- 2020-04-20
АҚШ Зангезур йўлагини — Арманистон ҳудудида жойлашган ва асосий Озарбайжонни унинг эксклави Нахчивон билан боғлайдиган 32 километрли йўлакни — вақтинчалик бошқарувига олишни таклиф қилди. Бу таклиф Ереван ва Боку ўртасидаги музокаралардаги зиддиятларни бартараф этиш мақсадида илгари сурилган.
Вашингтон Жанубий Кавказ орқали ўтувчи муҳим транспорт йўлагининг асосий қисмини бошқаришга тайёр эканини билдирди. Бу маълумотни АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, Америка томони йўлакни 100 йиллик муддатга хусусий америкалик компания орқали ижарага олишга тайёр.
«Улар 32 километрли йўл устида тортишмоқда, лекин бу ҳазил эмас. Бу тортишув ўн йилдан бери давом этяпти — атиги 32 километр. Америка келиб, шундай дейди: “Хўп, бизнинг бошқарувимизга беринг. Бу йўлни биз 100 йилга ижарага оламиз, сўнг уни сизлар ўртада бўлишиб фойдаланаверасизлар,”» — деди элчи Баррак.
Барракнинг сўзларига кўра, ташаббус Туркиядан чиққан ва АҚШ ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган. Бироқ Арманистон томони йўлнинг Нахчивон орқали ўтадиган қисмида ҳам ушбу компания ишлаши кераклигини талаб қилган. Бу эса Озарбайжон томонидан номақбул аралашув сифатида баҳоланди.
Озарбайжон Ереваннинг йўлакка тўлиқ назорат қилишига қарши бўлиб, йўлдан тўсқинликсиз фойдаланиш бўйича кафолатлар талаб қилмоқда.
Коридор назоратига оид тортишувлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномаси лойиҳасини имзолашга тайёргарлик жараёнида юз бермоқда. 2025 йил март ойига келиб, икки мамлакат 17 моддадан иборат келишувнинг 15 моддаси ва преамбула бўйича келишувга эришган, аммо халқаро даъволар ва учинчи тарафларни жойлаштириш масалалари ҳали очиқ қолмоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон июль бошида Арманистоннинг мавқеида ижобий ўзгаришларни қайд этган:
«Аввал Арманистон Зангезур йўлагига қаршилик кўрсатарди, энди эса у иқтисодий интеграцияга нисбатан анча юмшоқ ёндашувни кўрсатмоқда», — деган Эрдўғон.
Унга кўра, минтақани ривожлантириш лойиҳаси нафақат Эрон, балки бутун Жанубий Кавказ учун ҳам манфаатлидир.
Аввалроқ Абу-Дабида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу 40 йилга яқин давом этган низолардан сўнг икки мамлакат етакчилари ўртасидаги биринчи расмий икки томонлама учрашув ҳисобланади. У 10 июль куни бўлиб ўтди.