- 2020-11-26
34 ҳарфдан иборат ва лотин ҳарфларига асосланган “Ҳамкор туркий алифбо” борасида келишувга эришилди. Муштарак алифбо устида иш олиб борилаётган бир вақтда сиёсий қарорлар чиқарилиши ҳам кутилмоқда.
Турк оламида йиллар давомида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган ҳамкор алифбо учун катта қадам ташланди. Туркий жамиятларнинг сиёсий ва маданий жиҳатдан янада яқинлашувига сабаб бўлиши кутилаётган “Ҳамкор туркий алифбо” учун туркий давлат ташкилоти ташкил қилган турк олами ҳамкор алифбо қўмитаси Бокуда бир қарорга келди. 34 ҳарфдан иборат ва лотин ҳарфларига асосланган алифбо борасида ишлар давом этади. Туркияда ишлатилмайдиган 5 та ҳарф (Ä - Ň - Ŭ -Q - X) ўрин олган муштарак алифбо туркий давлатлар ташлайдиган сиёсий қадамлар билан яқин йилларда фойдаланишга киритилиши мумкин.
Туркиялик профессор Ҳаёти Девели: “Албатта ҳамкор алифбониннг бир қатор қийинчиликлари бўлади. Лекин бунга қарамай Ўрта Осиёдаги туркий давлатлар бу ҳолатга тезда мослашиб кетади деб ўйлайман. Чунки Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳозирда лотин алифбосига асосланган алифбодан фойдаланмоқда. Қозоғистон ҳам лотин алифбосига ўтиш учун жиддий киришди. Лекин тил бу алифбодан иборат эмас. Бир-бирига узоқ бўлган лаҳжаларда гаплашадиган одамлар биргина алифбо билан бир-бирларини тушунишлари имконсиз. Бу муштарак алифбо кўпроқ илмий ва дипломатик йиғилишларда ишлатилади”, деди.
Профессор Кемал Явуз “Тарих мобайнида алифбо бирлиги сақланиб қолган даврларда туркий давлатлар буюк бўлди. Бугунга келиб ҳамкор алифбо билан турк олами бир-бирини яна осон тушунуши мумкин бўлади. Ушбу алифбо туркий давлатлар ичида осонлик билан ўз ўрнини эгаллайди деб ўйлайман. Чунки турк оламидаги калималарнинг 80%га яқини ўхшаш”, деди.