Андулус масжиди


  • 6 Июнь, 2017
  • 1259

Испанияда Андулус ислом давлатини қурган Абдурраҳмон бин Муовия бин Ҳишом бин Абдулмалик (раҳима ҳумуллоҳу таоло) Қуртубада (Кордоба) катта масжид қурдирмоқчи бўлди. Бу масжиднинг Бағдоддаги масжидлардан ҳам баланд, гўзал ва ҳашаматли бўлишини истарди. Қуртубада бунга энг мос келадиган ер танланди. Лекин ер христианга тегишли эди. Бу одам ери учун катта маблағ сўради. Абдурраҳмон-I, хоҳласа зўравонлик билан тортиб олиши мумкин эди. Лекин одил ҳукмдор бўлгани учун қатъиян бундай йўл тутмади. Аксинча ер эгаси христианга сўраган пулини берди. Христианлар бу маблағга ўзлари учун учта черков қуришди.

Масжид қурилиши 169 (м.785) йили бошланди. Абдурраҳмон кунда бир неча соат иншоотда оддий ишчидек ишларди. Қурилиш материаллари шарқдаги турли жойларидан келтирилди. Тахталар Ливаннинг энг мукаммал дарахтларидан, яна турли ўлкалардан рангли мармарлар, Ироқ ва Суриядан қийматли тошлар, инжу, зумрад, фил тишлари олиб келинди. Ҳамма керакли нарсалар тўлиқ ғамлангандан кейин ҳашаматли масжид биноси аста-секин қад ростлай бошлади. Лекин масжиднинг тугаганини кўришга Абдурраҳмон-I нинг умри вафо қилмай, 172 (м.788) йили вафот этди. Ундан кейин тахтга чиққан ўғли Ҳишом ва невараси Ҳакам-I (раҳима ҳумаллоҳу таоло) масжидни битиришга ғайрат қилдилар.

Масжид ўн йилда қуриб битказилди. Лекин ундан кейин ҳар йили бир парча илова қилиниб, энг сўнгги ҳолатини 380 (м.990) йили, яъни 205 йилдан кейин олди. Ҳакам-II 366 (м.976) йили масжидга олтиндан минбар ясаттирди. Мана шу тариқа масжид жуда муаззам, ҳашаматли ва ниҳоятда гўзал санъат асари сифатида барпо қилинди. Масжиднинг майдони 120х135 метр бўлиб, тўғри тўртбурчак шаклида эди. Икки чеккасидан худди икки қўлини очиб тургандай иккита девор олдинга чўзилган. Бу деворларнинг узунлиги 135 метр бўлиб, асосий бинодан эътиборан олдинга қараб чиққан қисмлари орасида ҳовли ҳосил қилган. Масжид ичида ҳар бири 10 метр баландликда 1419 устун бор эди. Бу устунлар дунёнинг энг мукаммал мармарларидан ясалганди. Устунларнинг тепасидаги камарлар бир нечта рангли мармардан парча-парча ҳолда ишланганди. Масжидга кирган одам ўзини гўёки устунлар ўрмонида юргандай ҳис этарди.

Мармар устунлардаги қўл санъатини кўрганлар бундай гўзаллик олдида ҳайратдан донг қотишарди. Масжидга кирган ҳар бир одам худди сеҳрлангандай бўларди. Чунки бунақанги чирой ва бунақаннги нозик дид шу пайтгача жаҳоннинг ҳеч қаерида кўрилмаган эди.

Масжиднинг 20 эшиги бор эди. Эшикларнинг олдида махсус апельсин боғчалари барпо этилиб, ҳамма ёқ ям-яшил эди. Масжиднинг атрофида бошқа боғчалар, ҳовузлар, фавворалар, чашмалар бор эди. Мусулмонларнинг таҳорат олиши учун кўплаб шодирвон (атрофидан кўпгина кранлар чиқарилган ҳовуз шаклидаги қуббали чашма)лар қурилганди. Масжиднинг таг қисми энг қийматли мармар ва тахталардан ишланганди. Шифтга ишлатилган қийматли Ливан тахталари бинога алоҳида гўзаллик, алоҳида ҳайбат бериб турарди. Девор ва шифтларда бежирим нақшлар ва жуда кўп ҳуснихат, ҳаттотлик намуналари бўлмиш ёзувлар бор эди. Масжид ичи, бир қараганда худди поёни йўқ устунлар ўрмонидай кўринарди. Кечалари минглаб кумуш қандиллардан атрофга сочилган рангли шуълалар масжидни ойдинлатарди.

1041 (м.1632) йили Мисрда вафот этган машҳур тарихчи Аҳмад ал-Маккорий “Наҳй-ут-тиб мин-ғасни Андулус-ир-ротиб” китобида ушбу масжид ҳақида гапириб, уни ёритиб турган чироқ ва қандилларнинг сони 7425 та эканлигини, буларнинг ярми оддий кечаларда, ҳайит байрамлари ва муқаддас кечаларда эса барчаси ёқилгани, булар учун йилда 29 тоннага яқин зайтун ёғи сарфлангани, бундан ташқари масжидга хушбўй ҳид бериб туриш учун ҳар йили 150 кг мушк-и анбар ва уд дарахти тутатилгани қайд қилинган.


Бошқа мақолалар