Кетиб борадир


  • 17 Февраль, 2012
  • 1723

Дунёга эътимод этманг ёронлар,

Кимга келиб, кимдан кетиб борадир.

Мисоли Искандар шоҳлик сурганлар

Бир-бир навбат ила ўтиб борадир.

Бировни бой этар, бировни гадой.

Не қилса, эрки бор ул қодир Худой,

Бировнинг муродин берубон ҳой-ҳой,

Биров ғам шаробин ичиб борадир.

Бировга берибди қайғу-ғам, заҳмат,

Умрида бир он ҳам кўрмади раҳмат,

Бировга қилибди номардни улфат,

Онинг умри “оҳ!” деб, ўтиб борадир.

Бировнинг бошида кўпдур душмани,

Қайғу-меҳнат бирла чиқадир жони,

Бир яхшига дуч қилибди ёмонни,

Ноилож дунёдан ўтиб борадир.

Кимлари йиғлайдир, мақсадин топмай,

Нечалар оҳ урар, оғзини ёпмай,

Бир асов байроқни оладир, чопмай,

Бир бедов кезмакда қайтиб борадир.

Дунё учун чекма қайғу-андиша.

Сабр эт балосига, рози қилмиша,

Йиғлабон ғам бирла юрма ҳамиша,

Ажал қўли ёқанг тутиб борадир.

Махдумқули айтар, элга насиҳат,

Худога қул бўлинг, расулга уммат,

Билсангиз, дунёнинг ҳаммаси ҳасрат,

Ҳасрат бирла бир-бир кетиб борадир.


Бошқа мақолалар

  • 2012-02-18
Қолдиму?
  • 2012-02-18
Топмадим