди. 522 та турар жой ҳовлиси сув остида қолиб, 258 киши эвакуация қилинди. Вилоятда махсус штаб ташкилланиб, маҳаллий даражада фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Арис дарёсида ҳам сув сатҳи кўтарилиб кетди. Сув кўприкни ювиб кетиб, Арис-Чимкент йўналишидаги трасса бекитилди. Мегаполиснинг ўзи ҳам зарар кўрди. Тўлеби туманидан Елтай микрорайонига сув кириб келди. Маҳаллий аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга тўғри келди. 300 га яқин киши қариндошлариникига кетди, 6 киши эса эвакуация пунктида қолди. 


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш