Бахт тушунчаси ва «тешик тоғора»


  • 30 Март, 2012
  • 2403

 Ўйлаб қаралса, дунёда «мен бахтлиман» дейдиганлар жуда кўп. Аммо «бахтсизман, пешонам қурсин» деб нолийдиганларни ҳам баъзида учратиб қоламиз. Нега шундай? Ўзимизни бахтсиз ҳисоблашимизга «бир кам дунё» айбдорми ёки тобора ҳакалак отиб бораётган нафсимизми?

Ўзини бахтли ёки бахтсиз ҳисоблайдиганларни мулоҳазага чорламоқ ниятида шу мавзуга қўл урдик.

Ношукрлар бахтли бўлолмайдилар

Бахт тушунчаси ҳар ким учун алоҳида мазмун касб этади. Айтайлик, кўзи ожиз одамнинг бахти билан кўз нуридан айрилмаган, соғлом одамнинг бахт ҳақидаги тасаввур ва ўлчовларида катта фарқ бор. Тўрт мучаси соғ одамларга ҳавас қилиб ўтадиган ногиронлар учун тана аъзосининг саломатлиги ҳеч нарсага алишиб, ҳеч нимага тенглаштириб бўлмайдиган бир бахтдир.

Орқама-орқа фарзанд кўриб, бир этак боланинг онаси бўлган аёл шўхлик қилган фарзандларини қарғаётганида, уларнинг тўполонларидан асаби бузилиб, «Сенларни туғмай мен ўлай» дея ёзғираётганида тирноққа зор аёллар йиллар давомида сидқидилдан йиғлаб Худодан сўрайдиган бахт эгаси бўлиб яшаётганини англамаётгандек туюладими сизга ҳам?

Бахтнинг нималигини касалхонанинг жонлантириш бўлими эшиги тагида соатлаб жон ҳовучлаб ўтирганча, шифокорлардан касал фарзандининг аҳволи ҳақида умидбахш хабар кутиб ўтирган ота-оналардан сўранг-чи!

Бахтнинг нимадалигини хотинининг ёмон феълидан безиб, ишдан сўнг ўз уйига қайтишга оёғи тортмай ўтирган одамдан сўранг-чи!

Бахтнинг нималигини ноқобил фарзандларининг меҳрсизлигидан азият чекиб, дардини бировга айтолмай, юраги қон бўлиб юрган отадан сўранг-чи!

Бахтнинг нималигини билмоқчи бўлсангиз, автомобил ҳалокатидан омон қолган одамдан сўранг!

Бахтнинг нималигини Ватанидан олисда, мусофирликнинг тошини тишлаб, кўз ёшини ичига ютиб юрган, ўз она тилида бир калима сўз эшитиб қолса, ҳаяжондан юраги ўйнаб кетадиган одамдан сўраб кўринг!

Гапнинг ростини айтсак, бахтсизман, де¬йишимиз бахтсизлигимиздан эмас, ношукрлигимиздан дарак. Чунки, уйимизда камида бир ойлик озуқамиз бўлгани ҳолда «Менинг аҳволим ёмон», деймиз. Бу неъматга ношукрлик эмасми?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ахборотларидан бирида ўтган 2009-йил давомида дунё бўйича 47 миллион одам очликдан қирилиб кетгани ҳақида хабар берилди. 2004-йилнинг ўзида ер юзида ҳар куни ўрта ҳисобда 10 минг бола очликдан нобуд бўлибди. Тасаввур қиляпсизми?! Энди айтинг-чи, сиз бахтсизмисиз? Бу далилларни тўкин дастурхон бошида ўтириб олиб, уни емайман, буни емайман, деб тихирлик қиладиган эркатой фарзандларингизнинг қулоғига ҳам қуйиб қўйинг, токи улар ҳам (айримларимизга ўхшаб) тўқ қоринларини силаганча, «яшашим ёмон», дея нолиб ўтирмасинлар...

