Ойликми ёки жўжа...


  • 17 Апрель, 2012
  • 1522

Бухоронинг Вобкент туманида давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга ойлик маоши ҳисобидан Сербиядан келтирилган 20 минг жўжа тарқатилган. 4500 таси эса тумандаги шароити оғир оилаларга бепул берилди.
Вобкент тумани ҳокимининг иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маҳмуджон Ҳалимов буни тасдиқлаб, Сербиядан келтирилган тухумдан очиб чиқарилган жўжаларни туман бюджет ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлардан истовчиларига ойликларининг маълум бир қисмига жўжа берилганлигини, бундан ташқари тумандаги бошқа талабгорлар ҳам бу жўжадан сотиб олиши мумкинлигини билдирди.
Ҳалимов бундай тадбир 2012 йил февраль ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан илгари сурилган талаб асосида вилоят ва туманларда аҳоли томорқасидаги чорва, парранда сонини ошириш, сабзавот ва мева етиштиришни кўпайтириш орқали аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кўрсаткичларини кўтариш учун амалга оширилаётганини айтди. Кейинги ойлик учун яна 40 000 жўжага буюртма берилганлигини қайд этди.
Ҳокимликнинг бу тадбирдан асосий мақсади аҳоли фаровонлиги эканлигини маълум қилган Ҳалимов серб товуқларининг 2 ойлик қисқа муддат ичида тухумга киришини ҳамда ўзбек товуқларидан анча фойдали эканлигини айтди.
Ҳалимов жўжалар фақат хоҳловчиларга тарқатилганлигини, ҳеч кимга мажбурлаб берилмаганлигини таъкидлади. Аҳоли бу тадбирга бошида шубҳа билан қараганлигини, лекин жўжа олганларнинг бу тадбирдан мамнун эканликларини кўриб, унга талаб кўпайганлигини қайд этди.
Вобкентлик бир ўқитувчи “Бизнинг ҳар биримизга 10 тадан жўжа олишимизни тавсия этишди. Битта жўжа 5500 сўмдан (2.5 доллар). Булар маҳаллий жўжалардан анча қиммат” деб маълум қилди.


Бошқа мақолалар