Носир Фозилов


  • 17 Февраль, 2012
  • 3227

Ёзувчи Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли  Туркистон туманининг Қорачиқ қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. У Туркистонда ўрта мактабни тугатгач, 1949—1954 йиллар давомида Ўрта Осиё дорилфунунининг филология факультетида таълим олди.

Дорилфунунни тугатгандан сўнг, 1955 йилдан бошлаб «Гулхан» журналида адабий ходим, масъул котиб, «Ёш гвардия» нашриётида бўлим мудири (1960—1963), 1963 йилдан эса «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, сўнгра проза бўлимининг мудири, масъул котиб (1970—1972) сифатида фаолият кўрсатди. Ёзувчи ва ношир Носир Фозилов 1972—1980 ва 1984— 1986 йиллар давомида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида катта муҳаррир ва проза бўлимининг мудири сифатида ишлаб келди. 1986 йилдан буён «Шарқ юлдузи» журналининг масъул котибидир.

1985 йилда унинг «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилди. 1986 йилда эса қозоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржимаси борасидаги фаоллиги учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси Бейимбет Майлин номидаги мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, унга 1990 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони ҳамда 1991 йилда «Устозлар даврасида» асари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган.


Бошқа мақолалар