Француз қурди, инглиз урди, охири кимга қолди


  • 7 Апрель, 2021
  • 1220

Маълумки, ўтган ҳафталарда Сувайшда бир юк кемаси кучли бўрон ва қум тўзони туфайли лойга ботиб қолди. Канални кўндалангига ёпиб қўйиб, юзлаб кема қатнови тўхтаб қолди. Бу Узоқ Шарқ билан Европага анча қимматга тушди. Чунки зарар 10 миллиард долларга яқинлашди.

Аслида офатга жиддий сабаб йўқ, оқим сокин ва канал кенглиги 300 метрдан ортиқ. Лекин нима бўлгандаям кема кўндаланг туриб қолди. 200 минг тонналик кемани ўрнидан силжитиш ҳам осон иш эмас. Улкан-улкан махсус техникалар кема олдида ўйинчоқдек кўринади. Қисқаси бир амаллаб, буксирлар билан тортиб, грейдерлар билан итариб ўрнидан қўзғатишга аранг муваффақ бўлишди.

Бу орада бизга ҳам мақола учун бир мавзу пайдо бўлди.

ФИРЪАВНЛАРДАН БЕРИ... 

Ўрта Ер денгизини Қизилденгизга боғлаш фикри асли фиръавнлардан чиққан, лекин биринчи қадамни қадимги форслар ташлайди.

Геродотга кўра, шоҳ Доро Қизилденгизни Нил дарёсига боғлайдиган канал очади. Араб тарихчиси Шамсиддин эса канални Тарсис деган фиравн қаздирганини ёзган. (Иброҳим алайҳиссаломнинг Мисрга келган йилларида)

Қоҳира денгиз сатҳидан 23 метр баландликда жойлашган, бу эса канал суви тўлиб-тошиб оқишини билдиради.

Рамзес-II Ўрта ер денгизидан бошланувчи канални Тимсоҳ кўлигача етказади (милоддан аввал 1250). Ўша давр кемачилиги кичик ва енгил. Канал сиғими тор бўлса ҳам кема қатновига етади. Кейинроқ канал қумга кўмилиб қолади. Бу канални қазишга Адриан ҳам уринади.

Амр ибн Ос (родиаллоҳу анҳ) Миср волийси бўлган пайтда Нилни такрор Қизилденгизга боғлайди. Канал доим тозаланиб, назоратда тутилади. 8 асргача тужжорлар тарафидан унумли фойдаланилади.

Наполеон Мисрни ишғол қилганда, француз муҳандис Ле Пердан канал очишини сўрайди. Лекин машҳур муҳандис бир хатога йўл қўяди. Қизилденгизнинг Ўрта ер денгизидан 10 метр баланд жойлашганини айтиб, лойиҳани бекор қилдиради.

СОҲИЛ ҚАСАБАСИ...

Сувайш салқин ва тиниқ оқими билан машҳур. Шу сабабли сайёҳ ва ҳожилар у ерда қўниб, дам олишади, сув идишларини тўлдиришади.

Осиё ва Африкадан келган кемалар юкларини шу ерда туширишади. Сўнгра карвонлар билан Димят, Рашид, Искандария сингари Ўрта ер денгизи портларига етказишади.

Лекин кўрфаз нотинч. Бир томондан португаллар, бир томондан қароқчилар тез-тез йўлтўсарлик қилиб туришади. Мамлуклар осойишни кичик флот ёрдамида тезда таъминлайди. Кемаларини Сувайш верфларида таъмирлайди. Усмонийлар ҳам худди шу йўлдан боради. Чунки ақллилар бир хилда фикрлайди. Лекин ушбу флотнинг Ўрта ер денгизидаги йирик флот билан дастакланиши лозим эди. Салим хон II-чи яна бир канал қазилишини буюради.

Соколлик Меҳмет пошо ва қоптони дарё (адмирал) Қилич Али пошо эшкакли ҳарбий кемалар ҳам суза оладиган сув йўли устида иш олиб боришади. Тимсоҳ ва Аччиқ кўлни ҳам қўшиб, охирида Қизилденгизга етказишади. Лойиҳа қоғозда тайёр бўлади-ю, энди уни амалга ошириш қолади.

ФРАНЦУЗ ДАСТАГИ...

Француз муҳандис ва дипломат Фердинанд де Лессепс Хидивзода Саид пошо билан мактабдош дўстлар эди. Пошо кейинчалик волий лавозимига ўтиргач келиб учрашиб, маслаҳатлашади. Лессепс гап орасида Ўрта ер денгизини Қизилденгизга боғловчи канал қуриш ҳақида гап очади.

