- 2024-03-07
Словения бош вазири Янез Янша парламентда Ғазодаги геноцидни оқлаш ва Исроилга кўмаклашишни
ҳимоя қилишга уринаётганда можароли манипуляцияга қўл урди. Қўлидаги суратни "Суданда қатл этилган христианлар" дея тақдим этган Янша кўрсатаётган кадр аслида Ғазода олингани маълум бўлди. Ғазодаги инсоният фожиасини истамаган ҳолда тасдиқлаган бош вазирга мухолифат "Исроилнинг ҳамтовоғи" деб мурожаат қилиб, узр сўрашга чақирди.
Словения бош вазири Янез Янша кеча парламентда Словения ҳукуматини Ғазо масаласида Исроилни ҳаддан ташқари қўллаб-қувватлаётганликда айблаган мухолифатнинг танқидларини қайтаришга уринаётганда можароли манипуляцияга қўл урди.
Ғазода содир бўлаётганлар "геноцид" эмаслигини ҳимоя қилиш ва христианларнинг ўлими эътиборсиз қолдирилаётганини даъво қилмоқчи бўлиб, қўлидаги суратни "Бу ер Судан, мурдалар уюми бор. Ғазода кўрганларингиздан анча кўп. Мана ўлдирилган христианлар" тарзида тасвирлаган Янша ўз даъвосининг қурбонига айланди.
Сурат Ғазода ишлаган британиялик денгиз пиёдаси Дэвид Макинтош томонидан тарқатилгани маълум бўлди. 2025 йил август ва октябрь ойлари оралиғида Ғазода инсонпарварлик ёрдами фаолиятида иштирок этган Макинтош сурат Ғазодаги ёрдам пунктларида олинганини ва қўрқувга таслим бўлишни рад этиб, оилаларининг оч қолишига йўл қўймаган фаластинликлар ҳақида ёзган эди. Макинтош Исроил армиясини эса ёрдам пунктлари атрофида тинч аҳолига ва уларга ўт отишда айблаган эди.
Воқеаларга муносабат билдирган асосий мухолифат партияси — "Озодлик ҳаракати" етакчиси Роберт Голоб: "Сўз тугаган жойдамиз. Яна қанчалик пастга тушишимиз мумкин. Парламентимиз шундай инсониятга зид киноя саҳнасига айланди", дея фикр билдирди.
Голоб Яншага узр сўраш чақириғини йўллади. Сўл партия матбуот баёнотида содир бўлган воқеаларни "фиаско" деб атаб, бош вазирни "Исроилга ҳамтовоқлик"да айблади.
Европа парламенти аъзоси Матяж Немец Яншага қаратилган очиқ хат эълон қилиб, Яншанинг Ғазода халқаро ҳуқуққа кўра геноцид содир этилмагани ҳақидаги баёнотларини танқид қилди. Немец ҳукуматнинг Исроил билан дўстлигини Словениянинг бўйнига осилган "шармандалик" ва "хорлик" деб атади.
8 Март институти директори Ника Ковач қуйидагиларни қайд этди: "Кеча ғаройиб бир нарса содир бўлди. Янез Янша ўз нутқида Ғазода оч қолдирилган одамларнинг суратини кўрсатди. Сурат юракни эзади. У Ғазода инсонпарварлик ёрдами ололмаётган ва ёрдам кутаётган одамларни кўрсатмоқда. Бу одамлар геноцидчилар қабул қилган қарорлар сабабли оч қолдирилмоқда. Янша бунинг Суданда олинган сурат эканлигини даъво қилди. У суратни кўрсатар экан, аслида булар ахлоқан нотўғри ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини тан олган бўлди. У буни сурат Ғазода олинганини билмагани учун қилди. Агар билганида, буни эҳтимол инкор этган бўлар эди".
Яншанинг парламентдаги тасвирларини бўлишган Ковач: "Бу давлатимиз қўлга олинганини англатади. Ҳукуматимиз Нетаняҳу ҳукумати билан кўр-кўрона ҳамкорлик қилаётганини билдиради. Ҳокимиятимиз ҳарбий жиноятларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади", деди.