Ғайримуслимларга ўхшамоқ


  • 29 Декабрь, 2015
  • 1734

Ҳар сафар янги йил яқинлашганда бу масала яна кун тартибига чиқади. “Чумчуқ ғозюриш қиламан деб, чатаноғи йиртилибди” дейишади. Бировларни тақлид қилиш ёмонми? Тақлид қилишнинг рухсат берилган ва берилмаган турлари қайсилар? 

Муҳтарам пайғамбаримиз нубувватларидан олдин ўзларидан аввал ўтган пайғамбарлар хабар берган ибодатлардан баъзиларини адо этардилар. Ҳаж қилиб, қурбонлик сўйиб, намоз ўқирдилар. Кейин пайғамбарлик вазифаси бошлангач Мадинага келганларида у ердаги яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларига гувоҳ бўлиб, сабабини сўрадилар. Улар фиравннинг зулмидан қутулгани туфайли Мусо алайҳиссалом шу кун рўза тутганлигини айтганларида Пайғамбаримиз “Биродарим Мусонинг суннатини тиклашга биз лойиқроқмиз” деб ўзлари ҳам рўза тутдилар. Мусулмонларга ҳам буни амр этдилар. Кейинчалик рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин Ошуро куни рўза тутиш ихтиёрий бўлиб қолди.

Айни пайтда баъзи ибодатларда яҳудий ва христианларга ўхшашни, уларни тақлид қилишни тақиқладилар. Масалан,“Намозда сокин ва тинч туринглар, яҳудийлардек чайқалманглар” деб марҳамат қилдилар. Намоз вақтини карнай чалиб эълон қилишни яҳудийларга, қўнғироқ чалиб хабар беришни христианларга ўхшагани учун рад қилдилар.Дафн маросимларида авваллари тик туриб кутадиган Пайғамбаримиз яҳудийларнинг ҳам шундай қилишини кўргач "Уларга мухолифат қилинглар (эргашманглар), жаноза дафн этилгунча ўтиринглар" деб буюрдилар. Кундалик ҳаётда ва одатларда ғайримуслимларни тақлид қилишни баъзан тақиқладилар, баъзан тақиқламадилар.

 Тасмали пойафзал кийиш

 “Кимки ўзини бир қавмга ўхшатса, улардан бўлади” ҳадиси шарифини уламо ақида ва диний хусусларда деб тафсир қилганлар. Усмоний олимларидан Наблусий ҳазрат айтганлар: “Пайғамбаримизнинг суннатлари икки хилдир:

1. Суннати худо. Масжидда эътикоф қилиш, жамоат билан намоз ўқиш, беш вақт намознинг муаккад суннатлари каби амаллар шу жумладандир.

2. Суннати завоид. Расулуллоҳнинг кийим, еб-ичиш, ўтириш, ётиш ва юришдаги одатлари, яхши ишларни ўнгдан бошлашлари, ўнг қўл билан еб-ичишлари кабилар шунга киради.”

Ҳамма мусулмон диёрларда худди Аср-и саодатдаги саҳобалардек кийинишни тавсия ва тарғиб қилувчиларга Ҳиндистон олимларидан қози Саноуллоҳ Понипутий жавоб бериб дедиларки: “Ҳазрати Умар замонида анторий, бош ёпинчиғи ва тасмали пойафзал мўминларнинг одати эди. Ундай кийиниш шуҳратга, бармоқ билан кўрсатилишга, фитнага сабаб бўлмасди. Ҳозир эса, сабаб бўлади. Ҳар диёрда одат бўлган нарсаларни кийиш лозим. Ҳадиси шарифда “Инсоннинг бармоқ билан кўрсатил(-адиган даражада ажралиб тури)иши унга ёмонлик сифатида кифоя” деб марҳамат қилинган.”

Усмоний мударриси ва қозиларидан Саййид Ализода“Ибни Аббоснинг хабар беришича, Расулуллоҳ алайҳиссалом маълум бир иш ҳақида бирон ҳукм тушмагунча уни аҳли китобга ўхшаб бажо келтиришни севардилар. Уларнинг китобларида ўша ишнинг усули мавжуд бўлиш эҳтимолини назарда тутиб, уларга эргашишни мушрикларга эргашишдан афзал кўрардилар. Ўша вақтларда аҳли китоб сочларини икки тарафга айирмасдан ёйиб олишарди. Мушриклар эса, ўртадан иккига ажратиб, ёйиб олишарди. Жаноби Ппйғамбаримиз ва Асҳоби ҳам ўша йилларда аҳли китобдек кокил қўйишарди. Қачонки мушриклар устидан ғолиб бўлдилар, ўшандан бошлаб сочларини иккига айиришда бирон баис кўрмадилар. Барча мусулмонлар ҳам сочларини ўртадан иккига айириб тарайдиган бўлди.”-деган.

