Афғонистондан келтирилган ичимликлар сотувдан олинди


  • 26 Июль, 2024
  • 109

Қирғизистонда Афғонистондан келтирилган “Олтин ҳаёт” номли газланган анор суви ичимликларининг катта партияси сотувдан олинди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ушбу маҳсулотни аниқлаш ва сотувдан олиб ташлаш бўйича режадан ташқари текшириш ўтказилди.

Давлат санэпидназорат маркази маълумотига кўра, 58 та савдо нуқтаси ва бозор мажмуаси текширилган.

Маълумотда “Муассаса раҳбарларига ушбу маҳсулотни сотувдан олиш ва етказиб берувчиларга қайтариш талаб қилинган 65 та санитар йўриқнома топширилган. Етти минг 356 банка анор суви ичимлиги истеъмолдан олинган” деб хабар берилди.

Аввалроқ Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан касалликни олдини олиш департаменти ва давлат санитар-эпидемиологик назоратининг буйруғига кўра ушбу ичимликни сотувдан олиш тавсия этилганини маълум қилинганди.

Лаборатория текширувлари натижасига кўра, газланган ичимлик таркибида Е122 азорубин ранг берувчиси бўлиб, болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан кейин Ўзбекистон жамоат саломатлиги ва санитар-эпидемиологик қўмитаси маҳсулотни яна бир бор текширувдан ўтказишини билдирганди.


Бошқа мақолалар