- 2025-09-23
АҚШни ва бугун содир бўлаётган воқеаларни тушуниш учун аввало ушбу саволни марказга қўйишимиз шарт: Қайси АҚШ?
Чунки АҚШнинг глобал фаол субъектга айланиш йўлини ҳамда бугун қайтадан глобал тизимнинг бош ижрочисига айланиш даъвосини тушунмасдан туриб, АҚШ–Исроил муносабатларини тўғри талқин қила олмаймиз. Шу сабабли сионистик тузилманинг АҚШ ичидаги таъсири томирларига ҳам албатта назар ташлаш лозим. Нима учун дейсизми?
Чунки Исроил қўли билан амалга оширилаётган фитна-иғволар, тўкилаётган қон ва минтақада узлуксиз юзага келтирилаётган низолар қандай қилиб каттароқ бир сценарийнинг бўлагига айланаётганини тушуниш учун бугунги кунни бироз ўтмишдан бошлаб таҳлил қилишимиз керак. Келинг, энди биргаликда ўтмишга назар ташлайлик...
Аввал Усмонийлар империяси, Чор Россияси ва Германия империяси парчалаб ташланди. Сўнг улардан қолган кенг ҳудудларда янги тизимлар барпо этилди. У пайтда Исроил ҳали мавжуд эмасди, бироқ Исроилнинг ташкил топишига замин бўладиган ҳудудларни шакллантириш жараёни аллақачон бошланган эди.
Германия глобал тизимдан суриб чиқарилди. Унинг барча кенгайиш имкониятлари чекланди. Бунинг устига, айниқса яҳудийларга қарши қирғин (геноцид) важ қилиниб ва бу омил келтириб чиқарган оғир тарихий масъулият орқали Германияга узоқ муддатли товон тўлаш тизими мажбуран сингдирилди. Германия вақт ўтиши билан Исроил хавфсизлигини устувор деб билувчи тузилманинг муҳим унсурларидан бирига айлантирилди...
Совет Иттифоқи тузилди. Диний ва миллий ўзликка оид нимаки бўлса, оғир тазйиқ ва зулмга дучор қилинди. Туркистон ва Кавказ йўналишининг ақлий ва фикрий замини барбод этилди. Россия ичидаги славян ўзлиги ва диний эътиқод шуури ҳам террор ҳамда тазйиқ остида топталиши таъминланди.
Усмонийлардан кейинги ҳудудлар эса қон, уруш, низо ва қоронғи саҳифалар билан юзма-юз қилинди... Хўш, нима учун?
Чунки жуда “порлоқ”, жуда “эркин” ва жуда “демократик” Исроил тузилмаси учун майдон ҳозирланаётган эди...
Тинчлик йўқолди. Чунки Исроилнинг минтақада оёқда тура олиши учун тинч ва барқарор ҳудуднинг мавжудлиги шакллантирилган тартибот учун ғов сифатида кўрилди...
Энди яна АҚШга қайтайлик...
АҚШ бугун ўз ичида ҳисоб-китоб қилишга мажбур. Чунки АҚШ яна глобал тизимнинг бош етакчиси бўлиш даъвосини илгари сурмоқда. Лекин бу ерда жиддий бир зиддият мавжуд.
Исроилга асос солган ва уни йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келаётган сионистик тузилма АҚШ ичида кучли таъсирга эга. Шу сабабли, агар АҚШ қайтадан глобал кучга айланишни истаса, ўз ичидаги кучлар мувозанатини ҳам ўзгартириш ва трансформация жараёнига киришишга мажбур.
Трампнинг олдидаги энг катта синовлардан бири айнан шу ердан бошланади.
Трамп нима учун Макка шартномасини олқишламоқда?
Чунки у қонли Исроилни ва геноцидчи Нетаньяхуни тўхтатишни истайди.
Исроилни бугун Туркия бошчилигида минтақадаги соғлом фикрли давлатларнинг салмоқли қисми тўхтатишни хоҳламоқда. Яъни бу офатнинг энди тўхтатилиши кераклигини тушунмаган ҳеч ким қолмади десар бўлади... Исроил Сурияга ҳужум қилмоқда. Нима учун?
Чунки у Туркияни гиж-гижламоқда, Туркиянинг хавфсизлик ҳудудини хавф остига қўймоқда ва ўз кенгайиш имкониятларини оширишга уринмоқда. Бироқ Трамп тасаввур қилаётган АҚШ нуқтаи назаридан бу ҳолат жиддий муаммодир. Чунки Исроилнинг назоратсиз тарзда кенгаяётган уруш сиёсати Трамп қайтадан глобал етакчига айлантирмоқчи бўлган АҚШ манфаатларига зид келади. Шу боис Трампнинг қаршисида фақатгина Нетаньяхуни тўхтатиш масаласи тургани йўқ. Бир вақтнинг ўзида АҚШ ичидаги сионистик тузилма билан курашиш зарурати ҳам мавжуд. Эҳтимол, Трампнинг энг катта синови айнан шу бўлар. Чунки энди ушбу саволни беришимиз лозим: Исроилнинг бу қонли ҳаракатлари аслида кимга хизмат қилмоқда?
АҚШдаги сионистик тузилма ҳақиқатан ҳам глобал миқёсда қудратли АҚШни хоҳлайдими? Ёки бугун содир бўлаётган воқеалар узоқ муддатда глобал Хитойнинг юксалишига хизмат қиладиган “яширин марказ” сценарийсининг бир қисмими? Инглизлар ушбу глобал воқеаларнинг қайси ўрнида турибди?
