- 2020-10-28
Уммон кўрфазида иккита танкер торпеда ва сув ости минасига тўқнашиб портлади. Норвегия кемаси “Front Altair” манбанинг маълумотига кўра, торпедадан шикастланган. Унинг экипажини Эрон қутқарув кемаси эвакуация қилган. Япониянинг “Kokuka Courageous” танкери эса тахминларга кўра, магнит минаси ёрдамида портлатилган.
Япон танкери Саудия Арабистонидан Сингапурга метанол юклаб йўлга чиққан эди. Нашрларнинг хабарига кўра, кема чўкмаган, лекин экипаж аъзолари эвакуация қилинган. Норвегия танкери 75 минг тонна нефть билан Бирлашган араб амирликларидан Тайванга қараб йўл олганди. Бу кема ҳам чўкмаган. Иккита танкер бортида жами 44 экипаж аъзоси бўлган.
Халқаро танкер ассоциацияси раҳбари Паоло д'Амико кўрфаз орқали 30% нефть хомашёси ўтишини билдирди. Унинг гапларига кўра, ушбу вазият хомашёни ғарб ўлкаларига етказишни хавф остига қўяди. АҚШ ҳукумати бу портлашларда Эронни айблади. Баҳрайнда жойлашган АҚШ флотининг вакиллари экипаж аъзоларига кўмак кўрсатаётганлигини маълум қилишди. Буюк Британия ушбу ҳолатдан қаттиқ ташвишда эканлигини билдирди. Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф эса портлашларнинг айнан Япония бош вазири Абе Синдзо Теҳронга ташриф буюрган вақтда юз берганлиги жуда шубҳали эканлигини таъкидлади.
Танкерларнинг портлаши нефть нархининг кескин кўтарилиб кетишига сабаб бўлди.