Россия ва Туркия ўртасидаги 103 йиллик сир


  • 7 Октябрь, 2026
  • 15

Россиянинг тахминан бир аср олдин кемирувчилар босқинига қарши Туркияга мурожаат қилгани маълум бўлди. 1923 йилга оид газета архивига кўра, портлар ва ғалла омборларини босиб олган кемирувчилар билан курашиш мақсадидаги рус савдогарлари Эрзурум, Қарс ва Сариқамишдан 10 мингта мушук сотиб олишни истаган.

Эрзурум ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг ўтмишини эски газета, фотосурат, китоб ва архив ёзувларидан ўрганиб чиққан ёзувчи Танер Ўздемир 103 йил олдинги ғайриоддий хабарни юзага чиқарди.

Сариқамишда чоп этилган "Варлик" газетасининг 1923 йил 9 августдаги 171-сонида Россиянинг Туркиядан минглаб мушук сотиб олишни истаганига оид хабар ўрин олгани маълум бўлди.

"Россия 10 000 та мушук сотиб олмоқда" сарлавҳаси билан чоп этилган хабарга кўра, Россияда авж олган кемирувчилар босқини сабабли махсус комиссия тузилган, комиссияга нақ 10 мингта мушук етказиб бериш вазифаси топширилган эди.

Ўздемирнинг сўзларига кўра, Россия ўша даврдаги сиёсий ва ижтимоий чайқалишлар пайтида, айниқса Қора денгиз ва Каспий денгизи соҳилларидаги портлар ва омборларда кемирувчилар билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келган эди.

Кемирувчилар омборларда сақланаётган маҳсулотларга зарар етказгани, мамлакатда ҳукм сурган очлик ҳам муаммони янада жиддийлаштиргани таъкидланди.

Ўздемир ўша давр шароитларини тасвирлар экан: "Кемирувчилар ҳар қандай молни кемираётган эди ва шу билан бирга кенг кўламли очлик ҳам бор эди. Бунга жавобан Россия комиссия тузишга қарор қилди ва комиссияга 10 000 та мушук етказиб бериш вазифасини топширди", деди.

Рус савдогарлари олдидаги энг катта муаммо эса бунча кўп мушук қаердан топилиши эди. Қидирувлар якунида назар Туркиянинг шарқига қаратилди.

Ўздемир шундай деди: "Рус савдогарлари ўз-ўзларича 'Бу мушукларни қаердан топишимиз мумкин?' дея сўрай бошладилар. Ва бу қидирув уларни Эрзурум, Қарс ва Сариқамишга олиб борди".

Руссларнинг айнан шу ҳудудлардаги мушукларни сўрашининг ортида эса иқлим шароитлари ва овчилик хусусиятлари ётгани қайд этилди.

Ўздемирнинг фикрича, Эрзурум, Қарс ва Сариқамишдаги мушуклар совуқ қиш шароитларига чидамлилиги ва кучли овчилик инстинктлари туфайли русларнинг эътиборини тортган.

"Эрзурум мушуклари совуқ ҳавога қарши чидамли бўлиб, кучли ов қилиш қобилиятига эга", деган Ўздемир кемирувчилар босқини қисқа вақт ичида назорат остига олиниши учун ҳудуддаги мушуклар муносиб деб топилганини тушунтирди.

Россиядан келган ғайриоддий талаб маҳаллий аҳоли орасида ҳам қисқа вақт ичида тарқалгани билдирилди. Минглаб мушукларнинг сотиб олиниши ҳақидаги хабар Эрзурум ва Қарс атрофида янги даромад манбаи сифатида қаралa бошлагани қайд этилди.

Ўздемир: "Бу ҳолат ҳудуддаги одамларда бу муҳим даромад манбаи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тушунчани келтириб чиқарди. Ҳатто, айниқса Эрзурум ва Қарс атрофидаги одамлар мушук овига чиқа бошлаганини ҳам айтишингиз мумкин", деди.

103 йиллик ҳикоянинг энг катта сири эса русларнинг талаби қай даражада қондирилганидир.

Мушуклар учун қанча пул таклиф қилингани ва 10 минг мушукнинг бари тўлиқ тўпланиб, Россияга олиб кетилгани ёки йўқлиги ҳақида ҳали аниқ архив маълумоти топилмаган.

Ўздемир воқеанинг тафсилотларини юзага чиқариш учун архив тадқиқотлари давом этаётганини айтди.


Бошқа мақолалар