Россия мудофаа вазири ўринбосари ҳибсга олинди


  • 25 Апрель, 2024
  • 104

Россияда 23 апрель куни мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов қўлга олинди. У миллион рубль миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Тергов қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, вазир ўринбосари Россия Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми билан  (ўта йирик миқдорда пора олиш) айбланмоқда. Ушбу модда бўйича энг максимал жазо 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.

Ивановнинг ҳибсга олиниши қурилиш шартномаларини амалга оширишдаги коррупция билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Россия мудофаа вазири ўринбосари билан бирга коррупция иши бўйича пул ўтказмаларига алоқадор яна бир неча киши қўлга олинган. Тимур Иванов Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланиб, Тергов қўмитаси марказий аппарати терговчиларига олиб кетилган.

Тимур Иванов 2016 йилнинг май ойида Мудофаа вазири ўринбосари лавозимига тайинланган бўлиб, мулкни бошқариш, қўшинларни чораклаштириш, уй-жой ва тиббий таъминлаш, шунингдек, Мудофаа вазирлиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни ташкил этишга масъул эди.

“Коммерсант”нинг хабар беришича, Иванов вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб кетилган. 24 апрель куни тергов уни ҳибсга олиш учун судга мурожаат қилди.

daryo.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар