40 минг йил аввалги микроорганизмлар қайта тирилтирилди


  • 6 Октябрь, 2025
  • 32

Аляскада тахминан 40 минг йил давомида ер, тош ва муз қатламларида сақланган микроорганизмлар аниқланди. Назорат қилинган тажрибаларда музлаган тупроқ эриганда, микроорганизмлар бир неча ойдан сўнг узоқ уйқудан уйғонгандек фаоллашиб, колониялар ҳосил қила бошлагани кузатилди. Олимлар бу ҳолат янги пандемия хавфини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Колорадо университети (Боулдер) олимлари Аляскада муз ҳолатида сақланган микроорганизмларни лаборатория шароитида қайта фаол ҳолатга келтиришган. Кўз билан кўрилмайдиган бу жонзотлар “пермафрост” деб аталувчи музлаган ер қатлами ичида сиқилиб қолган ҳолда топилган. Олимлар тажрибаларда тупроқ эриши билан микроорганизмлар дарҳол фаоллашмаганини, лекин бир неча ойдан кейин ўсиб ривожлана бошлаган колониялар ҳосил қилганини аниқладилар.

Daily Mail нашри ёзишича, бу кашфиёт жиддий хавотирни ҳам келтириб чиқарган, чунки бундай микроорганизмлар келгуси пандемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган хатарли патогенларни ўз ичида сақлаши эҳтимолдан холи эмас.

Тадқиқот раҳбари, геология бўйича мутахассис доктор Тристан Каро шундай деди:

“Бу намуна ҳақиқий ўлик эмас, улар қайта фаоллаша олади.”

Микроорганизмлар қайта фаол бўла бошлаганда, улар глобал исишни кучайтирадиган иссиқхона гази — карбонат ангидрид (CO₂) чиқара бошлаган. Тадқиқот гуруҳи Аляскадаги Фэрбенкс шаҳри яқинидаги Пермафрост тадқиқот туннелида иш олиб борган.

Бу туннел 1960-йилларда иқлим ўзгаришини ўрганиш мақсадида муз қатлами ичида қурилган бўлиб, ҳозирда “музли қабристон” деб аталади. Пермафрост — шимолий ярим шарнинг тўртдан бир қисмини қоплаган, тупроқ, муз ва тошнинг қотиб қолган қўшилмасидир.

Олимлар туннел деворларидан минг йиллар давомида сақланган музлаган тупроқ намунасини олиб, унга сув қўшган ҳолда 3°C ва 12°C ҳароратда сақлашди. Бу ҳарорат инсон учун совуқ бўлса-да, Арктика учун иссиқ ҳисобланади. Доктор Каро бу ҳақда шундай деди:

“Бу ҳароратлар Аляска ёзларида музли қатлам чуқурроқ эриганда нима бўлишини моделлаштириш имконини беради.”

Олимлар микроорганизмлар одамларга зарар етказа олмаслигини айтган бўлса-да, барча тажрибалар қатъий назоратда ўтказилган. Илк ойларда колониялар жуда секин ўсган — баъзи ҳолларда 100 минг ҳужайрадан фақат бири янгиси билан алмашган. Бу жараён “секин уйғониш” деб таърифланди.

Олти ойдан кейин эса микроблар тузилмаси кескин ўзгарган. Улар янги, мустаҳкам ва бошқалардан фарқли шаклдаги колониялар ҳосил қилган. Айримларида микроорганизмлар жуда қаттиқ ёпишиб қоладиган “биоплёнка” деб аталувчи шиллиқ қатламлар ҳосил қилган.

Journal of Geophysical Research: Biogeosciences журналида чоп этилган мақолада айтиллишича, бу микроорганизмлар ҳужайра деворларини ҳосил қилиш учун турли хил ёғли липидлардан фойдаланган. Бу моддалар уларга минг йиллар давомида музли ва қоронғу муҳитда тирик қолиш имконини берган бўлиши мумкин.

Микроорганизмларнинг шунча йил фаолсиз ҳолатда қолиб, кейин қайта фаоллашиши мумкинлиги Арктикадаги муз ерларнинг инсонлар учун янги ва хавфли касалликлар манбаига айланиши эҳтимолини кучайтирмоқда.

Шу билан бирга мутахассислар бу микроорганизмлар фақат тирик жонзот танаси орқали яшай олишини ва Пермафростнинг табиати туфайли бу ҳудудлар узоқ ва етиб бориш қийин жойларда жойлашганини таъкидлашди — яъни хавф ҳозирча чекланган.

Аммо олимлар “биргина омадсиз ҳолат”да бу микроорганизмлар одам ёки ҳайвон организмига тушиши пандемияга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

2022 йилда ҳам Сибирда 48 500 йил давомида муз ер ичида сақланган Пандоравирус номли қадимги вирус қайта фаоллаштирилган эди. У инсон учун хавфсиз деб ҳисобланган бўлса-да, олимлар келгусида муз ерлар эриши билан бошқа вируслар чиқиб, янги пандемиялар келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Швециялик инфекция мутахассиси доктор Бригитта Эвенгард антибиотикларга чидамли бактериялар Арктика манбалари орқали тарқалиши мумкинлигини билдирган. Greenpeace вакили эса шундай деган:

“Пермафростдан чиқиши мумкин бўлган икки вирусни биламиз — антракс (сибир куйдиргиси) ва чечак вируси. Қолгани эса гўё Пандора қутиси каби номаълум хавфлар билан тўла.”


Бошқа мақолалар