“Галатасарой” Қозоғистонда яна битта футбол мактабини очди


  • 11 Май, 2016
  • 1100

Туркиянинг футбол жамоаси “Галатасарой” Алмати вилоятидаги Талғар шаҳрида болалар ва ўсмирлар учун футбол мактабини очди. Дастлабки бепул машғулот 10 май куни “Triumpher” спорт комплексида ўтказилди.

Ушбу мактабда 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўғил болалар ва 5 ёшдан ошган қиз болалар таълим олиши мумкин. Бундан ташқари, тажрибали тренерлар раҳбарлигида индивидуал курслар ҳам бўлади. Бу мактабда дарвозабонларга профессионал таълим бериш йўлга қўйилади.

Ёш спортчиларга футбол майдони, футбол қоидаларининг назарий билимлари, ақлий машғулотлар, диетолог иштирокида озиқланиш дастурлари ва қобилиятини аниқлаш учун тестлар тайёрланган.

2015 йили "Галатасарой" жамоаси Алмати ва Қаскеленда ўз мактабларини очганди. Жамоа ўз олдига Қозоғистон ва Туркия жамоалари учун талантли футболчиларни топиш ҳамда Қозоғистон футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилиб қўйган.

1905 йили ташкил топган "Галатасарой" Туркия жамоалари орасида энг муваффақиятли клублардан бири. Туркия чемпионатининг 20 маротаба чемпиони. 15 марта Туркия кубогини, 13 марта Туркия суперкубогини қўлга киритган. УЕФА кубоги ва УЕФА суперкубоги соҳиби. 2001 йил январда “Галатасарой” “Энг яхши футбол клуби” рейтингида биринчи ўринда бўлган. 


Бошқа мақолалар