Орамизда ўзга юртлардаги ҳаётга ҳавасланадиган, ўз юртини ташлаб, бегона юртлардан бахт излайдиганлар ҳам топилади. Айтинг-чи, инсон учун бегона жойда қандай бахт бўлиши мумкин? Ўша - кўпчилик ҳавасланадиган бадавлат юртлардаги маънавий қашшоқлик одамларни инсонийлик қиёфасидан чиқариб юбораётгани айни ҳақиқат-ку.

Америкалик таниқли социолог Френсис Фукуяма Ғарбдаги маънавий таназзул ҳақидаги «Буюк узилиш» асарида шундай ёзади:

«...Жиноятчиликнинг ўсиши, оила инқирози, аҳоли сонининг камайиши, ижтимоий тар¬қоқликлар - Ғарбнинг оғир касалликка йўлиққанидан далолатдир. Ғарбликларда муқаддас саналадиган нарсанинг ўзи қолмади ҳисоб. АҚШдаги ҳар учта боладан биттаси никоҳсиз туғилмоқда, бутун Скандинавияда эса туғилаётган болаларнинг ярмидан кўпроғини никоҳсиз туғилган болалар ташкил қилади...

Барча ривожланган мамлакатларда аҳолининг қисқариб кетаётгани масаласи кун тартибида турибди. Туғилишнинг сунъий равишда рағбатлантирилиши эса, масалан, Франция мисолида ўта қиммат ва самарасиз иш бўлиб чиқди...

Ғарб маънавий инқирозининг асосий сабабчиси - маданий қадриятларнинг емирилиб бораётганидир. Феминистик ҳаракатлар, жинсий «инқилоб», бесоқолбозлик, лесбиянкаликнинг эркинлиги, антропологияга ёппасига қизиқиш, афсунгарлик ва хиромантияга берилиш шулар жумласидан...»

Ривожланган давлатлар маънавий ҳаётидаги салбий ҳолатлар бу давлатларнинг олим ва мутухассисларини қаттиқ ташвишга солиб қўйган. Масалан, Д.Вилкерсоннинг «Ҳис этиш» китобида Ғарб жамиятида «ахлоқий бузуқликнинг кучайиши», кабель телевиденияси орқали намойиш этилаётган беҳаё саҳналар, гомосексуализм, садизм ва мазохизмнинг тарғиб этилиши тобора кенг ўрин олаётгани таъкидланади. Буларнинг барчаси, аввало ёшларнинг дунёқараши, ахлоқ-одоби, маънавиятига салбий таъсир этиши, уларнинг ҳаётини издан чиқариши шубҳасиз.

АҚШнинг Калифорния штати Фуллертон шаҳри полиция ва халқ таълими департаментлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари жуда даҳшатли бўлиб чиқди. Аниқланишича, тартибсиз жинсий ҳаёт кечираётган америкалик ўсмирларнинг 50 фоизи ўзининг бахтсизлиги, умидсизлиги, ҳаётдан қониқмаслигини тан олган. Уларнинг маълум қисми ҳали тўлиқ балоғатга етмаёқ жинсий ва руҳий хасталикларга учраган, бошқалари эса чуқур руҳий тушкунликка тушиб қолган. Ана сизга «сеҳрли диёр»ларнинг асл қиёфаси!

Ўғил-қизи яйраб яшаётган оталар, энди айтингчи, сиз бахтсизмисиз? Сиз ўзга юртларга бориб орзу-ҳавасларингиз учун пул ишлаш иштиёқингизни қўйиб, би-ир ўйлаб кўринг-а, кундан-кун ҳаётимизга чуқурроқ кириб бораётган ахборот хуружлари сиз «у ёқлардан» қайтиб келгунингизга қадар фарзандингизни сиздан «олиб қўймайдими»? Ота тарбиясидан узилиб қолган, фақат телевизор ёки компьютерга термулиб, ахлоқсиз фильмларни кўриб улғайган фарзанд кексайганингизда бошингиздан шўриш ағдармайдими? Бу ғафлат уйқусидан уйғонганингизда қалбингиз қашшоқликка, баданингиз чарчоғу машаққатга, кўксингиз ғамга тўла бўлганини кўрасиз, негаки, ўз вақтида келажагингизнинг, яъни фарзандларингизнинг маънан бой бўлмоғи учун ҳаракат қилмаган эдингиз. Кексаликдаги афсус-надомат ва хорликдан кўра ёмонроқ бахтсизлик бўлмайди. Бахтингизни бой берманг! Бахт¬ни танишга улгуриб қолинг!

