“Реал”да Зидан мураббий этиб тайинланди


  • 5 Январь, 2016
  • 1137

“Реал” президенти Флорентино Перес жамоа бош мураббийи Рафаэль Бенитес ўз лавозимини тарк этгани ҳақида расман маълум қилди. Бу ҳақда жамоа сайтида хабар берилган.

Кутилганидек, унинг ўрнига мадридликлар жамоасининг ўринбосарлари бўлмиш “Кастилья” жамоасида ишлаб келган франциялик собиқ футболчи Зинедин Зидан тайинланган. Зидан мавсум сўнгигача жамоани бошқариб туриши айтилган.

Маълумот учун, Рафаэль Бенитес 2015 йилнинг ёзида Карло Анчелотти ўрнига олиб келинганди. У “Реал” билан жорий мавсумнинг биринчи ярмида 18 турда 37 очко тўплади ва жамоа ҳозирда учинчи ўринда қолмоқда.

Бенитес билан 3 йиллик шартнома тузилганди. Унга шартноманинг бир томонлама тузилгани учун қанча миқдорда товон пули тўланиши ҳақида маълумот йўқ.

3 январь куни “Реал” жамоаси “Валенсия” майдонидан дуранг билан қайтди. Қолаверса, чемпионатдаги асосий рақиблар билан учрашувларда қониқарсиз натижалар қайд этилди. “Барселона”га қарши “эл класико” баҳсида 0:4 ҳисобидаги мағлубият, “Атлетико” билан “Мадрид дербиси”да эса 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.

Маълумот учун, Зинедин Зидан 2001 йилдан 2006 йилгача “Қироллик клуби” сафида ўйнаган ва жамоа билан Испания чемпионлиги, ЕЧЛ кубоги ва УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлганди. У футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин “Реал”да Флорентино Переснинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, 2012 йилдан бошлаб жамоа академиясида иш бошлаганди.

Флорентина Перес бу ҳақида матбуот анжуманида шундай деди: “Клуб раҳбарияти Бенитеснинг истеъфоси бўйича мураккаб қарорни қабул қилди. Биз унинг хизматларини қадрлаймиз. Жамоа директорлар кенгаши унинг ўрнига бош мураббий сифатида Зинедин Зиданни тайинлаш бўйича қарор қабул қилди. У бу ишга киришиш учун тайёр. Мен фахр билан айтаманки, унинг учун “имконсиз” сўзи йўқ.

Зидан, бу сенинг стадионинг, “Реал” мухлислари сени қўллаб-қувватлашда давом этишади. Сен энди “Реал”нинг янги бош мураббийисан.”


Бошқа мақолалар