9 доллар учун 90 киши ўлди


  • 22 Апрель, 2023
  • 164

Хусийлар назоратидаги Яман пойтахти Санода рамазон ҳайити олдидан тарқатилган пул ёрдамидан олишни хоҳлаганлар издиҳомни юзага келтиришди.

Яман пойтахти Санода икки бизнесмен рамазон ҳайити муносабати билан бир мактабда ёрдам пули тарқатилиши эълон қилди. Одам бошига тахминан 9 долларлик ёрдам пули тарқатилишини эшитган юзлаб кишилар мактабга оқиб келди. Хавфсизлик кучлари вазиятни назорат остида тутиб туролмади ва издиҳом юз берди. Юзлаб кишилар оёқ остида эзилиб, 90 киши ҳаётдан кўз юмди ва 320 киши жароҳат олди. Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда ёрдам пули тарқатишни ташкил қилган иккита бизнесменнинг ҳибсга олинганлиги ва тергов давом этаётгани айтилди. Издиҳомдан жавобгар бўлган бизнесменлар масъуллар билан келишган ҳолда иш олиб бормаганликда айбланмоқда.

Ҳодиса гувоҳлари эса пойтахт назоратини бир неча йилдан бери ўз қўлида тутиб келаётган хусийлар оломонни тартибга солиш учун ҳавога ўқ узганлигини, узилган ўқ бир электр симига тегиб, портлаш юз берганлигини, натижада аҳоли ваҳимага тушиб издиҳом юз берганлигини айтишмоқда.

Эрон дастакли хусийлар Яманда 2015 йил юз берган ички уруш бошлангандан бери пойтахтнинг назоратини қўлида тутиб келмоқда. БМТ Ямандаги тўқнашувларнинг 377 мингдан ортиқ ўлимга сабаб бўлганлигини, ўлимларнинг 60%ини очлик, соғлиқ хизмати етишмаслиги ва тоза бўлмаган ичимлик сувидан келиб чиққанлигини айтмоқда.


Бошқа мақолалар