Ҳашамат - бахт эмас...

Дунёнинг роҳати ҳам кўп, азоблари ҳам оз эмас. Роҳатнинг азобга, азобнинг роҳатга қоришишини ҳаёт дейдилар. Ҳаёт уммонида эса қаноатдан ўзга халоскор йўқ. Одатда, қаноатсиз, ношукр одамлар нолишни ўзларига одат қиладилар. Нолиш, ҳасрат қилиш масаласида айрим аёлларнинг олдига тушадигани бўлмаса керак. Егани олдида, емагани кетида яшайдиган аёллардан бирортаси қайсидир бир дугонасининг қимматбаҳо машина миниб юрганини ёки бриллиант тақинчоқ олганини эшитиб қолса, дарров ўзини бахтсиз ҳис этиб, «ношуд» эрининг бошидан мағзава ағдаришдан ҳам тоймайди. Афсуски, яшаш тарзимиз юксалиб, ҳаётимиз тўкинлашиб боргани сайин орамизда салгина етишмовчилик туфайли ҳасрат қилиб оламни бузадиган, эрининг олдига унинг имкониятидан ортиқ талабларни қўйиб, оиладаги ҳаловатнинг бузилишига сабабчи бўлаётган, бахт деганда фақат катта моддий таъминотни, данғиллама участкалару қўш-қўш машиналарни, серҳашам тўй-томоша-ю, олтин-олмос зеб-зийнатларни тушунадиган хотинлар ва уларнинг «тарбияси» туфайли молпараст бўлиб улғаяётган ёшлар сони ҳам ортиб бораётгани ачинарлидир.

Ўзбек аёллари - дунёдаги энг бахтли аёллар сирасига киради, ишонаверинг. Гапларимизда ҳеч бир муболаға йўқ. Чет давлатларнинг сериалларида кўрсатиладиган «тўкис ҳаёт»га ҳаваси келиб, «Мана шулар яшашни билади, биз ҳам юрибмиз-да аёлмиз деб...», дея нолийдиган, ҳуда-беҳудага эрини айблайверадиган хотинлар ойнинг орқа томони ҳам борлигини инобатга олмайдилар шекилли.

Ана шундай сериалларни арзон-гаровга, ҳатто текинга дунё мамлакатларига экспорт қилаётганларнинг асл мақсади бошқа мамлакатлардаги ўртаҳол яшаётган оила аёлларида ўз ҳаётидан норозилик кайфиятини уйғотиш ва шу йўл билан миллий қадриятлар сақлаб турган муқаддас мувозанатни бузишдир.

Ўша кинолар ишланган давлатларнинг ўзида фақат қорин тўйдириш илинжидагина энг ифлос ишларни ҳам бажарадиган, оғилхонадан баттар турар жойларда кун кечираётган қашшоқ одамлар тўлиб ётибди аслида. Айрим содда тафаккурли одамларга мўлжалланган сериалларда эса фақат ўзига тўқ, бадавлат хонадонлар, тўкин дастурхонлар бошида бўладиган ширин суҳбатлар, ҳашаматли машиналар ва севгидан бош¬қа ғами йўқ бир тўда «қаҳрамон»ларнинг ҳаёти энг майда икир-чикирларигача акс эттирилаверади. Чуқурроқ эътибор берилса, бу сериалларда хиёнат, бевафолик ва бошқа гуноҳ ишлар тарғиби ўта айёрлик билан амалга оширилаётганини кўрамиз. Бундан асосий мақсад ҳам кишиларда хиёнат ва ёлғончиликка рағбат, яқин одамларда бир-бирига нисбатан шубҳа-гумон, ишончсизлик ҳисларини уйғотиш ва шу йўллар билан маънавиятни бузишга интилиш ётади.

