Ермек Кошербоев ташқи ишлар вазири бўлди


  • 26 Сентябрь, 2025
  • 17

Давлат раҳбарининг фармони билан Ермек Беделбоевич Кошербоев Қозоғистон Республикасининг ташқи ишлар вазири этиб тайинланди ва олдинги лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрда давлат раҳбарининг фармони билан Мурат Нуртлеу ташқи ишлар вазири лавозимидан озод қилиниб, халқаро инвестиция ва савдо ҳамкорлиги бўйича Президент ёрдамчиси этиб тайинланган эди.

Ермек Кошербоев — Киров номидаги Қозоқ давлат университети ("тарихчи") ва СССР Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия академияси ("дипломат") битирувчиси.

У меҳнат фаолиятини Қозоқ ССР Ташқи ишлар вазирлигида бошлаган. Қозоғистон ТИВ тизимида турли лавозимларда ишлаган, шу жумладан, Швейцариядаги элчихонада ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Президент девонида маслаҳатчи, Президент протокол хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи, Бош вазир ёрдамчиси сифатида ҳам ишлаган.

Сўнгра “Нурсултон Назарбоев таълим фонди”, “ҚазТрансОйл” ва “ҚазМунайГаз” компанияларида фаолият юритган. 2003 йилда “Рауан Медиа Групп”нинг бош директори бўлган. Кейин яна “ҚазМунайГаз”да ишлаб, “Атамекен” уюшмаси, “Отан” партиясида турли лавозимларни эгаллаган, “Беркут” молиявий-саноат гуруҳи директори ва KazEnergy ассоциацияси ижрочи директори сифатида ишлаган.

2008 йилда яна “Рауан Медиа Групп”га қайтиб, 2009 йилда СПК “Ертис”га раҳбар бўлган. 2010 йилда Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимининг ўринбосари (ўша пайтда ҳудудга Бердибек Сапарбоев раҳбарлик қилган) этиб тайинланган. 2014 йилда қишлоқ хўжалиги вице-вазири, кейинчалик эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул котиби бўлган.

Шундан сўнг Ермек Кошербоев Ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтиб, турли пайтларда масъул котиб ва вазир ўринбосари лавозимларини эгаллаган. 2020 йил январь ойида Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси бўлган.

2023 йил 16 июнда Қосим Жўмарт Тўқаев Ермек Кошербоевни Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими этиб тайинлади.

2025 йил 14 февралда эса Президент фармони билан Ермек Кошербоев Бош вазир ўринбосари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзининг баъзи ёрдамчи ва маслаҳатчиларини лавозимидан озод этганди.


Бошқа мақолалар