- 2014-09-10
Курраи заминда икки турли денгиз бор: бири - чучук сувли, иккинчиси - шўр сувли,
Уммонлар остидаги бу денгизлар ёнма-ён оқади, аммо суви бир-бирига қўшилмайди. Олимлар шўр ва чучук сувли денгизларнинг ўртасида қандайдир кўз илғамас парда-тўсиқ мавжудлигини яқиндагина кашф этишди. Вужудда ҳам икки денгиз бор. Бири - кўз ёши, шўр. Иккинчиси - кўз қорачиғи суви, у эса ширин. Булар ҳам ёнма-ён, бир жойда. Лекин улар ҳам бир-бирига қўшилиб, аралашиб кетмайди. Хожа Бектош Валийнинг «Мақолот»ида келтирилишича, кўзнинг асли ёғ бўлиб, тузга муҳтождир. Агар кўз ёши шўр бўлмаса, кўз ҳидланиб кетарди. Кўз қорачиғининг суви ширин бўлмаса, кўз кўрмас эди...
Кўзлар бир дақиқа ичида ўн-йигирма марталаб киприк қоқади ва бу билан доимий намланиб туради. Киприк қоқишнинг бир йиллик саноғи олти-саккиз миллионга тенг. Демак, кўз ўзидан суюқлик (ёш) чиқариб, ўзини намлаб, ювиб, поклаб, ҳатто кўзга тушган бегона жисмларни эритиб-йўқотиб туради.
Кўзнинг олд қисмидаги гумбазсимон, шишадек мусаффо ва тиниқ жисм «кўз юмалоғи» дейилади. Унинг орқа тарафидаги кўк, бўз, сариқ ёки қора рангли думалоқ парда «кўз қорачиғи» деб аталади. Унинг ўртасидек мошдек жой «кўз қораси», яъни гавҳаридир. Кўз қорасидаги бениҳоя кичик пайларнинг баъзиси тўғри бўлиб, улар кўз қорасининг ўртасидан чиқиб, атрофга чўзилиб кетган. Баъзилари эса халқасимон. Ёруғ оз бўлса, тўғри пайлар йиғилади, натижада кўз қорачиғи кенгайиб, кўзга кўпроқ ёруғлик тушади. Ёруғ кўпайиб кетса, энди халқасимон пайлар йиғилади. Шунда кўз қорачиғи торайиб, ёруғлик тушиши камаяди. Кўриш учун ёруғлик кўзга тушиб, ички қаватдаги кўриш пайларига етиб бориши лозим. Мазкур пайлар ёруғлик таъсирини бир неча ҳисса ошириб беради ва инсон мўлжаллаган нарсасини кўра олади.
Одатда кўзни фотоаппаратга қиёслашади. Кўзнинг шаффоф пардаси остидаги автоматик тўр, яъни қорачиқ кўз экранига нур ўтказувчи туйнук вазифасини бажаради. Қорачиқ заруратга қараб кенгаяди ёки тораяди. Унинг ортида кўриш аъзосининг бошқа автоматик қисми, яъни объектив ёки иккала тарафи қабариқ «ойна» (линза) бўлиб, у жисмларга қай тарзда ёки қайси масофадан қарашимизга мувофиқ ўзгариб туради. Объектив ва қорачиқ ўртасидаги бундай уйғун ва мукаммал муносабат ҳайратга солмай иложи йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, кўзнинг ана шу хусусиятлари инсон ҳали дунёга келмай туриб, она қорнидалигидаёқ шаклланган бўлади. Инсон шундай мукаммал аъзо билан дунёга келади.
Кўз орқа ҳужрасининг пўсти уч қаватли: ташқи қавати оқ ва қаттиқ. У «кўз оқи» дейилади. Ўрта қаватнинг ранги қора, унда жойлашган қон томирлари «томир пардаси» деб номланади. Ички қаватида кўриш пайлари тўрдек ёйилган, улар «тўр пардаси» дея аталади. Кўз думалоғи «оқ»қа, кўз қораси эса қон томирлари орқали пардага туташган. Кўз қорасининг орқасидаги «кўз ойнаси» касалга чалиниб ғубор босганидаги хасталик «кўзга парда тушиши» дейилади.
Кўз - ҳамма аъзолардан кўра сирли хилқат. У сезилмас ёруғлик нурлари таъсирида ишлайди. Ёруғлик нурларининг кўз қорачиғи ва пардасида акс этиш хусусиятлари фанга ҳали яхши маълум эмас. Кўз бошнинг юқори қисмида жойлашганида ҳам алоҳида ҳикмат бор. Унинг тепасидаги қош шўр терни кўзнинг шиллиқ пардасига туширмайди.
Ҳаракатланиб турувчи кўз соққаси бир-бирига ажойиб тарзда уланган еттита суякли чуқурчага жойлаштирилган. Кўзни ҳаракатлантирадиган олтита пайдан бири узатувчи камера бўлган ғилдиракни эслатади. Ҳатто киприклар ҳам кўзни фавқулодда эҳтиётлаш вазифасини ўтайди.
Кўзнинг ичкарисига қараб кетган беш қатламли мўгуз пардасини олимлар чинакам техник мўъжиза деб аташади. Кўзнинг бу қисми ишқаланишдан ва чангдан асралиши, зарур пайтда ювилиб, тозаланиб туриши учун алоҳида, ўзига хос юмшатувчи, шўрроқ суюқликка эга бўлиб, у кўз косасининг устки қисмида жойлашган. Шу ернингўзида, кўз ичкарисида бу суюқликни бурун бўшлиғига ўтказувчи махсус йўл бор. Кўз ёши кўзни ювиб, уни доимо тозалаб туришидан ташқари бурун катакларини намлаб, мулойимлаштириб, ҳид билиш қобилиятини оширади. Олимларнинг айтишича, бурун қуруқшаб қолса, ҳид билиш қобилияти йўқолар экан.
Лекин ана шундай мукаммал ва мураккаб кўзлар ҳам Яратганнинг Басир (кўрувчи) сифати олдида жуда ожиз ва нотавондир. Бу сифатнинг кичик бир тажаллиси холосдир. Бизнинг кўриш қобилиятимиз чекланган бўлиб, фақат маълум оралиқда бўлган тўлқин узунлигидаги нурларнигина кўра оламиз, яъни нурларнинг бор-йўғи уч фоизини илғаймиз. Кўзларимиз жуда кичик (атом зарраси) ва жуда катта (галактикалар) нарсаларни, жин, фаришта, руҳ каби ғайбий нарсаларни, жуда яқин ва жуда узоқдаги, тез ҳаракатланадиган буюмларни, шаффоф бўлмаган нарсанинг орқасини, бир вақтнинг ўзида ҳамма томонни, қоронғиликдаги нарсаларни кўра олмайди. Кўриш сезгимиз ўзгариш ва камайишга маҳкум, кўзга ҳатто кичик бир зарра, ғубор кирса ҳам, кўриш қобилиятимиз пасаяди.
Кичкинагина аъзоимиз бўлган кўздаги ана шундай нозик низом, мураккаб яратилиш тизими ўз-ўзидан, тасодифан пайдо бўлганмикин? Йўқ, асло! Буни буюк ҳикмат ва қудрат соҳибидан ўзга ҳеч бир зот амалга ошира олмайди. У кўзни яратиш учун оптика сирларию қонуниятларини мужассамлаштиргани ва бу ғаройиб аъзога зарур ашёларни жойлаштирганининг ўзиёқ улкан мўъжиза эмасми?!
Асрор Метин
«Фикрат» журналининг 2007 йил 1-сонидан олинди.