Ўша - дунёни ўз тараққиёти ва фаровон ҳаёти билан ҳайратга солишга уринаётган Ғарб давлатларида аёллар парламентларда 14 фоиз, вазирликларда эса 7 фоиз лавозимларнигина эгаллаб туришибди, холос.

Буларни мисол келтиришдан мақсад битта - «олдимиздан оққан сув»нинг қадри бўлсин, бахтли эканимизни англайлик.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳеч бир ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмайди, уларни олий даражада иззат-икром қилинади, ҳурматланади, улуғланади. Бу эҳтиромларга муносабатимиз нолиш, ҳасрат қилиш билан бўлса, унда биз киммиз?!

Бу дунёнинг молидан бизга ҳеч нарса қолмайди. Уларни еб йўқ қиламиз, кийиб тўздирамиз. Шу йўқ бўладиган, тўзиб кетадиган мулк учун Аллоҳ қайта яратмайдиган ёнимиздаги бебаҳо ҳазрати ИНСОНнинг кўнглини синдиришимиз, ҳурматини тўкишимиз, кимларгадир солиштириб камситишимиз қайси андозаларга тўғри келаркин?

Бизнинг эркаклар (айрим занчалишларни ҳисобга олмаганда) ҳеч қачон оталик масъулиятидан қочмайдилар. Фарзандлари учун умрларини, куч-қувватларини фидо қилиб ўтадилар. Сиз эркак жинсида туғилиб қолган, лекин феълида ҳеч бир эркаклик сифати йўқ айримларнинг қилмишлари туфайли бутун юрт эркакларига баҳо берманг. Худога минг шукрки, ён-веримиздаги давлатларда яшаётган аёлларнинг бошидаги шўришлар бизнинг ҳатто хаёлимизда ҳам йўқ.

«Эркакни никоҳга кўндириш...»

Яқинда Москвада россиялик психолог аёл Наталья Букинанинг «Эркакни никоҳга олиб боришнинг ишончли йўллари» деган китоби беш миллион нусхада нашрдан чиқди. Китобнинг номини эшитиб, ажабланишингиз тайин. Бу қанақаси, деяпсизми? Шунақаси! Биз бор-будини рўзғорга ташиб, турмушнинг иссиқ-совуқларида ёнимизда собит турган турмуш ўртоғимизнинг топиш-тутишидан нолиб, ҳакалак отган нафсимизнинг сўзига кириб жанжал кўтараётган, «бахтсиз»лигимиздан, «шўрпешона»лигимиздан ҳасрат қилиб юрган пайтимизда кўпгина Ғарб давлатларидаги аёллар каби рус аёллари ҳам ўзлари билан бир неча йиллардан буён «фуқаролик никоҳи» («гражданский брак»)да яшаётган, лекин (ўртада ҳатто фарзандлар туғилганига ҳам қарамасдан) қонуний никоҳдан ўтишга рози бўлмаётган эрларини никоҳ уйи эшигига етаклашнинг минг бир йўллари устида бош қотиришга мажбур бўлмоқдалар. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Наталья Букинанинг эрини қонуний никоҳдан ўтишга кўндиролмаётган аёлларга берган маслаҳатлари орасида «Эркакка ўткир спиртли ичимлик ичириб, маст бўлган пайтида никоҳдан ўтишга ариза беришга кўндириш керак», деган гаплар ҳам бор. Ана сизга ҳақиқий бахтсизлик!

