- 2013-12-11
Дарахтлар Ер юзидаги тирик организмлардан энг йириги ва энг баланди бўлиб, мураккаб ҳаёт кечиради. Озиқ-овқат ва ёғоч манбаи бўлгани боис, қадим-қадимдан кишилик жамияти дарахтлардан унумли ва оқилона фойдаланиб келмоқда. Айни пайтда табиатнинг яшил хилқатлари миллиардлаб тоннадаги кислородни бизга ҳадя этиши билан ҳам ардоқлидир. Сайёрамизнинг тинч ва сокин жойларида ўсувчи дарахтлар ҳозирги кунга қадар олимларни қизиқтиради ва улар бу ўсимликнинг янги турларини кашф этишмоқда.
Осмон билан бўйлашади
Шимолий Калифорниядаги денгиз қирғоқларида Ер юзидаги энг узун ҳисобланган дарахтлар ўсади. Туманли иқлимга мослашган игнабаргли бу дарахтнинг баландлиги 110 метрдан ҳам зиёд бўлган. Қачонлардир сайёрамизда бундан ҳам улкан дарахтлар кўкка бўй чўзгани эҳтимолдан холи эмас. 1885 йили Австралияда ерга қулаб тушган эвкалипт дарахти улканлиги ва сервиқорлиги билан маҳаллий аҳолини ҳайратга солган эди. Бу дарахтнинг узунлиги 140 метрдан кам бўлмаган. Аммо бир қанча дендрологлар, яъни дарахтшунос олимлар эвкалиптнинг узунлиги 175 метргача борганини, бошқача айтганда, 25 қаватли бино баландлигига тенг бўлганини айтишган. Дарахтнинг тепага қараб ўсишини таъминлайдиган бир қанча омиллар бўлса-да, уларга салбий таъсир кўрсатувчи табиий офатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, замбуруғлар билан озиқланиш, қурғоқчилик ёки кучли совуқ дарахтга бўй ва салобат бағишлайди, чақмоқ ва довулдан эса улар ҳимоялана олмаслиги мумкин.
Турлари...
Ер юзида ўсувчи дарахтларнинг барчаси икки гуруҳга мансубдир. Биринчи гуруҳга кирувчилар игнабаргли бўлиб, уруғлари ғўдда кўринишини олади. Аксарият игнабаргли дарахтлар қишин-ёзин яшил тусда бўлиб, япроқлари тангачасимон ва игнасимон кўриниш касб этади, улар жуда тез ўсади. Кўпгина игнабаргли дарахтлар ўрмон хўжалигида қимматбаҳо материал эканлиги сир эмас. Агар игнабарглиларнинг 550 хили мавжудлиги ҳисобга олинса, бу рақамни дунёдаги бошқа дарахтлар сони билан солиштиришнинг ҳожати қолмайди. Игнабарглилар шунчалик кўп тарқалганига қарамай, барча мамлакатларда уларни чиройли манзараси учун сунъий равишда кўкартиришга аҳамият берилади.
Иккинчи гуруҳга эса турли-туман шаклдаги япроқ билан қопланувчи турлар киради. Бу хилдаги дарахтларнинг гуллари шамол ёки ҳашаротлар воситасида чангланади. Тропик ўлкаларда баргли дарахтлар доимий яшил кўринишда бўлиб, ёзнинг қуруқ ва қишнинг совуқ ҳавосида ўз япроқларини ерга тўкади. Дунё бўйича 10 мингта баргли дарахт турлари аниқланган.
Улар қандай ўсади?
Минг, ҳаттоки, уч, беш минг йил яшайдиган дарахтлар бор. Улар жуда мустаҳкам ва чидамли бўлиб, аксарияти бутун ҳаёти давомида ўзига хос кўриниш касб этиш баробарида йилдан-йилга бақувватлашиб боради. Тропик ўлкалардаги дарахтлар йилига 5 метр ўсадики, бу тахминан инсоннинг ўсмирлик давридаги ўсиш жараёнидан 100 баравар тезроқдир. Ер куррасининг бошқа ҳудудларида дарахтлар жуда секин ўсади, аммо баҳорда уларнинг ҳам ўсиш жараёни 1 метрдан кам бўлмайди.
