Жавоби чайналган савол


  • 18 Февраль, 2012
  • 1674

(Аёлларнинг ишлашига нима дейсиз?..)

 Одам боласи яралибдики ҳар доим нима биландир банд бўлган. Ана шу бандликни одамлар “иш” деб аташади. Аниқ-ки ишлар истакларга қараб танланади (истак бу “ният” демакдир). Аслида ким қандай хоҳласа шундай яшайди, шундай ишлайди. Агар кимки бундай қила олмаётган экан, демак у ҳали бунга тайёр эмас. Агар у тайёр бўлганида эди, албатта атрофдагилар ҳам ўз-ўзидан уни қўллаб-қувватлашган бўлар эдилар.

 Бразилиялик таниқли ёзувчи Поэло Коэлонинг “Алкимёгар” асарида тахминан шундай фикр билдирилади: “Агар сен бирор нарсани чин дилдан истар экансан, бутун олам сенинг бу истагингни амалга оширишга ёрдам беради”. Нимадир амалга ошмаяптими, истаганингиздек ҳаёт кечира олмаяпсизми ва ёки сизга ишониб ўз хоҳишингизга қўйиб беришмаяпдими, демак қаердадир хато кетаяпсиз, камчиликка йўл қўйяпсиз. Инсон севганларини хатолари билан кўчага чиқариб қўядими? Хатолар кечирилмайдиган бу ҳаёт чиғириқлари гирдобига отадими? Албатта, йўқ!

 Бугун биз демократия замонида яшапмиз. Ҳар кимнинг танлаш ҳуқуқи ўзида. Биз учун бошқалар танламайди, биз учун бошқалар яшамайди. Агар сиз ўзингизни бу улкан оқимда оёқ ости бўлиб кетмайман, билдирилган ишончни оқлайман, юзларни “қаро” қилмайман деб ишонсангиз, марҳамат… Ҳеч ким сизга қаршилик қилмас. Аммо, ёдингиздан кўтарилмасин-ки сиз энг аввалида аёлсиз, онасиз. Ҳақиқий аёллик, ҳақиқий оналик бу улкан шараф, улкан вазифа. Бу улкан вазифани уддалаган, уддалаётган аёллар борки ҳеч кимнинг уларга қарши чиқишга ҳаққи йўқ, илло эркагидан бошқа. Агар бир эркак аёлининг ишлашини истамас экан, бу уларнинг шахсий масалалари. Бу масалага ўша оила яқинларидан бошқаларнинг аралашишга ҳақлари йўқ.

 Аввал бошида шарқ аёллари отларнинг устида, ўзлари учун хозирланган соябонлар остида, латофат билан ўтиришарди. Кейин қаердандир “Эр-хотин қўш ҳўкиз” дедилар-да, аёлларни соябонлар остидан олиб, устларига алламбалолар кийгизиб, эркакона нусха бериб, бўйинларига омоч илиб, эрларининг ёнига, далага ҳайдадилар. Ҳали хануз “далада”лар!..

 Мен бу билан аёл уйда ўтирсин демоқчи эмасман, асло. Ўрним деб билган ерида кўкараверсин. Фақат ишлаб “топган”ларидан, ишлаб “йўқотган”лари кўпроқ бўлмаса бўлди. Зеро одам боласининг йўқотишларга у қадар ҳуши йўқ.

 Абдукарим МИРЗАЕВ

 манба: www.hamroz.uz


Бошқа мақолалар