- 2019-02-23
Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида қурилиши якунланган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли орқали илк қатнов 27 август куни амалга оширилди.
Қисқа вақтда 123,1 километрлик Ангрен- Поп темир йўли ва унинг таркибида 19,2 километрлик Қамчиқ туннели қуриб битказилганди. 2016 йил 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик лойиҳаси ижроси бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур йўл Фарғона водийси вилоятларига поездда юк ва йўловчи ташиш имконини беради.
Сўнгги кунларда Қамчиқ довони билан боғлиқ турли миш-мишлар тарқалмоқда. Бундай гап-сўзларнинг кўпайишига Тошкент-Андижон темир йўл қатнови бекор қилингани ҳам янада туртки берди. Қолаверса турли ижтимоий тармоқларда ҳам мана шу миш-мишга оид суратлар тарқалди, турли маълумотлар бериб борилди. Facebook’даги қатор гуруҳларда эса бир неча суратлар жойлаштирилди. Унда Қамчиқ довонида юк поездининг ҳалокатга учрагани тасвирланган.
Интернет фойдаланувчиларининг ёзишича, Қирғизистонда 23 январь куни юз берган ер силкиниши оқибатида кучли кўчки рўй бериб, Қамчиқ довонидаги темир йўлга ҳамда бу пайтда темир йўлдан ўтаётган юк поездининг устига тушган. Ўша куни Ўзбекистонда ер ости силкиниш кучи ўртача 3-4 баллни: Фарғонада - 4 балл, Наманган ҳамда Андижонда - 3 баллни ташкил этган. Зилзила ўчоғида унинг магнитудаси 4,5 баллни ташкил қилганди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистонда ҳали-ҳамон бирон бир расмий ташкилот ушбу вазиятга изоҳ бергани йўқ. Тошкент-Андижон темир йўлидаги поездлар қатнови қачондан бошлаб қайта йўлга қўйилиши ҳозирча номаълум.