Жанубий Қозоғистондаги совуқлар


  • 13 Март, 2012
  • 1505

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги ҳавонинг совуб кетишига Кўксарой ва Чордара сув омборлари сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Маҳаллий мутахассислар шундай хулосага келдилар. Технопарк базасида экология ва иқлимни ўрганиш бўйича ноёб тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Кимё фанлари номзоди Курган Каримсаков ўн йилдан бери бу соҳада тадқиқотлар олиб бормоқда. У ҳозирги вақтда Жанубий Қозоғистонда март ойида бўлиши керак бўлган илиқ ҳаво ўрнига ҳаво совуб, қор ёғаётганини ўрганмоқда.
«Кўксарой ва Чордара сув омборлари жуда катта юзага эга. Табиийки, улардан атмосферага катта ҳажмда намлик кўтарилади. Буғланиш бор жойда эса, албатта, ҳаво ҳарорати ўзгаради. Бу – кучли ҳаво оқимларининг ҳаракатга келишини билдиради. Демак, ҳаво оқимлари ҳаракатда бўлса, айниқса, ҳозирги вақтда, яъни қишдан баҳорга ўтиш даврида ҳаво ҳарорати тушиб кетади. Чунки ҳаво оқимларининг ҳаракатга келиши сабабли, эенергия сарфланади», — деб тушунтиради Курган Каримсаков.
Технопаркдаги мутахассислар учун ҳозирда экология ва ҳаво ҳарорати энг муҳокама қилинувчи мавзудир. Уларнинг фикрича, ушбу йилнинг март ойи бутун тадқиқот давомидаги энг совуқ март ойи бўлиши мумкин. Қазгидромет ходимлари эса бу фикрга қўшилмайди, уларга кўра март ойида қор ёғиши оддий ҳолат.
Метеопрогноз бўлимининг бош мутахассиси Ольга Иконникова «16 мартгача ҳаво ҳароратининг пасайиши кутилади. Шимолий туманларда термометр кўрсаткичи -20 градусгача тушиб кетади. 16 мартдан кейин озгина ҳаво илиши кутилади. Сўнгра яна ҳарорат пасаяди», — деб хабар беради.
Жанубликлиларга ёмғирнинг қорга айланиб кетиши, бунинг натижасида туман тушиши ва бу каби об-ҳаво инжиқликларини март ойи тугагунча кўтаришга тўғри келади. Апрель ойидан бошлаб, кунлар исишни бошлайди.


Бошқа мақолалар