Кентауда ер ости сувлари ва уйлардаги ёриқлар муаммоси


  • 3 Март, 2026
  • 15

Кентау шаҳри ер ости сувларига ботмоқда. Кунлар исиши ва қорнинг эриши билан сув сатҳи кескин кўтарилган. Шаҳарда кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини сув босган, натижада бинолар чўкиб, деворларида ёриқлар пайдо бўлмоқда.

“Ҳар куни янги ёриқ пайдо бўляпти, бошимизга сувоқлар тўкиляпти”, дейди уйда яшовчи ватандошлардан бири. Унинг айтишича, ҳокимият оддий одамларнинг муаммосига бефарқ қарамоқда.

Гап шундаки, Кентауда кўп йиллар давомида маъдан қазиб олинган ва ер остида бўшлиқлар қолган. 2000-йилларгача сув доимий равишда насослар билан тортиб олинган, бироқ кейинчалик бу иш тўхтатилган. Эндиликда ҳар баҳорда ертўлаларни сув босади, бу эса уйларнинг чўкишига сабаб бўлади.

Шаҳар Уй-жой коммунал хўжалиги бўлими раҳбари Талгат Искаковнинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш учун 11 та кучли насос ўрнатилган. Бироқ бу насослар беш йил аввал ўрнатилган бўлса-да, шу вақтгача ҳужжатларни расмийлаштириш билан банд бўлишган. Мутасаддилар уларни кейинги ойдан ишга туширишга ваъда бермоқдалар, аммо уларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.


Бошқа мақолалар