Буни амалга оширган одам мутлақо тарихда номи қолади. Лекин бунга маблағ қани? Бир амаллаб маблағ ҳам топилади, кейин акциялар сотувга чиқарилади. Хуллас қўл олишиб, келишадилар.

Лекин инглизлар бундай келишувдан безовталанади. Чунки ўша йилларда улар Ҳиндистонни мустамлакага айлантириб, томирларигача симириб ичмоқда. Бегонларнинг бу атрофга келишини исташмайди. Ким ҳам оғзидаги ошини олдиришни хоҳларди.

Ўша пайтларда Усмонийлар Рус Чори билан жанг қилаётган эди. (Қрим уруши, 1856) бу урушда инглизлар усмонийларга ёрдам берадики, мақсадлари ёрдам эвазига усмонийлар каналдан воз кечсин.

Ўша вақтдаги Франция императори Наполеон-III Лессепсни ёнига чақириб, расмий рухсатсиз канал қазишни бошлаб юборади (1859 йил 25 апрель).

Усмоний Бош вазири кабинети билан бу ишдан йироқ туради, ҳатто бош вазир Рашид пошо моне бўлолмагач, истеъфога чиқиб кетади.

КОФИРДАН ДЎСТ БЎЛМАС... 

Мисрнинг ривожланиши французни заррача қизиқтирмайди, улар фақат ўз манфаатини кўзларди. Мактабдош дўстми ё бошқами, дипломатияда буларнинг ҳукми ҳам, ўрни ҳам йўқ.

Иш шунчалик каттаки, миллионлаб ёлланма ишчи меҳнат қилади. Қурилиш майдони шаҳардек гавжум бўлади. Бу янги туманга айёрона Исмоилия деб, Хидив Исмоил пошонинг номини қўйишади.

Қурилиш 10 йил давом этади ва 1869 йил 16 ноябрда тугатилади. Лекин Саид пошонинг умри бунга етмайди.

Каналнинг чуқурлиги 8 метр, эни 75-125 метр ва узунлиги 164 км эди.

Хидив Исмоил пошо очилиш учун анча сарф-харажат қилади. Европалик сулола вакиллари ва ҳукумат одамларини таклиф қилади. Қоплаб пул сарфлаб, бир опера биносини қурдиради ва машҳур бастакор Вердига мусиқа буюртма беради. Қадимий Миср мавзусидаги опера очилишга етиб бормайди. Асл мақсадлари операдан зиёда кўпроқ акция сотиш эди. Чунки бўйнигача қарзга ботганди. Халифа Абдулазиз хон ўша давр хидивларининг шундай ўзбошимчаликларини ёқтирмасди. Натижада хидив Саид пошо ҳам опера биносини қуриб битказа олмай, давлатни қарзга ботириб, канал очилишини кўролмай нариги дунёга равона бўлади. 

ЕВРОПАГА ҚЎЛ КЕЛАДИ... 

Ўзингиз ўйланг, Ўрта ер денгизидан чиқиб, Ливия, Тунис, Жазоир ва Марокко соҳилларидан, кейин Жабали Ториқ (Гибралтар) бўғозидан ўтиб, океанга қулоч очдингиз. Кейин минг бир машаққат билан девдек Африка қуруқлигини айланиб ўтишга уриниб, жанубга эшкак эшасиз.

Ғарбий Саҳара, Мовритания, Сенегал, Гамбия, Гвинея, Сьерра-Леон, Либерия, Кот-дИвуар, Гана, Того, Нигерия, Камерун, Экватор, Габон, Конго, Ангола, Намибия деб сузиб, жанубий Африкага етасиз.

Умид бурнидан айланиб, қайта шимол сари  елкан очасиз. Энди Мозамбик, Танзания, Кения, Сомали... У пайтларнинг кемалари ўзи омонатгина ва нимжон, устига устак йўлда бўронлар, шамоллар, тўлқинлар, жазирама иссиқ, ҳашарот ва юқумли касалликлар денгизчиларни қирмоқда... Ҳолбуки агар Сувайш канали очилса Ўрта ер денгизидан Ҳинд океанига бир зумда чиқиш мумкин.

Кемалар 8 минг км камроқ йўл босишади. Узоқ Шарқ-Европа тижорати беш бараварга ортади. Канал тижоратчиларга жуда кўп вақт ҳамда пул қозонтиради.

Европаликлар бу каналнинг ҳимояси ва ишлатилиши борасида Миср билан эмас, Усмонийлар билан келишади. Тарафлар 1888 йил 29 октябрда Истанбул конвенциясида имзо чекишади.

Инглизлар эса ҳамон бу ишдан саросимада, қандай бўлмасин ушбу канални ё ишдан чиқариш ёки тортиб олиш керак.

 ҲИСОБ БОЗОРГА ТЎҒРИ КЕЛМАДИ...