Пўстлоқ остки қатлами ёки камбия
Дарахтлар фақат бўйига ўсади, деб ўйлаш хато фикр. Улар айни пайтда энига ҳам ўсади. Тананинг йўғонлашуви ва шохларнинг пайдо бўлиши камбия (ўсимлик пўстлоғи остидаги бўлинувчан ҳужайралардан иборат тўқима)лар ҳисобига рўй беради. Камбиялар пўстлоқ тагига жойлашадилар ва дарахт танаси ва шохларининг кўзга кўринмас плёнка билан қопланишига имкон туғдиради. Дарахт танаси йўғонлашгани сайин камбия ҳужайралари бўлина бошлайди. Ички томондан улар ҳужайраларга бўлинса-да, ташқи, яъни ёғочга айланаётган қисмида пўстлоқнинг янги ҳужайралари ҳосил бўлади. Тана йўғонлашиши билан эскирган пўстлоқлар кўчиб тушаверади. Камбиялар тана баландлигидан анча орқада қолади, чунки у ерда ёғочнинг энг ёш пўстлоқ остки қатлами жойлашади. Унинг таркибида эса илдиздан тортиб, япроққача ҳаракатланадиган минерал моддалар мавжуд. Шу боисдан ҳам бу "ҳудуд" нам ва сирпанчиқ кўринишда бўлиб, йилдан-йилга пўстлоқ остки қатлами ўзгариб туради.
Йиллик ҳалқа
Дарахт кесилганда, унинг танасидаги ҳалқаларга кўзингиз тушади. Бу ҳалқалар сонига қараб, унинг ёшини айтиб бериш мумкин экан. Айни пайтда ҳалқалар бошқа маълумотларни ҳам беради, масалан, яқин ўтмишда об-ҳаво қандай бўлгани уларда намоён бўлиб турар экан. Намлик ва иссиқлик оби-тобида бўлса, дарахтнинг йиллик ҳалқаси кенг, аксинча, номақбул шароитда ўсган бўлса, энсиз кўриниш олар экан. Олимлар ер юзидаги энг кекса дарахтларнинг йиллик ҳалқасини ўрганишлари натижасида охирги беш минг йилликда кечган иқлим шароити қандай бўлганини аниқлашга муваффақ бўлдилар.
Палмалар
Дарахтларнинг аксарияти ўз шохларини куртакларга тўлдириб гуллайди. Палма эса бундан мустасно. У ўз танасининг фақат энг баланд қисмида гуллайдиган тўп-тўп куртакларга эга бўлиб, айнан шу ҳолат унга кўрк ва бўй бағишлайди. Палма дарахти танасидаги "зиналар"и билан янада гўзал кўринади.
Бу дарахтнинг ён-атрофга тарвақайлаб кетган шохлари йўқ. Бошқа хилларида эса янги шохлар ва барглар тепасини ишғол этса, эскилари пастида қолади. Дарахтнинг шохлари қанчалик кўп бўлса, сояси ҳам шунга яраша ва баландлашгани сари новдалари ҳам танага шакл кирита боради. Айрим тропик дарахтларнинг қадди-бастини кўрган киши улардаги «ижодкорлик»ка тан бермай иложи йўқ.
Бир қанча ички ва ташқи омиллар дарахтларнинг ташқи кўринишига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Агар дарахт зич жойда ўсса, танаси кўкка қараб тезкорлик билан бўй чўзади. Доимий эсувчи совуқ шамол эса уларни ерга қулатиб юбориши мумкин. Қуюқ сояда улар камдан-кам ҳолатдагина йирик япроқларга эга бўлади.
Ҳулкар Тўйманова
www.ziyouz.uz сайтидан олинди.