- 2020-06-06
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар тарқатди.
Хабар беришларича, ФИФА 14 январь куни ЖЧ-2014 учрашувларини бошқариб борувчи ҳакамларнинг сўнгги рўйхатини тасдиқлаган. Унга кўра, Осиёдан таклиф этилган тўрт бригада орасида Равшан Эрматовнинг гуруҳи ҳам бор. Унга, ЖЧ-2014 ўйинларида қанотларда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради.
Равшан Эрматов ўз фаолиятида иккинчи марта футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилади. Эрматов бунгача ўз бригадаси билан 2010 йили ЖАРда ташкил этилган жаҳон чемпионати баҳсларида ишлаган эди. Ўшанда ўзбекистонлик реферининг гуруҳидан қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ва ўзбекистонлик бошқа бир лайнсмен – Рафаэль Илёсов ўрин олган эди. Эрматов мусобақанинг очилиши ўйини, чорак финал ва ярим финал ўйинларини, жами бешта ўйинда ҳакамлик қилган.
Кейинчалик, Эрматов ўз бригадаси билан Осиё Кубоги-2011 финал учрашувини, шунингдек, Лондонда бўлиб ўтган 2012 йилги Олимпиада футбол мусобақалари учрашувларини бошқариб борди.
Равшан Эрматов бугунги кунда жаҳоннинг энг иқтидорли ва машҳур футбол ҳакамларидан бири ҳисобланади. У ФИФА байроғи остидаги энг нуфузли мусобақаларга мунтазам таклиф этилади. Эрматов 2008-2011 йиллар давомида, кетма-кет тўрт марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган.
Футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати баҳслари 12 июнь – 13 июль кунлари Бразилиянинг 12 шаҳрида бўлиб ўтади.