- 2016-01-18
Red Bull, Jaguar, Burn... Ҳойнаҳой дўконга кирганда шу каби ичимлик турларига тез-тез кўзингиз тушса керак? Уларнинг қувват берувчи энергетик ичимлик экани ҳақида эшитган, унинг таъсирини ўзингизда синаб кўришга ҳам улгургандирсиз.
Бугун уларни бозор, озиқ-овқат дўконлари, супермаркетлардан бемалол харид қилишингиз мумкин. Бу оддий ҳолатга айланиб қолган. Аммо энергетик ичимликларга вояга етмаган ўсмирларнинг ҳам қизиқиши баланд. Хўш, улар аслида биз ўйлаганчалик зарарсиз, реклама қилинаётгандек фойдалимикан... Биз ушбу мақола орқали масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
Ҳаммаси Гонконгда бошланди...
Инсоният азалдан тиббий тетиклантирувчи моддалардан фойдаланиб келган. Қаҳва, чой, женьшень, лимон шарбатлари шулар жумласидандир.
Газли энергетик ичимлик ишлаб чиқарилишига австриялик Дитрих Матешиц ихтироси сабаб бўлган. У Гонконгга саёҳатга борганида маҳаллий тетиклаштирувчи ичимликни татиб кўради. Унинг таъсири ва таъми маъқул келгач, бу рецептни ўз юртига олиб келишга аҳд қилади. Рецепт такомиллаштирилади ва у илк бор 1982 йилда Австрияда Ред Булл қувват берувчи ичимлиги ишлаб чиқарилади. Уч йил ўтгач Австрияда Red Bull деб номланган энергетик ичимликлар сотувга чиқарилди. Хозирги кунда Матешиц ишлаб чиқарган энергетик ичимлик бир йилда 1млрд.дан ортиқ идишга қадоқлаб сотилади. У 70 дан ортиқ давлатга экспорт қилинади. Бу уддабурон тадбиркорнинг омади бошқа ишбилармонларни энергетик ичимликлар ишлаб чиқаришга даъват этди ва 90-йиллардан бошлаб бошқа давлатларда ҳам энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотиш йўлга қўйилди. Кейинчалик уларнинг таркибига оз миқдорда алкогол моддаси ҳам қўшила бошланди.
Таркиби фақат витаминлардан иборатми?
Буни аниқлашни аввало уларнинг таркибини ўрганишдан бошладик.
Ичимликнинг 100 грамм таркибида қуйидаги моддалар бор:
· Асосий тетиклаштирувчи модда – кофеин.
· Этил спирти (таркибида алкоголь бўлганларида).
· Никотин кислотаси (В3) витамин.
· Пантотен кислотаси (В5)витамин.
· Фолий кислотаси (В9) витамин.
· Теобромин.
· Рибофлавин (В2) витамин.
· Ялпиз (қуритилгани).
· Пиридоксин (В6) витамин.
· Аскорбин кислотаси.
· Теофиллин.
· Гуаран экстракти (кофеиннинг бир тури).
· Женьшень.
· L карнитин озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида бўлади.
· Д рибоза.
· Углеводлар модда алмашувини тезлаштиради.
· Таурин (бу ҳам кофеиннинг бир тури).
· Кучли газланган энергетикларнинг таркибида ( Н2Со3) углекислотаси бор. Бу модда бошқа таркибдаги компонентларни тез ўзлашишини яхшилайди.
· Глюкоза, қонга тез сингадиган моддалардан бири бўлиб, мия мушакларига ва бошқа аъзоаларга углевод етказиб беради.
· Алколоид какао.
· Консервантлар: натрий бензонат.
Бир қарашда жуда фойдали, витаминларга бой ичимликка ўхшайди. Аммо, асалнинг ҳам ози ширин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бирваракайига бунчалар хилма-хил ва кўп миқдордаги витаминларни истеъмол қилиш инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Бу одамни “шок”ка тушириб қўйиши мумкин. Вақтинчалик хушкайфият айнан шу пайтда юзага келади.
Энергетик ичимликлар наркотикка ўхшайдими?
Ҳақиқатан ҳам энергетик ичимликлар шу қадар сирли таъсирга эгами? Ёки бор-йўғи уларни истеъмол қилиш тетиклантирувчи, қисқа вақтга куч бағишловчи воситамикин? Бу борада Сергели тумани Наркология марказининг бош шифокори нарколог Раҳмонберди Абдусаматов билан суҳбатлашдик.
— Айтинг-чи, энергетик ичимликлар инсон организмига қандай таъсир кўрсатади?
— Энергетик ичимликлар таъсирини амфетамин, яъни синтетик наркотиклар истеъмолига тенглашириш мумкин. Улар кайфиятни кўтаради, марказий асаб тизимига таъсир кўрсатади ва организмда модда алмашинувини тезлаштиради. Унинг миқдорини ошириб юбориш мушак оғриғи, буйрак касалликлари, юрак хасталикларини кучайтириши мумкин.
— Улар таркибидаги компонентлар қанчалик хавфли?
