29.12.2020
47

Ўзбекистонда “Artel” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маиший техника ва электроника маҳсулотлари нафақат республика ички бозорида, балки ташқи бозордаги кучли рақобат шароитига қарамасдан ўз ўрни ҳамда истеъмолчисига эга.

Жумладан, Қозоғистон Республикаси Artel компаниясининг экспорт географиясида стратегик жиҳатдан муҳим ўринга эга давлат ҳисобланади. Ушбу давлатга экспорт миқдори 2019 йилда 21 млн доллар, 2020 йилда 31 млн долларни ташкил қилиб, компания экспорт кўрсаткичининг 30 фоизини ташкил қилади.

Ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида, жорий йилнинг 22 декабрида Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳокимлиги таклифига асосан маҳсулотлар экспортини ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Artel компанияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Туркистон вилоятида хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида Туркистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Меиржан Мирзалиев билан учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

Artel вакиллари томонидан 2021-2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган, умумий қиймати 85 млн долларлик, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 минг дона газ плиталар, 1 млн дона электр сув иситкичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Ҳокимият вакиллари ўз навбатида, Қозоғистон Республикасида лойиҳани амалга ошириш учун имтиёзли шартларда маблағлар, ер ажратиш ҳамда солиқ тўловлари бўйича тушунтиришлар берилди. Лойиҳани амалга оширишга «Turkistan Invest» ҳудудий агентлиги ёрдамида лойиҳа қийматини тўлиқ миқдорида Қозоғистон Республикасининг тижорат банклари томонидан имтиёзли шартлар асосида ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилиши келишиб олинди.

Бугунги кунда, Artel маҳсулотлари Қозоғистон Республикасининг йирик электротехника маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи «Sulpak» савдо дўконлари ҳамда «Technodom» интернет савдо дўконлари орқали сотилмоқда.

Artel савдо белгиси остида маҳсулотларни ишлаб чиқариш заводларининг Қозоғистон Республикасида ташкил қилиниши Қозоғистон Республикасида давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмидан унумли фойдаланишга ва ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган эҳтиёт қисмларни республикамиздан экспорт қилиш натижасида экспорт кўрсаткичларини ошириш ва Россия Федерацияси бозорларига янада фаол кириб бориш имкониятини беради.

kun.uz дан олдинди.


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш