Туркистонда янги заводнинг капсуласи қўйилди


  • 19 Декабрь, 2025
  • 14

Туркистонда йилига 10 миллион метр жинси матоси ишлаб чиқариладиган заводнинг капсуласи қўйилди. Туркистон вилоятида иқтисодий ҳолатни яхшилаш, ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бугун Туркистонда шу мақсадда навбатдаги лойиҳага старт берилди: жинси матолари ишлаб чиқарадиган корхонанинг пойдевори қўйилди. Пахта ипини йигириш ва жинси матолари ишлаб чиқариш тармоқлари қурилишининг капсула қўйиш маросимида Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров ва «Hygeia Textile Kazakhstan» МЧЖ директори Жин Ёуйй иштирок этди.

«Бугун Туркистон минтақасининг енгил саноат соҳасида стратегик муҳим лойиҳанинг пойдевори қўйилмоқда. Махсус иқтисодий зонада «Hygeia Textile Kazakhstan» МЧЖнинг жинси матолари ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланмоқда. Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида мамлакатнинг янги иқтисодий йўналишини белгилаб берди. Асосий ғоя – давлатимизни инновациялар ва рақамли технологияларга асосланган иқтисодиётга ўтказишдир.

Биринчи навбатда, иқтисодиётни диверсификация қилиш вазифаси қўйилган. Шу муносабат билан биз Туркистон вилоятида пахтачилик кластерини ривожлантиришни бошладик. Бундан буён минтақада етиштирилган пахта 100 фоиз ўзимизда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот чиқарилади. Бугун пойдевори қўйилган мана шундай заводлардан бири мамлакатимиз тўқимачилик саноатини янги босқичга олиб чиқади. Бу ерда йилига 30 минг тонна пахта ипи ва 10 миллион метр жинси матоси ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотлар Европа ва Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинади. Лойиҳа хусусий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда», — деди вилоят раҳбари.

Лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари:

Ишлаб чиқариш қуввати: йилига 10 млн метр жинси матоси.

Умумий қиймати: 23,3 млрд тенге.

Иш ўринлари: 1000 дан ортиқ янги иш ўрни.

Майдони: 20 гектар.

Амалга ошириш жойи: «Turan» махсус иқтисодий зонаси (икки босқичда).

Умуман олганда, индустриал зоналар, кичик ишлаб чиқариш парклари ва махсус иқтисодий зоналар фаолияти фаоллашгани натижасида вилоятда ўн ой ичида саноат маҳсулотлари ҳажми 1,3 триллион тенгега етди, ўсиш даражаси эса 113,4 фоизни ташкил этди.


Бошқа мақолалар