- 2018-11-15
Амир Темур тарихнинг энг буюк жаҳонгирларидан биридир. Отаси турк Барлос қабиласининг раисларидан Амир Тўрғай ёки Тарағай, онаси Тигин хонимдир. 1336 йили Туркистон ўлкасининг Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида дунёга келди. 1370 йили 34 ёшида Балх ҳокими бўлди. Чингиз авлодидан уйлангани учун Кўрагон «хоннинг куёв боласи» дея ном олди.
Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳеч мағлубиятга учрамаган. Оз вақт ичида бутун Туркистон ва Эронни қўлга киритди. Хитойдан Деҳлигача бўлган бутун Осиёни, Ироқ, Сурия ва Измиргача бўлган бутун Онадўлини фатҳ қилди. Хитойга икки юз минг аскар билан йўлга чиққан Амир Темур Ўтрорда вафот этди. Уни ҳаётлигида севимли невараси Муҳаммад Султон учун Самарқандда қурдирган мақбарага олиб бориб дафн этдилар.
Моддий ва маънавий фазилатлар эгаси ва дунёдаги энг буюк саркардалардан бири бўлган Амир Темур ҳақида тарихчилар шундай дейди:
"Бўш вақтларини олимлар даврасида илм олишга сарфлаган илм ошиғи ҳукмдордир. Уч юз одам билан ўн минг одамлик қўшинни мағлубиятга учратган тенги йўқ саркарда эди."
Амир Темур ўлим тўшагида ётганида фарзандларига қуйидагича васият қилди:
“Ўғилларим!
Миллатимнинг саодати, гуллаб-яшнаши учун васиятим ва тузукларимга ҳар доим амал қилинглар, ҳеч қачон унутманглар!
Сизларнинг вазифангиз халқнинг дардига дармон бўлишдир.
Заифларни, бева-бечораларни ўз ҳимоянгизга олинг. Адолатли бўлишни ва яхшилик қилишни ўзингизга дастур деб билинг. Мендек узоқ вақт ҳукм суришни хоҳласангиз, қиличингизни қинидан чиқаришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг. Қиличингизни қўлга олгандан кейин эса, уни моҳирлик билан қўлланинг. Орангизга низо ва нифоқ туширмасликка қаттиқ аҳамият беринг. Баъзи ҳасадгўйлар ва душманларингиз орангизга низо солишга уринади. Бу ҳолатлардан чиқиш йўлларини ва идора шаклини васиятимда сизларга билдирдим. Васиятимга риоя қиладиган бўлсангиз, ҳукмронликни қўлдан чиқармайсизлар. Отангизнинг ўлим тўшагида айтган бу сўзларини асло унутманг. Мендан кейин сизнинг ҳоқонингиз Пирмуҳаммад Жаҳонгирдир. Унга менга итоат этгандек итоатда бўласиз.
Энди унга содиқлиқ учун қасамёд ичинг!”
Бутун қўмандон ва сарой аҳли буюк саркарданинг сўнгги сўзларидан қаттиқ таъсирланиб, кўз ёшларини тута олмай йиғлаган ҳолда қасамёд этишди.