Тауэрдаги қарғалар сири


  • 9 Апрель, 2018
  • 1304

Қора қарғалар мистик қушлар ҳисобланади. Бундан ташқари улар Лондон тауэрининг қадимий рамзи сифатида ҳам маълум. Уларнинг бу ерда яшаш тарихи 17-асрдан бошланади. Ўша вақтда қирол Чарльз II саройда ҳар доим 6 та қарға қолиши кераклиги ҳақида фармонни имзолайди. Бу анъанага айланиб, ҳозиргача давом этиб келмоқда.

1666 йили Лондон марказида улкан ёнғин юз бериб, уч кунгача уни бартараф қила олишмайди. Чарльз II ўз саройида қолиши билан одамларни ёнғинга қарши курашда илҳомлантиради ва олов саройга ўтишидан олдин ўчиришга муваффақ бўлишади.

Ёнғиндан кейин Лондонда ҳақиқий хаос бошланади. Аҳоли ёнғин оқибатларини бартараф қилишга киришади. Лекин текин ўлжа илинжида шаҳарга ёввойи ҳайвонлар, минглаб мушук, тўнғиз ва қарғалар, ёпирилиб келади. Бу эса одамлар учун турли касалликларни келтириб чиқаради. Шунда қирол шаҳар аҳолисини сақлаб қолиш учун ёввойи ҳайвонларни йўқ қилишни буюради.

Сарой мунажжими агар саройда бирорта ҳам қарға қолмаса, қироллик қулаши ҳақида огоҳлантиради. Чарльз II бу маслаҳат бўйича иш тутиб, Тауэрда 6 та қарға олиб қолишни ва уларга яшашлари учун қулай шароит қилиб беришга кўрсатма беради. Шу тариқа қарғаларни парвариш қиладиган махсус кузатувчилар пайдо бўлади.

Шундан буён ҳозиргача Лондонда ​қироллик оиласи аъзоси ҳисобланадиган 6 та қарға яшаб келади ва уларнинг парвариши қиролликнинг энг яхши кузатувчилари тарафидан амалга оширилади. Қиролича Елизавета II уларнинг яхши озиқланишини таъминлаб туради. Қарғалар кунига 170 грамм хом гўшт ейишади. Бундан ташқари қуруқ емни қонга бўктирган ҳолда беришади.

Саройда 6 та яшаши шарт бўлган қарға, битта “заҳира” ва битта “ўқувчи”, жами саккизта қарға давлат маблағига таъминланади. Кўплаб одамлар бу қарғаларсиз қироллик қулашига ишонишади. Улар сарой ҳудудида эркин ҳаракатланиб юришади, лекин қанотлари қирқилганлиги туфайли учиб кета олишмайди.

Иккинчи жаҳон уруши давридаги бомбардимондан фақат битта қарға омон қолади. Шунда Уинстон Черчилль саройдаги қарғалар сонини тиклаш бўйича қарор чиқаради. Ўша вақтдан буён қарғалар қироллик армияси сафига киритилган. Лекин кузатувчилар ва қироллик оиласи аъзоларидан бўлак одамларнинг уларга яқинлашиши мумкин эмас. Қарғаларнинг ҳатто ўз исмлари ҳам бор.


Бошқа мақолалар