Қорачиқда хурсандчилик


  • 15 Декабрь, 2012
  • 3751

2012 йил 11 декабрь Қорачиқ қишлоғи аҳолиси, “Қорачиқ” ўрта мактаби жамоаси ва ўқувчилари учун ёдда қоладиган кун бўлди. Ушбу хурсандчилик сабаби “Қорачиқ” умумий ўрта мактабининг янги ўқув биносининг очилиш маросими бўлди.

Аввало “Қорачиқ” умумий ўрта мактабининг тарихига қисқача тўхталиб ўтсак. Мактабнинг эски биноси 1961 йили қурилган. Мактаб дастлаб 15-сонли мактаб-интернати деб аталган. Вақт ўтиб мактаб-интернат ўрнига 9 йиллик мактаб, 1991 йили эса 11 йиллик “Қорачиқ” умумий ўрта мактабига айланди. 1974 йили туғилган болалар 11 йиллик мактабнинг илк қалдирғочлари бўлдилар. Бу даврда мактабга Пармонқулов Фаттоҳ, Жумадуллаев Абдуҳошим, Абдуллаев Отабой, Қўшонов Убайдулла сингари ҳурматли устозлар раҳбарлик қилдилар. Ҳозирги вақтда мактаб директори Эрметов Аҳмаджон. Бугунги кунда мактабда 110 нафар ўқитувчи ва техник-ходимлар фаолият кўрсатишади. Тайёрлов гуруҳи билан бирга жами 700 нафар ўқувчи таълим олади. Ўқувчилар ортиши билан эски бинода синф хоналарининг етишмаслиги ва мактаб биноси эскирганлигига эътибор қаратган шаҳар раҳбарлари ва халқ таълими бўлими 300 ўринлик янги бино қуришни режалаштирди. Мактабнинг янги биносини қуришда Ирисметов Баҳодир, Азимов Ҳабибулла каби депутатларнинг ҳам меҳнати сингганлигини айтиб ўтиш лозим.

Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мактабнинг очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокими А.Ўсербоев мактаб жамоасига яхши тилаклар билдириб, қувончли воқеа билан табриклади.

300 ўринлик мактаб замонавий талабларга жавоб бера оладиган шаклда қурилган. Синф хоналаридан ташқари ошхона, спорт зали, мажлислар зали, фан кабинетлари янги технологиялар билан жиҳозланган. Ўтган ўқув йилида 7 нафар грант соҳибини тайёрлаб чиқарган мактаб жамоаси янги бинода бундан ҳам юқори кўрсаткич ва натижаларга эришади деб ўйлаймиз.








 


Бошқа мақолалар