Ғарблик бир гуруҳ олимларнинг айни масалада бир неча давлатлардаги эркаклар ўртасида ўтказган сўровлари натижасида эркакларнинг оила таъминоти ва масъулиятини бўйинга олишдан қўрқитаётган, қонуний никоҳдан бездираётган асосий сабаб - аёлларнинг ўз эрларига нисбатан «хусусий мулк» сифатида қарашлари, ҳурматсизликлари ва ҳаддан ортиқ талабчанликлари экани аниқланган.

Бу муаммолар эски муаммо эмас, ўтган беш-олти йил ичида шаклланган шўришлардир. Ҳатто ўн йил олдин ҳам ўша юртларнинг эркаклари қонуний никоҳдан, оила жавобгарлигидан қочган эмаслар. Бу ҳолат фақат битта нарсани - оила муҳитида аёлларнинг ҳаддидан ошиб бораётганини кўрсатиб турибди. Кўпгина Fарб давлатларидаги эркаклар учун қонуний никоҳ гўё ҳеч чиқиб бўлмас ўпқондек туюладиган бўлиб қолган.

Бу муаммоларга гўё бизга дахли йўқдек қарамаслигимиз даркор. Айрим аёлларимиз ўз хулқларини, нафсларини ислоҳ қилмасалар бўлмайди. Бизнинг эркаклар орасида-ку, никоҳдан ўтмай, бир-иккита бола орттириб ёки уч-тўрт йил кўнгилхушлик қилиб, кейин аёлидан сал яхшироғи учраб қолса, хайр-маъзурни насия қилиб, жўнаб қоладиганлари йўқ. Лекин оиласидаги нотинчликларни яшириб, дардини юрагига солиб ўтадиганлари, ношукр хотинлари дийдиёлардан ўлиб қутуладиганлари бор...

Кўзингизни каттароқ очинг, ўртоқжонлар, ёнингиздаги Худо берган бахтингиз ҳам омонат. Бу бахтни қай аҳволда соляпсиз?..

Хотима

Пушкиннинг «Денгизчи чол ва олтин балиқ ҳақида эртак» асарини ўқигансиз. Денгизчи чолга Худо олтин балиқ орқали қашшоқликдан нажот берган эди. Ҳаммасини кампирнинг калтабинлиги, очкўзлиги, ношукрлиги, қаноатсизлиги барбод этди. Оқибатда яна ўша эски тешик тоғора билан қолдилар.

Ҳаммамиз ҳам хатолардан холи эмасмиз. Ҳаддимиздан ошаётган вақтимизда шу эртакни бир ёдга олиб қўйсак, ёмон бўлмасди. Ахир қанча бадавлатларни эҳтиёжсизлик айнитди, қанча соғлом одамларни доимо соғ юриш фасодга етаклади, қанча илмлилар бор, ўзига бино қўйиш уларни бузди. Чунки барча кўргуликлар - ношукр¬ликдан, асл бахт нимада эканини англамасликдандир.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийларининг бирида айтади: «Эй Одам фарзанди! Агар сени соқов қилиб яратганимда тил учун, кўр қилиб яратганимда кўз учун, кар қилиб яратганимда қулоқ учун ҳасрат чеккан бўлардинг. Бас, берган неъматларимнинг қадрига ет, шукр қил!»

Бахтни ҳашам ва дабдабада деб билиб жидду-жаҳд қилаётганингизда босиб юрган тупроғингиз тагида не-не азим шаҳарлар, қалъа-ю қасрлар вайрон бўлиб, кўмилиб ётганини фикр қилинг. Ҳеч ўлмайдигандек ҳаракатга тушганингизда қабристонларга боринг. Тирикликнинг ўзи катта бахт, катта имконият эканини эсланг. Одамзотнинг бахтли бўлиши учун кўп нарса керак эмас. Бу ҳақиқатни тан олишни хоҳламай, ҳаддингиздан ошаверсангиз, кун келиб ҳатто тешик тоғора ҳам насиб этмаслиги мумкин...

Дилфуза КОМИЛОВА


Бошқа мақолалар