Қозоғистон, Россия ва Хитойни боғловчи халқаро йўл тўлиқ битказилди


  • 17 Октябрь, 2025
  • 27

Бугун “Қалбато – Майқапшагай” йўналишининг сўнгги, 415-чақирими фойдаланишга топширилди. Давлат раҳбари топшириғига биноан транспорт ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш дастури доирасида барпо этилган ушбу йўл Қозоғистон, Россия ва Хитойни боғлайди. Бу ҳақда Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Йўл катта стратегик аҳамиятга эга бўлиб, “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” халқаро коридорининг муҳим бўғини ҳисобланади. У ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш ва саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, йўл қурилиши туфайли участка ўтказиш қуввати анча ошган. Бу Хитойдан Қозоғистон орқали Россияга энг қисқа йўл ҳисобланади. Энг муҳими — ҳаракат хавфсизлиги таъминланган.

“Қурилишда замонавий технологиялар ва материаллар қўлланилди. Бутун қурилиш жараёнида иш сифатини муаллифлик ва техник назорат, шунингдек, Миллий йўл активлари маркази кузатиб борди. Шунингдек, қурилиш компаниясининг шахсий лабораторияси ҳам фаолият юритди”, — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Айтилишича, йўл қурган компания икки йил давомида кафолатли хизмат кўрсатишни давом эттиради. Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Нуримбет Сақтағанов таъкидлашича, “Омск – Майқапшагай” автойўли кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишига туртки беради. Замонавий ёқилғи қуйиш шохобчалари, овқатланиш масканлари, дўконлар ва санитар-гигиеник иншоотлар қурилиши бўйича меморандум имзоланган.

Шунингдек, йўл бўйлаб кафе ва меҳмонхоналар қурилади. Яна бир муҳим жиҳат — ушбу йўл вилоятдаги сайёҳлик жойларига олиб боради.

“Лойиҳа доирасида еттита кўприк ва 223 та сув ўтказувчи иншоот қурилди. Бу — пудратчиларимиз ва йўлчиларимизнинг катта меҳнати самарасидир. Улар туфайли йўлнинг ўтказиш қуввати ошди, энг асосийси — ҳаракат хавфсизлиги таъминланди”, — деди ҳоким Нуримбет Сақтағанов.

Ҳокимлик маълумотига кўра, лойиҳа 2017 йилда бошланган. Ҳозир айрим участкаларда якунловчи ишлар — йўл белгиларини ўрнатиш, қордан ҳимоя тузилмалари ва тўсиқ панжараларини қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар йил охиригача тугатилади.

Энг муҳими — бу ишлар автомашиналар ҳаракатига тўсқинлик қилмаяпти. Йўлнинг очилишида Шарқий Қозоғистон ва Абай вилоятларидан келган Қозоғистон Республикаси Мажлиси депутатлари ҳам иштирок этди.

“Кўриб турибсизлар, Майқапшагай божхона постидаги йўл орқали Россияга қанча машина ҳаракатланмоқда. Бу — Россия Федерациясига энг қисқа йўл. Биз бундан фойдаланиб, ишлашимиз керак. Шунингдек, Иртиш орқали сув йўли ҳам мавжуд, бу масала ҳам кўтарилмоқда. Туғил орқали темир йўл — Майқапшагайгача 100 километр, қолган масофада эса товарларни Об булоғига ва Шимолий Муз океанигача сув йўли орқали ташиш мумкин”, — деди “Аманат” фракцияси депутати Луқбек Тумашинов.


Бошқа мақолалар