20.02.2021
77

Ердаги илк космодром қандай қурилган? Нима учун бунга айнан Қозоғистон танланган?

1957 йил 4 октябрь. Бойқўнғир деган жойдан (русча талаффузда БАЙКАНУР) №1 старт майдончасидан орбитага Ернинг биринчи сунъий йўлдоши учирилди. Бу воқеа инсоният учун космик эранинг бошланиши бўлди. 60 йилдан ортиқ эксплуатация даврида 638 та космик кемалар парвоз қилди.

1946 йил. Иккинчи жаҳон урушидан ҳали ўзини тиклаб олмай туриб, совет иттифоқи АҚШ билан ядровий қуроллар мусобақасига киришиб кетади. СССР га ядро зарядини душман ҳудудига етказиб берадиган тизимни ишлаб чиқиш лозим эди. Сергей Королёв тарафидан ишлаб чиқилган Р-7 континентлараро баллистик ракетаси 8000 дан 11000 кмгача учиб бориши керак эди. Лекин ишлар якунланиб қолганида Астрахан вилоятидаги Капустин Яр полигонининг синов учун керакли майдонга эга эмаслиги маълум бўлди.

Полигон учун бир нечта вариантлар кўриб чиқилди. Булар: Мари АССР, Каспий денгизининг ғарбий соҳили ва Қизилқум чўли. Лекин Қозоғистоннинг кимсасиз ҳудуди полигон учун жуда мос келди.

Тўратом темир йўл станциясининг яқинлиги қурилиш материаллари, кейинчалик ракета қисмларини осон етказишга имкон берарди. Лекин қурилишни бегона кўзлардан яшириш учун поездлар қатнов жадвалини ўзгартиришга тўғри келди.

1955 йил январь. Генерал-майор Георгий Шубниковни зудлик билан Москвага чақиришди. Уни аэропортдан тўғри партия марказий қўмитасига олиб боришди. У ерда унга давлат аҳамиятидаги топшириқ – Қозоғистон чўлидаги махфий қурилишга бошчилик қилишни топширишди. Шубников Улуғ ватан уруши даврида ҳам оғир шароитларда муҳандислик-қурилиш ишларида мутахассис эканлигини кўрсатганди.

Тўратом станциясига ҳарбий қурувчилар 1955 йил январь ойида етиб келиб, чўлнинг шиддатли иқлимини ўз таналарида синаб кўришди. Бу ерда қиш вақтида ҳаво ҳарорати -40 даражагача тушиб, ер бир ярим метргача музларди.

№5 полигон қурилиши мутлақо махфий равишда олиб борилди. Ҳатто қурувчилар ҳам бу ерда улкан стадион қуряпмиз деб ўйлашарди.

Эҳтимолий душманларни чалғитиш мақсадида Бойқўнғир яқинида яна битта қалбаки полигон қурилди. Ёғочдан ишланган старт мажмуаси ва ракеталар баландликдан қаралганда худди ҳақиқийдек кўринарди.

Полигоннинг қурилиш майдони 7000 кмни ташкил этарди. Қурилишда энг катта қийинчилик старт майдончасининг котлованини қазишда бўлди. 1,5-2 метрдан чуқурликдан кейин қаттиқ қатлам чиқди. Ундан ўтиш учун баъзи жойларини бурғулаб, динамитлар ёрдамида портлатишга тўғри келди. Чуқурлик 35 метрга етганида қурувчилар улкан гулхан қолдиғига дуч келишди. Ёнган ғўла қолдиқлари Москвага текшириш учун юборилди. Текширувлар натижасида топилма камида 10 минг ёшда эканлиги аниқланди.

Бу ҳақда Королёв хабар топганида у жуда ҳам хурсанд бўлди. Королёв буни яхшилик аломати деб ўйлади. Орадан кўп ўтмай қурувчиларни нохуш янгилик кутиб тургани маълум бўлди.

Белгиланган чуқурликка 10 метр қолганида ер ости сувлари чиқа бошлади. Қурилишни бошқа участкадан бошлайдиган бўлса стратегик муҳим объект топширилиши камида бир йилга чўзилиши мумкин эди. Лекин генерал-майор Шубников сув кўзларини махсус услубда бетонлашни таклиф қилиб, ушбу вазиятдан қутқариб қолди.

1957 йил 5 майМахсус комиссия махфий полигоннинг биринчи старт мажмуасини қабул қилиб олди. 6 май куни эса Р-7 ракетаси старт учун ўрнатилди.

Континентлараро баллистик ракетанинг биринчи старти 15 майда бўлиб, муваффақиятсиз якунланди. Ракета 600 метр учганидан кейин қулаб тушди. Кейинги иккита старт ҳам омадсиз бўлди. Конструкция қайта ишлангандан кейин тўртинчи стартни ўтказишга қарор қилинди.

1957 йил 21 август куни ракета парвоз режасини тўлиқ бажариб, муваффақиятли якунланди. Дастлаб №1 старт майдончаси континентлараро баллистик ракеталарнинг 5 та синов старти учун мўлжалланганди. Лекин старт мажмуаси жуда сифатли қурилгани учун яна юзлаб стартларни амалга ошириши мумкин эди.

Шунда Королёв космосни тинч йўлларда ўзлаштиришга қайтиш ҳақида ўйлай бошлади. Шу тариқа ҳарбий полигон космодромга айланди.

1957 йил 4 октябрь. Биринчи сунъий йўлдош орбитага чиқарилди. Энди кейинги мақсад Ой юзасига қўниш эди.

1959 йил 2 январь“Луна-1” автоматик планеталараро станцияси Ой яқинига борди, лекин юзасига қўна олмади. Ярим йиллик қайта ишловлардан кейин янги синовлар бошланди. Лекин 4 та уриниш муваффақиятсиз якунланди. Фақат 1959 йил 14 сентябрга келиб, “Луна-2” станцияси Ой юзасига қўна олди.

1961 йил 3 аперль куни КПСС марказий қўмитаси йиғилишида биринчи инсонни космосга юбориш бўйича тарихий қарор қабул қилинди.

Космонавтлар полигонга етиб келганида уларнинг олдига ҳеч ким қўйилмади. Ҳайвонларни космосга учириш бўйича ҳалокатли синовлар сир сақланди.

1961 йил 12 апрель. Бортида космонавт Юрий Гагарин бўлган “Восток-1” космик кемаси соат 09:07 да парвоз қилди. Инсонни космосга муваффақиятли чиқаришга эришган Совет иттифоқига ғарб давлатлари томонидан қизиқиш ортди. Бойқўнғир нафақат СССРнинг ҳарбий ва космик соҳаси маркази, балки мамлакатнинг ташриф қоғозига айланди.

70-йиллар охирида старт майдончасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 1983 йил 26 сентябрь. “Союз Т-10-1” парвози учун ҳамма нарса тайёр. Космик кема “Салют-7” орбитал станцияга экспедицияни етказиш керак эди. Лекин стартга 48 секунд қолганида ракетанинг ёқилғиси ёниб кетади. Космонавтлар Владимир Титов ва Геннадий Стрекалов омон қолади. Ёнғинни ўчиришганида старт майдончаси кулга айланганди.

Ярим йилда №1 старт майдончаси қайта қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Яна янги парвозлар бошланди.

СССР парчалангандан кейин Бойқўнғир руслар учун чет давлат – Қозоғистон ҳудудида қолди.

1994 йилга келиб космодром Бойқўнғир шаҳри билан бирга Россияга ижарага берилди. Космодром яна жонланди.

Бойқўнғир бугунги кунгача дунёдаги энг улкан космодром бўлиб қолмоқда. 


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш