Ибн Баттута ким?


  • 21 Апрель, 2021
  • 499

Ислом сайёҳлари ҳақида гап кетганда сиз энг биринчи эшитадиган исм бу ибн Баттутадир. Ибн Баттута — 1304 йили Марокконинг Танжер шаҳрида туғилган. Отаси қози бўлиб, унинг таҳсилига катта эътибор қаратади. 1324-1325 йиллари 21 ёшида ҳаж амалини адо этади. Шу вақтлар у ўзида оламни кезишга иштиёқ сезиб, саёҳатларга берилиб 20 йилдан ортиқ уйга қайтмайди.

Дунёни кезиб, оламни ўз кўзлари билан кўриш иштиёқида у 117 минг км йўл босган. Ибн Баттута европалик сайёҳ Марко Полодан 24 минг км кўп йўл юрган ва ўз саёҳатларидан салмоқли мерос қолдирган. Ибн Баттутанинг саёҳатлари маънавий қизиқиш, янги нарсаларни билиш ва ўрганишга интилишга тўла.

22 йиллик саёҳатлари ва кўрган-кечирганлари ҳақида китоб ёзди. Бу китоб “Рихла” (Саёҳат) номи билан машҳур.

Ибн Баттута саёҳат қилган ҳамма жойни қоплаб олиш қийин, лекин қуйидаги рўйхат хронологиясини намоён қилади.

Шимолий Африка

Миср ва Левант

Арабистон ярим ороли

Ироқ ва Эрон

Қизил денгиз ва Шарқий Африка

Византия ва Афғонистон

Ўрта Осиё чўллари, Хулокуийлар давлати

Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш

Шри-Ланка ва Малдив ороллари

Хитой

Андалусия

Мали империяси

 

Шимолий Африка соҳиллари

Ибн Баттута Танжердан ёлғиз ўзи эшакка минган ҳолда йўл-йўлакай карвонларга қўшилиб йўлга чиқди. Ўрта ер денгизи орқали Жазоир соҳилларига етди. Бу ердан Хафсидлар (Шарқий Жазоир, Тунис ва Ғарбий Ливия) ҳудудига ўтди.

Тунисга етиб келгач, Ибн Баттута мадраса ва сўфиларнинг уйида тунади. Тунис бозорларига бутун Африкадан маҳсулотлар келиб, қайсидир маънода маданий марказ ҳисобланарди. Баттута бу ерда илк бор Сахара чўли олтинларини, фил суяги ва туяқуш патини кўриб, зайтун ёғи ва табиий тери ҳидини ҳис этди.

1326 йили у Қоҳирани зиёрат қилишни истади. Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб у Искандарияга етиб келади. Ибн Баттута оламнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Искандария маёғига маҳлиё бўлиб, портда бир неча ҳафта қолиб кетади. Кейинроқ у Искандария бутун саёҳати давомида энг чиройли 5 та жойдан бири эканлигини айтади.

Ибн Баттута Қоҳирани шундай таърифлайди: “Шаҳарлар онаси... Унумдор тупроқ ва чегараси йўқ қурилишларга эга. Бу ер келаётганлар ва кетаётганлар учрашадиган ҳамда заифлар ва кучлилар тин оладиган жой.”

Ибн Баттута мамлюкларнинг Дамашққа олиб борадиган расмий йўлида саёҳат қилиб юриб, у муқаддас тупроқларга йўл олади.

В У ал-Халил шаҳрида Иброҳим масжидини зиёрат қилади ва ҳозирда Исроил нзоратида бўлган Иброҳим мажмуасидаги янги қурилган ал-Жавали масжидини кўришга муваффақ бўлади. Қудусда муқаддас ал-Ақсо масжидини зиёрат қилади.

Ибн Баттута ҳажга карвонда минглаб бошқа ҳаж сафарига чиққан йўловчилар билан отланади. Мадина шаҳрига етиб, у ерда 4 кун масжидларда қолади. Бир йилдан ошиқ давом этган саёҳатларидан кейин ибн Баттута ҳаж ибодатини амалга оширади.

Ибн Баттута араб ва форс мерослари уйғунлашган Басра шаҳрини, 1258 йили мўғуллар ҳужумидан кейин бўшаб қолган Бағдод шаҳрини зиёрат қилиб, Табризга йўл олади.

Туркиянинг шарқий вилоятиларини зиёрат қилган Ибн Баттута маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва қўли очиқлигига лол қолади. Онадўлини кезиб, маданий ранг-баранглик, шаҳар инфраструктураси катта таассурот уйғотади.

Бу ердан сўнг ҳозирги Россия ҳудуди бўлган Олтин ўрда хонлигига боради.

Ибн Баттута Византия қиролининг қизи бўлган Ўзбек хоннинг ҳомиладор аёли Константинополга қайтаётганида унинг карвонига қўшилади. У илк бор мусулмон диёрини тарк этаётганди, чунки Константинополь ўша вақтлар христиан шаҳри эди.

Константинополдан кеейин Ибн Баттута Ҳиндистонга сафар қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Афғонистон тоғлари орқали Ҳиндистонга (ҳозирги Покистон ҳудуди) етиб боради.

Ибн Баттута Хитойда, Мальдив оролларида, Шри-Ланкада бироз вақт ҳаёт кечиради. Гибралтар бўғозидан ўтиб, ҳозирги Испания ҳудудлари, қадимги Андалус тупроқларига боради. У ерда Валенсиянинг апельсин боғлари, ҳисобсиз масжидлар, ҳаммомлар ва саройларни кўриб завқ олади

Ниҳоят Ибн Баттута ўз ватанининг жануб тарафига равона бўлади. У Нигер дарёси оқими бўйлаб саёҳат қилади.

Ибн Баттута саёҳатларидан қайтгач, кўрган-кечирган саргуштлари ҳақида китоб ёзади. У 1369 йили Марокашда вафот этади.


Бошқа мақолалар