- 2015-07-24
Қозоғистон Маориф вазирлиги мажбурий лицензиялаш жорий этилганидан кейин хусусий
боғчаларнинг оммавий ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга изоҳ берди. Лицензиялаш жараёни 2027 йилга мўлжалланган.
2027 йилдан бошлаб болалар боғчалари лицензияланиши шарт бўлади. Бу мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча боғчаларга тааллуқлидир. Биноларга, педагогик таркибга, дастурларга, моддий-техник база ва инфратузилмага нисбатан талаблар ўрнатилди.
Шунингдек, аввалроқ маълум бўлишича, 2026 йил 1 февралдан бошлаб давлат назоратининг янги тартиби кучга кирди. У болаларга овқатланиш, яшаш, таълим бериш ва соғломлаштириш хизматларини кўрсатувчи муассасаларда тўсатдан текширувлар ўтказиш имконини беради.
Маориф вазирлигининг таҳририятимиз расмий сўровига берган жавобига кўра, ҳозирда Қозоғистонда 11 909 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда, улардан 6 526 таси хусусийдир. Шу билан бирга, хусусий боғчаларнинг мутлақ кўпчилиги амалдаги талабларга аллақачон жавоб бериши айтилмоқда.
“Давлат таълим буюртмаси хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг 96 фоизида жойлаштирилган. Ушбу кўрсаткич хусусий боғчаларнинг катта қисми давлат таълим буюртмасини жойлаштириш қоидалари талабларига мувофиқлигини тасдиқлайди”, дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик лицензиялаш вақтида қўйиладиган талаблар амалдаги меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганини қайд этди:
“Лицензиялашда мактабгача таълим ташкилотларига қўйиладиган малака талаблари Давлат таълим буюртмасини жойлаштириш қоидалари талаблари асосида ишлаб чиқилган”.
Мутасадди идора мавжуд маълумотлар хусусий боғчаларнинг оммавий ёпилиши ҳақидаги прогнозларни тасдиқламаслигини таъкидлади.
“Хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг 96 фоизи аллақачон талабларга жавоб беришини инобатга олсак, мавжуд статистик маълумотлар хусусий боғчаларнинг 50 фоизигача ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни қўллаб-қувватламайди”, дейилади расмий жавобда.
Маориф вазирлиги маълумотларига кўра, эҳтимолий хавфлар фақат белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ташкилотларнинг кичик бир қисмига дахл қилиши мумкин. Шунингдек, лицензиялашга ўтиш ташкилотларнинг тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилиши маълум қилинди.
Бунда мактабгача таълим ташкилотлари санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши, антитеррор ҳимоясини таъминлаши, алоҳида таълимга муҳтож болалар учун шароитлар тайёрлаши, шунингдек, зарур моддий-техник база ва кадрлар таъминотига эга бўлиши керак.
Вазирлик хусусий боғчалар ёпилган тақдирда болалар қаерга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги масала ҳокимликлар (акиматлар) ваколатига киришини билдирди. Давлат мактабгача таълим тизимини давлат таълим буюртмаси механизми ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги болаларни қўллаб-қувватлаш чоралари орқали ёрдам беришда давом этиши қўшимча қилинди.