Қирғизистон Россияга қарши даъво билан судга мурожаат қилди


  • 28 Январь, 2026
  • 28

Қирғизистон меҳнат муҳожирларига суғурта полисларини расмийлаштириш рад этилгани сабабли ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) судига Россия устидан даъво аризаси билан чиқди. Бу ҳақда 27 январь куни Жўқорғу Кенгешнинг меҳнат, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар масалалари ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида маълум бўлди.

Қўмита аъзолари Россиядаги меҳнат муҳожирларини тиббий ёрдам олиш учун полислар билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлаш ишлари қандай кетаётгани билан қизиқдилар.

Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси (МТСЖ) раиси Азамат Муканов ЕОИИнинг бешта давлати ўртасида меҳнат муҳожирларига оид келишув мавжудлигини қайд этди.

“Бироқ, Россия томони бугунги кунда ушбу келишувнинг 96–97-моддаларини бузмоқда ва меҳнат муҳожирларининг оила аъзоларига мажбурий тиббий суғурта (МТС) полисларини беришни рад этмоқда. Қирғизистон ЕОИИ судига мурожаат қилди, жараён кетмоқда, қарор икки ҳафтадан кейин чиқарилади. Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Қирғизистонга келганида ҳам биз бу масалани кўтарган эдик”, — деди МТСЖ раҳбари.

Қирғизистон ва Россия ўртасида ижтимоий таъминот тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у ЕОИИга аъзо барча давлатларга тааллуқлидир. Қирғизистон 2015 йил август ойида ЕОИИнинг тўлақонли аъзосига айланган. Бишкек суд орқали Россияда ишлаётган ўз фуқароларининг оила аъзолари учун бепул тиббий суғурта ҳуқуқини таъминламоқчи.

РБК нашрининг эслатишича, Россия Федерациясининг МТС тўғрисидаги қонунига биноан, полис олиш ҳуқуқи ЕОИИ давлатларининг ишлаётган фуқаролари учун мустаҳкамлаб қўйилган, бироқ уларнинг оила аъзолари алоҳида тоифа сифатида кўрсатилмаган (агар уларда вақтинча яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномаси бўлмаса). Шу сабабли уларга МТС полиси берилмаяпти.

ЕОИИ суди Минск шаҳрида жойлашган. У ҳар бир иштирокчи давлатдан икки нафардан судьяни ўз ичига олади. Уларнинг ваколат муддати — тўққиз йил. Суднинг мақсади — ЕОИИ тўғрисидаги Шартнома ва бошқа халқаро келишувларни ягона тартибда талқин қилишдир.

ЕОИИ таркибига бешта давлат киради: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия. Иттифоқнинг ягона бош қароргоҳи йўқ, раҳбар органлар иттифоқнинг турли шаҳарларида жойлашган.


Бошқа мақолалар