Бутун ушбу саволларга жавоб изламасдан туриб, содир бўлаётган воқеаларни фақатгина Нетаньяхунинг шахсий амбициялари орқали талқин қилиш чала бўлиб қолаверади.
Трамп Макка шартномасини эътироф этар экан, аслида Нетаньяхуга “тўхта” демоқда. Чунки Нетаньяхунинг тўхтамаслиги нафақат минтақа учун, балки Трамп тасаввур қилаётган АҚШ учун ҳам муаммодир.
Исроилнинг тажовузкорлиги эндиликда нафақат Ўрта Шарқни, балки Европани ҳам тўқнаштираётганини кўриб турибмиз. Европанинг кўплаб мамлакатлари Исроил сиёсатига нисбатан борган сари турлича позициялар эгаллай бошлагани тасодиф эмас.
Туркиянинг Ўрта денгиз атрофида янги иттифоқларга эътибор қаратаётгани ҳам ушбу манзара доирасида баҳоланиши керак. Испания ва Италия каби давлатларнинг янги мудофаа чизиқларига эҳтиёж сеза бошлашини Исроилнинг Шарқий Ўрта ер денгизда ҳукмронлик ўрнатишга уриниши билан биргаликда таҳлил қилиш лозим. Туркия ҳамда Испания ва Италия ўртасида имзоланган ва яқин истиқболда имзоланиши кутилаётган янги битимлар ҳам шу нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга.
Буларнинг бари бизга шуни англатади: Туркия мудофаа чизиғини кенгайтирмоқда. Ва энди бу танлов эмас, балки заруратга айланмоқда.
АҚШда сайловлар яқинлашаётган бир пайтда, Исроилда ҳам сайлов муҳити яна намоён бўлмоқда. Бундай манзарада Нетаньяху ҳокимиятда қолиш учун уруш риторикаси ва хавфсизлик инқирозига эҳтиёж сезишини исботлаши кераклиги аён.
Сурияга қилинган ҳужумлар ортида, албатта, кўплаб стратегик сабаблар бор. Бироқ улардан бири Нетаньяхунинг ички сиёсий келажагини уруш ва хавфсизлик кун тартиби орқали мустаҳкамлаш заруратидир.
Бироқ Исроилнинг мақсади фақат бугунги урушни бошқариш эмас! Исроил Иккинчи жаҳон урушидан кейин қўлга киритган имкониятларини янги дунё тартиботининг шаклланиш оғриқлари фонида қайтадан кенгайтирмоқчи. Ўзи учун янги денгизларга чиқиш нуқталарини қўлга киритиш, Шарқий Ўрта ер денгизда янада кучлироқ ҳукмронлик ҳудудини барпо қилиш ва минтақанинг хўжайинига айланишни истайди. Буни амалга ошира туриб, у бевосита Туркияни ва Туркиянинг таъсир доирасини хавф остига қўймоқда. Хўш, Туркия бунга йўл қўядими? Масаланинг моҳияти айнан шунда...
Туркия Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан сўнг мажбуран сингдирилган реал геосиёсий манзарага ўша давр шароитлари сабабли етарлича қаршилик кўрсата олмаган эди. Аммо бугун аҳвол бошқача.
Туркия энди ўз атрофида барпо этилмоқчи бўлган янги хавфсизлик архитектурасини танлов масаласи эмас, балки ҳаёт-мамот масаласи сифатида кўрмоқда.
Чунки Туркия тинчлик учун барча дипломатик каналлардан фойдаланиш билан бирга, қаршисидаги субъект тажовузкорликда оёқ тираб олса, тийиб турувчи барча омилларни ишга солиши мумкинлигини ҳам очиқ-ошкор кўрсатмоқда. Исроилга қарши тийиб турувчи ҳар бир усул синаб кўрилмоқда. Дипломатия, иттифоқлар, минтақавий ҳамкорликлар ва зарурат туғилганда куч ишлатиш иродаси бир тенглама ичида ушлаб турилибди.
Энди барча нигоҳлар Трампга қаратилган... Трамп Нетаньяху имтиҳонидан қандай ўтишини кўрамиз. Бироқ Трампнинг Нетаньяхуга “тўхта” демоқчи экани энди аён. Чунки Нетаньяхунинг тўхтамаслиги Трамп барпо этмоқчи бўлган АҚШ учун барқарор ҳолат эмас. АҚШ ичидаги сионистик тузилма ва Исроилнинг тобора кўпроқ қон тўкилишига сабаб бўлаётган ҳаракатлари Трамп тасаввур қилаётган глобал АҚШ учун энди кўтариши оғир юкка айланмоқда. Трамп ҳам буни англаб турибди. Эҳтимол, масала фақатгина Трампнинг Нетаньяхуни “жиловлай олиши”да эмасдир. Асосий масала — Трампнинг ўз мамлакатидаги кучлар мувозанатини ўзгартира оладиган даражада қудратли ёки қудратли эмаслигидадир. Чунки Нетаньяхуни тўхтатиш маълум маънода АҚШ ичидаги тузилма билан ҳам ҳисоб-китоб қилишни англатади. Айнан шунинг учун Трампнинг олдидаги синов фақатгина Нетаньяху синови эмас. Бу бир вақтнинг ўзида “қайси АҚШ?” саволининг жавобини аниқлаб берадиган синовдир...