- 2017-05-06
Ёхуд салкам 2000 йилдирки, қиёмат қойим "орқага сурилиб” келмоқда
Дунёнинг охири борми? Ер юзида ҳаёт қачон тугайди? Рўзи маҳшар яқинми? Бу каби саволлар асрлар бўйи инсониятни қизиқтириб келган. Ўтмишда бу кунни ҳатто аниқ санасигача айтиб берган "башоратчилар” ўтган. Аммо, "Сўнгги кун” мана бир неча асрдирки, "орқага сурилиб” келмоқда.
Майялар ёлғон гапирганми?
Анча илгари Майя халқининг қадимий тақвими бўйича Ер юзидаги ҳаётнинг 2012 йил 21 декабрида ўз ниҳоясига етиши ҳақидаги башорат кўпчиликни саросимага солганди. Ҳатто бу ҳақда 2009 йилда америкалик кинорежиссёр Роланд Эммериз фонтастик триллер суратга олган.
Хўш, нима учун кўпчилик бирданига майяларнинг қадимий тақвимига ёпишиб олишди экан? Гап шундаки, Шимолий Америка ҳудудида европаликлар келгунига қадар яшаб келган, қадимий маданиятга эга бўлган майя қабиласи вакиллари тузган тақвим айнан шу санада – 2012 йил 21 декабрда тугайди. Майя календарини гринвич вақти бўйичи Григориан ҳисобига айлантириш натижасида айнан шу сана келиб чиққан.
Яқинда Калифорния университети профессори Жерардо Алдана ушбу тақвимни пухта ўрганиб, уни григориан календарига ўгириш асносида чалкашликларга йўл қўйилганини аниқлади. Демак, қиёмат қойимни айнан ушбу тақвимга қараб "белгилаш” камида ақлсизлик бўлур эди.
Яна бир "Асҳоби каҳф”
2007 йилда Россиянинг Пенза вилоятида 30 киши ўз ихтиёри билан яқин орадаги ғорлардан паноҳ топди. Улар 2012 йил юз берадиган Қиёматни ўша ерда, тоат-ибодат билан кутиб олмоқчи эканлар. Уларнинг бошлиғи Пётр Кузнецов эди.
Маҳаллий ҳукумат вакиллари ҳодисадан хабар топиб, "ғор одамлари” билан музокарага киришди. Аммо, улар ёруғ дунёга чиқишни исташмади. Агар уларга нисбатан куч ишлатишса, ўз жонларига қасд қилишларини айтишди. Ҳукумат уларни ўз вақтида озиқ-овқат билан таъминлаб туришга мажбур бўлди.
Кўп ўтмай, уларнинг раҳнамоси Кузнецов қўлга олинди ва руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди. 2008 йилнинг баҳорида "қиёматни кутавериб” зериккан "зоҳидлар” бирин-кетин ғордан чиқишди. Улардан икки нафари ғорда вафот этган ва ўша ерда дафн этилган экан.
Шоҳидларнинг ёлғон башорати
Қиёмат ҳақидаги ёлғон башоратлар Чарлз Тес Рассел томонидан асос солинган "Йеҳова шоҳидлари” таълимотини ҳам эсга солади. Уларнинг фикрича, Исо 1878 йилда зуҳур этиши, яъни ер юзига тушиши ва ҳаёт охирига етиши керак эди. Аммо, бу тахмин яна ўз исботини топмади. Кейин Рассел қиёмат қойим 1914 йида юз беражагини эълон қилганди. Аммо, ўша йили Исо Масиҳ ҳам зуҳур этмади, Қиёмат ҳам воқеъ бўлмади. Ҳозирга қадар Рассел издошлари ўз чиқишларида қиёматнинг илк аломатлари 1914 йилдан бошланганини уқдириб келадилар.
Расселнинг издоши Резерфорд қиёмат қойимнинг иккинчи жаҳон уруши пайтида рўй беражагини айтган эди.. Аммо, бу каромат ҳам амалга ошмади. Резерфорддан кейин етакчиликни қўлга олган Конер қиёматнинг 1975 йилнинг ёз ойларига кўчирилганини баён қилди. Не ҳасратки, қиёмат бу гал ҳам юз бермади.
"Бизга қўшилинг ва нажот топинг!”
Америкалик яна бир сохта азиз (святой) "Бутунжаҳон оилавий радиоси” норасмий диний ташкилоти раҳбари Гарольд Кемпинг ҳам қиёмат куни башоратчиларидан бири саналади. У Инжилга асосланиб, шу санани топган эмиш. Унинг фикрича Нуҳ тўфонидан 7000 йил ўтгач, қиёмат содир бўлар экан.
Кемпинг шу тариқа қиёмат соатини "аниқ айта олди”: 2011 йил, 21 апрель, соат 18:00. (Шимолий Америка вақти билан). Унинг таъкидлашича, шу соатда ўта кучли зилзила бошланади ва 21 октябргача давом этади. Шу муддат ичида Ер юзида ҳаёт тугайди ва ўта тақводор 200 миллион нафар одам Осмонга кўтарилади. Қолганларнинг ҳаммаси жаҳаннамга тушармиш. "Шу боис, одамлар, бизга қўшилинг ва нажот топинг!” дейишмоқда.
Мана, айтилган кун келди, ўтиб ҳам кетди, аммо ҳеч нарса юз бермади. Кемпинг эса, одамлардан хайрия сифатида 100 миллион доллардан зиёд пул ундириб олди.
Ҳозир у инсультни баҳона қилиб, АҚШдаги шифохоналардан бирида даволанмоқда. Жиноий жавобгарликка тортилиш эҳтимоли бор.
Маълумот учун
Италиялик олим Сабрина Сфорца рассом Леонардо да Винчи асарларидаги яширинган код асосида сайёрамизнинг сўнгги кунини "аниқлаган”. Унинг фикрича 4006 йил 21 мартда ҳаёт тугармиш...
"Улар "агар ростгўй бўлсангиз, (айтингларчи, ушбу ваъда (Қиёмат куни) қачон бўлади?” дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг, "Қиёмат ҳақидаги билим) албатта Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат огоҳлантирувчидирман!”
("Қуръони карим”, "Мулк” сураси, 25-26 оятлар)
Ўтмишда қолган "қиёмат”лар
Насронийлар Исо Масиҳ кўкка чиқарилгандан 33 йил ўтганда қиёмат бошланади деб ўйлашган ва унга қизғин ҳозирлик кўришган.
*Орадан минг йил ўтиб, 1033 йилда ҳам Европада яна шундай ваҳима оралаган. Аммо, дунё бутунлигича қолган. Шунингдек, 666, 1666 йилларда ҳам одамлар қиёмат юз беришини кутишган.
*Американи кашф этган Христофор Колумб ўз қайдларида дунёнинг ажалини 1658 йил, деб белгилаган экан.
*Мормонлар сектаси асосчиси Жозеф Смит 1835 йилда қиёмат бошланишини ваъда қилган.
*1881 йилда астрономлар тез орада, аниқроғи 1910 йилнинг 19 май куни Ер Галлей кометаси билан тўқнашиб кетишини хабар қилишади. Хайриятки, комета Ерни четлаб ўтди.
*1980 йилда америкалик рухоний Пат Робертсон телеэкран орқали чиқиш қилиб 1982 йилда қиёмат қойим бошланишини эълон қилади. Аммо...
*Сан-Диегодаги "Осмон Дарвозаси” сектаси, бу кунни янада "аниқлаштирди”: 1997 йил 26 март! Худди шу куни сектанинг ҳамма аъзолари ўз жонларига қасд қилишди.