Расулуллоҳ Табуқ ғазовотида христианлардан ғанимат олинган ва византияликлар кийган матодан енглари тор чопон кийгандилар. Роҳибларга махсус ва "сабтия" деб аталувчин пойафзал киярдилар. Яҳудийларга махсус эканлиги шахсан ўзларидан ривоят қилинган капюшонли чопон ҳам кийганлар.

Ўхшамоққа қасд қилиш

Гумушхонавий ҳазрат: “Ғайримуслим байрамларига ҳурмат кўрсатиш, бошқа кунларда қилмайдиган ишларни айнан шу кунларда қилиш, бошқа кунларда емайдиган таомларни, айнан шу кунларда олиб ейиш, шу кунлар ҳурматига ўша динга мансуб одамга ҳадя бериш ман қилинган. Ғайримуслимларнинг ибодатларини ёқтириш, ҳазиллашиб бўлса ҳам, динларининг аломати бўлмиш (зуннор, поплар кулоҳи каби) кийимларни кийиш, (ҳоч каби) нарсаларини тақиш ҳам шунга киради. Булар аҳли китобга ўхшаш хусусида шиддат билан таъқиқланган қисмки, уламо уларни куфр аломати деб қабул қилган” деганлар.

Қоҳирада ҳанафий муфтийси Тахтавий ҳазрат бу борада шундай деганлар: “Аҳли китобга ўхшамоқинг даражалари бор. Еб-ичиш, кийиниш каби зарарсиз бўлган ишларда тақлид қилиш жоиз. Лекин атайлаб уларга ўхшамоқни қасд қилиб, тақлид қилиш ҳаром бўлади. Масалан, ғайримуслимларга ўхшамоқ нияти билан стол атрофида ўтириб овқатланиш, галстук тақиш жоиз эмас. Агар бундай нияти бўлмаса, жоиздир. Аҳли китобнинг динларига махсус бўлиб, динларининг белгиси ва аломатига айланган нарсаларда қасдан бўлмаса ҳам тақлид куфр бўлади. Фоидали дунё ишларида тақлид ва ўхшамоқ жоиз. Еб-ичишдек нарсаларда ўхшамоқ макруҳ эмас.”

Ибни Обидин ҳазратлари айтдилар: “Ғайримуслимларнинг ишлари икки қисмдир: бири ибодат, иккинчиси урф-одат, яъни ҳар қавмнинг, ҳар мамлакатнинг урф-одат сифатида қиладиган ишларидир. Булардан исломият тақиқламаган, инсонларга фоидали бўлганларини ишлаш ва ғайримуслимларга ўзини ўхшатиш ниятида бўлмай, уларни тақлид қилишни кўзламай фойдаланиш зарарли эмас. Масалан, шим кийиш, қошиқ-санчқи ишлатиш, овқатни стол устига қўйиб, ўриндиққа ўтириб ейиш, таомни ҳар бир одамга алоҳида ликопчаларда сузиш, нонни пичоқ билан кесиш, яна шу каби турли ажнабий ашё ва воситаларни ишлатиш урф-одатга киради. Имом Абу Юсуфнинг темир мих қоқилган пошналик пойафзал кийганини кўрган бир зот буни кийишнинг зарарли эканлигини айтганида Абу Юсуф: “Расулуллоҳ ҳам роҳиблар киядиган пойафзални киярдилар. Бу инсоннинг манфаатига оид иш. Узоқ йўл юриш фақат шундай оёқ кийимлар билан мумкин бўлади” деб жавоб бердилар.”

Демак, инсонларга нафи тегадиган нарсаларда ғайримуслимлардек иш тутиш, зоҳиран улардек кўриниш зарарли эмас экан. Шим, галстук ёки оналар куни каби қатъий фойдаси тегмайдиган ишларни ҳам ғайримуслимларга ўзини ўхшатишни қасд қилмасдан адо этиш мумкин. Ислом ҳуқуқида ҳар бир шахснинг эътиқод ва ибодат эркинлиги бор. Ўзга динларда, айниқса христианликда ундай эркинлик ҳақида оғиз очиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек ҳар бир дин ўзини ва мансубларини ҳимоя қилиш учун ўзга динларнинг ҳукмларига, диний маросимларига эргашишни қатъиян тақиқлайди. Қурбон ҳайитда салла-чопон кийиб, христиан маҳаллаларда азон айтиб юрувчи муслмонни учратмайсиз. Лекин христиан байрамларида роҳиб-поп қиёфасига кириб олиб, мусулмонлар орасида "ўз динининг" тарғиботи билан шуғулланувчи "ёлланма христианларни" учратишингиз мумкин. Бу эса, ҳар диннинг "эркинлик ва ҳуррият" деганда нимани назарда тутишини кўрсатувчи фарқ!


Бошқа мақолалар