Миср кутганидек акцияларни сота олмайди, ғазнада ҳам пул қолмайди. Лондон анчагина маблағ йиғиб, каналга тикади. Бу орада атрофга аскар тўплайди. Бу ҳам камлик қилиб, Мисрни ишғол қилади. Канални қуроллантиради. Бунинг ортидан немислар (ислом душмани Ёш турклар партияси) иттиҳотчиларни ўзларига оғдириб олишади. Жамол пошони тагига пахта қўйиб “Сени Миср халоскори сифатида кўргимиз келади, бизни уялтириб қўйма” дейишади.

Сина(й) осон босиб ўтиладиган чўл эмас. Бепоён саҳро. Инглизлар ерларни қазиб, тўп ва митральезаларни жойлаштириб қўйган. Аскарлар келишини пойлаб туради.

Жамол пошо кўрсаки, аскарлари қирилиб кетадиган. Чекинишни буюради. Немис қўмондон вон Грейс уларни қайта жангга бошлайди. Европаликлар, Усмоний аскарларини урушга киритиб, кўпроқ турк қирилишини режа қилишади. Оқибатда сотқин пошолар туркларни инглизлар олдига ем қилади. Не-не ёш йигитлар тупроқ қучади. Немислар сувдан қуруқ чиқади. 

ТАГИДА ҚОЛГУР... 

Урушдан кейин Сувайш каналини Англия билан Франция биргалашиб бошқаради. Ўн йиллаб ўтган кетганга чипта сотиб, беҳисоб бойлик йиғади. Ўша вақтларда Миср учун жуда муҳим Асуан тўғони лойиҳаси тузилади. АҚШ ва Британия кредит беришни ваъда қилишади, кейин ҳар доимгидек ярим йўлда ваъдаларидан тонишади. Бундан аччиқланган Миср раҳбари Носир бориб, Сувайш каналини босиб олади. "Бўлди бас! Бундан буён соққалар Миср халқига!"- дейди, стол муштлаб.

Бундай кутилмаган "мустақиллик"дан француз билан инглизнинг қути ўчган. Париж билан Лондон ғаразли режа тузади. “Исроил Сина(й)га бостириб кирсин, Миср уларни ҳайдаб чиқараман деб бир-бирининг гўштини есин. Биз эса тинчликпарвар куч сифатида майдонга тушамиз ва Сувайшни қайта қўлга оламиз.”

1956 йил 29 октябрь... Исроил Синага бостириб киради, яна тинч аҳоли қирилади, қон, зулм, қатлиом. Британия ва Франция урушни тўхтатиш баҳонасида минтақага киради. Канал бир зумда ҳарбий кемаларга тўлади. Аввал бомбардимон қилишади, кейин парашютчилар тушириб муҳим нуқталарни эгаллашади. Миср бўйин эгади ва олдига қўйилган келишувни имзолайди, деб ўйлашади. Лекин Носир таклифларни рад этиб, йўқотишларга қарамай келишувга имзо чекмайди.

Канал қатновга ёпилиб, нефть ташувлари тўхтайди. Европа яна хархаша қила бошлайди.

 ДАРҲОЛ, ЙЎҚСА!...

Советлар ҳеч кутилмаганда ғазаб отига миниб, агар минтақадан дарҳол чиқиб кетмаса, Париж ва Лондонга ядро бомбалари ташлашини эълон қилади. Ишғолчилар саросимага тушиб, қуйруқларини қисиб, чекинишга мажбур бўлади. Бу ҳодисада АҚШ ҳам Россиянинг ёнини олади. Чунки ноҳақ ишғолдан қутқарувчи ёлғиз Советлар бўлса, Ўрта Шарқ халқларининг социализмга оғиб кетишидан чўчийди. У пайтларда Советлар сиёсий ва диний томондан Араб диёрларига жуда кўп врач, шарқшунос ва мулла ниқобли КГБ агентлари йўллаганди. 

Бу воқеада Британия билан Франциянинг кучи аввалгидек эмаслиги равшан бўлади. АҚШсиз биронта операция қила олмайдиган даражада заиф эканлиги маълум бўлади. Мустамлакалар фурсатдан фойдаланиб, исён кўтаради ва мустақилликка эришади.

Британия бош вазири Энтони Иден истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Парижнинг Вашингтонга бўлган ишончи сўнади. Шарль де Голль НАТОдан чиқишни режалаштиради.

Натижада Сувайш канали Мисрга қолади, СССРнинг эса обрўси ошиб, Жазоир, Тунис, Ливия, Миср, Сурия, Яман каби анча араб ўлкалари коммунизм мафкурасига маҳлиё қилинади. 

Британия билан Франция эса қуруқ қолишади.


Бошқа мақолалар