Арманистон турк диёридир!


  • 20 Апрель, 2016
  • 1852

Арманистон Кавказдаги Россиянинг қўғирчоқ "давлат"ларидан биридир.
Унинг харитада бор бўлиб туришининг ягона ва энг муҳим сабаби туркийлар орасида тўғаноқ бўлишдир. Арманистон ҳудудлари асрлар давомида ҳар даврда маълум бир туркий ва мусулмон хонининг ҳокимияти остида бўлган. Амир Темур 14-аср охирларида Равон (Ереван) шаҳрини ўз ҳокимиятига қўшиб олгандан кейин илк бор қудратли бир давлатнинг таркибига кириб ривожлана бошлади. Кейинчалик Олтин Ўрда давлати билан бўлган тўқнашувлар натижасида аҳолиси тарк этиб кетган юртга айланди. Шундан кейин минтақага Ўрта Осиёдан Амир Саъд бошчилигида бир қанча турк қабилалари келиб жойлашди. Шу сабабли вақт ўтиши билан у жой "Саъд чуқури" деб атала бошлади (Bournoutian, 2-бет) 

Темурдан кейин ҳам у ер Мироншоҳ ҳокимияти таркибида бўлди. Темурийлардан кейин у ер Қорақўйинли ва Оққўйинли хонликлари қарамоғида қолди. Кейин туркман қавмидан бўлган шиа-Сафавийлар ҳокимиятига кирди. Бугун "арманистон" деб аталадиган жойнинг бир вақтлар туркийлар юрти бўлганлиги ва минтақанинг руслар тарафидан қандай қилиб Арманистонга айлантирилганлигини Мустафо Ойдиннинг “Ислом энциклопедияси”даги “Равон хонлигидан” ва яқинда Окан Яшилўт муҳаррирлигида чиқадиган “Арманистон турклари” номли асардан ўқишимиз мумкин.

Усмоний-Сафавий кураши даврида Равон Усмонийлар диққатини тортди. Равон Султон Салим хон давридан буён бир неча марта ҳолдан тойдирилди. 16-аср охирида Усмоний-Эрон уруши вақтида 1583 йил сентябрда Усмоний давлатининг ҳокимиятига кирди. Равонга қаъла қурган усмонийлар Равон вилоятини ҳам қурди. Шаҳар 1603 йили такроран Сафавийлар томонидан босиб олинди. IV-чи Мурод хон усмонийларнинг тушиб кетган обрўсини тиклагандан кейин 1635 йили Равонни фатҳ этди. Лекин бир йилдан кейин Равон яна Эрон ҳокимиятига кирди. Сафавийлар у ерда "Саъд чуқури Равон хонлиги"ни қурди.

18-асрда Россия чори Пётр даврида руслар Кавказга ёйилишни бошлади. Сафавий давлати парчаланган бу даврда Усмонийлар орадан 89 йил ўтиб, 1724 йили Равонни яна фатҳ этишди. Минтақада Усмоний ҳукумати энди ўрнатилган йилларда, Нодир шоҳ Эронда Авшар турклари ҳокимиятини бошлатиб, 1735 йили Равон яна Эрон шоҳлиги қўлига ўтди. 1747 йили Нодир шоҳ ўлдирилгач Мир Маҳдий мустақил Равон хонлигини қурди. Лекин гоҳ-гоҳида Ширвоншоҳлар ва грузин шаҳзодалари ҳокимиятни қўлга киритиб туришди.

Грузинлар билан руслар 1783 йили келишув имзолаганларидан кейин Усмоний ва Эрон ҳам минтақага активроқ кира бошлади.

Руслар бир неча марта Равонни қамал қилса ҳам забт эта олмади. Руслар 1827 йили октябрда Равонни ишғол қилди. Равонни ишғол қилган Паскиевичга Равон графи унвони берилди.1828 йили февралда руслар билан Эрон орасидаги тузилган "Туркманчой келишуви" билан Равон рус ҳокимиятига ўтди. Минтақани ишғол этган Чор Россия ҳукумати 1828 йил 21 мартда фармон эълон қилиб, Нахчиван ва Равон хонликларини тугатди. Ўрдубод бу икки хонликнинг ерларига қўшилиб, Арман вилояти ташкил этилди. 1844 йили ташкил этилган Кавказ бош ҳокимлигига Равон ҳам қўшилди. 1868 йили Равон вилояти Ереван, Ганжа, Қумру, Нахчивон, Янги Боязид, Дерелгез ва Ачмиадзиндан ташкил топганди.

Арман вилояти қурилганида у жойларнинг аксарият аҳолиси мусулмонлар эди. Руслар йилдан-йилга минтақадаги турк аҳолисини камайтириб, арманлар сонини кўпайтирди. 1828-1829 Усмоний-рус уруши даврида Усмоний ҳудудидан ва Эрондан ўн минглаб арманларни кўчиртириб, аҳоли сонини арманилар фойдасига ўзгартиришни бошлади. Шаҳардаги масжидлар черков ёки омборга айлантирилди. Биринчи жаҳон уруши ва ундан кейин Чор Россияси арманларни яна минтақага кўчириши ва мусулмонларни Туркияга ёки Туркистонга (Ўрта Осиё) кўчиб кетишга мажбурланиши Равон ва атрофидаги жойларнинг Арманистонга айлантирилишдаги сўнгги ҳамла эди. Арман вилояти қурилганида аҳолининг 74% мусулмонлар эди. Арманлар сони 21%дан 1916 йили 58%га етди. Худди шу ҳолат минтақа маркази Равонда ҳам юз берди. 1908 йили Равоннинг 59% турк бўлиб, 1917 йили бу кўрсаткич 45%га тушди.

1917 йили Чор Россиясининг қулашидан кейин Арманистон Республикаси қурилди. Равон номи Ереван деб алмаштирилди. Бу даврда Кавказда илгарилаётган Усмоний қўшини Равонни олди. Лекин ўша давр шартларига кўра шаҳар қайтариб берилди. Қумру келишуви орқали Туркия-Арманистон чегаралари белгиланди. Собиқ иттифоқ даврида Арманистондаги туркча жой номлари ўзгартирилиб, туркларга оид излар ўчирилди. 


Бошқа мақолалар