— Энергетик ичимликларнинг таркибига биринчи ўринда сахароза ва глюкоза киради. Биринчиси бу – оддий шакар, иккинчиси, организм учун асосий озиқлантирувчи модда, инсон организмига озиқ-овқат орқали киради. Ва албатта, ҳар бир энергетик ичимликларда бўлгани каби унинг таркибига кофеин ҳам киради. Кофеин моддаси ҳаммага маълумки энг ассосий психостимулятор ҳисобланади, у нафақат қаҳва ва чой таркибида, балки ёнғоқ ва ҳоказо маҳсулотларда ҳам бор. Кофеин ланжликнинг, уйқу, чарчоқнинг олдини олади ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Лекин буларнинг ҳаммаси вақтинчалик таъсирга эга ва кофеин моддасининг таъсири бор-йўғи 3 соатга етади, холос. Кофеин моддасининг миқдоридан ошиб кетиши, уйқусизлик, асабийлашиш ва юрак уриш ритмининг бузилишига олиб келади.
— Кофеиннинг инсон организми учун энг катта миқдори қанча? У қанчадан ошмаслиги лозим?
— Инсон организми учун фожиага олиб келиши мумкин бўлган миқдор бу – кунига 100 ёки 150 финжон қаҳвадир. Бу одам организмига ҳам боғлиқ, ( 10-15 гр. кофеин). Бир банка Ред Булл таркибида эса 150дан 320миллиграммгача кофеин бўлади.
Шунга қарамасдан “Cola” “Pepsi” каби ичимликлар билан бирга энергетик ичимликларга ҳам кундан-кунга харидорларнинг эҳтиёжи ортиб боряпти. Катталар энергетик ичимликларни фақат тетиклантирувчи восита сифатида қўлласалар, ўсмирлар эса бундай ичимликларни шунчаки қизиқиш юзасидан истеъмол қилишади.
Реклама алдамайди, аммо...
Энергетик ичимликларнинг рекламалардаги даъват уларни харид қилишга ундайди: “Red Bull” қаноатлантиради, “Burn” ичсангиз ҳамма нарсага қодирсиз, “Adrenalin Rush”- куч-қувватга тўласиз...
Уларни татиб кўргач, рекламанинг чин эканлигига ишонасиз, аммо...
Ишлаб чиқарувчилар реклама роликларида қувват берувчи ичимликлар иш фаолиятини яхшилайди, организмга ижобий таъсир кўрсатади деб таъкидлашади. Масалан, ҳаммага маълумки глюкоза худди бошқа углеводлар каби, қонга тез сингиб кетиш хусусиятига эга бўлиб, улар бир хил тизим бўйича таъсир кўрсатиб, бутун вужуддан бор қувватни тортиб олиб, охир- оқибатда асаб тизимини холсизлантиришга ҳамда модда алмашинувининг бузилишига олиб келади. Айрим рекламаларда таъкидланадиган кофеин тоза кўринишга эга бўлиб, қаҳва ва чойдаги кофеинга ўхшаш юмшатувчи моддалар билан боғлиқ эмаслиги тўғрисидаги жумла ҳеч қандай асосга эга эмас.
Меъёридан ошиб кетса...
Энергетик ичимликларни умуман истеъмол қилмаган афзал, уларнинг ўрнига қаҳва, чой ёки маъданли сув истеъмол қилинса, фойдадан холи бўлмайди. Чунки, шифокорларнинг таъкидлашича, қувват берувчи ичимликларни кўп миқдорда истеъмол қилиш, уйқусизлик, безовталик, қон босимининг кўтарилиш натижасида тушкунликка тушиш каби салбий оқибатларга олиб келади. Бундан ташқари, унга боғланиб қолиш хавфи ҳам бор. Имкон қадар уларни ичмасликка ҳаракат қилиш, истеъмол миқдорини чеклаш лозим. Фойдали миқдор: ҳар 10-15 кунда 1 дона идиш, яъни 0,5 литрдан ошмаслиги лозим.
Одатда ҳар куни кўпи билан 1 идиш ичса безарар, дейишади. Аммо, бундан сўнг организмда кўникиш пайдо бўлади ва у ҳар куни кофеин миқдорини оширишни талаб этади, акс ҳолда одам ўзини худди куни билан тинмай ишлагандек ҳолсиз сеза бошлайди.
Истеъмол қилиш хавфли!
Энергетик ичимликларни спорт билан шуғуллангандан сўнг ва олдин, таркибида алкоголь, қаҳва, чой ва таркибида бошқа кофеин моддаси бўлган маҳсулотлар билан бир вақтда истеъмол қилиш мумкин эмас. Юраги хаста инсонларга энергетик ичимликларни истеъмол қилиш тақиқланади. Ўн икки ёшгача бўлган болаларга, вояга етмаганларга ва 50 ёшдан ошганларга умуман уларни ичиш тавсия этилмайди.
Саломатлик эвазига тетиклик
Яқинда Швецияда бир аёл қаҳвахонада дам олаётганида 2,5 литр энергетик ичимлик истеъмол қилгач, маза қилиб ўйинга тушган. Аммо бироз ўтиб, уни юрак хуружи тутган, ва бу унинг вафоти билан якун топган. У 30 ёшда эди...
Бу каби ҳолатлар жуда кўп, айниқса ўсмирлар орасида энергетик ичимликларга ишқибозлар кун сайин ортиб боряпти. Чунки имтиҳонлар, уйқу, тушкунликка тушиш каби муаммоларни бу каби ичимликлар тез ҳал қилади. Аммо қисқа муддатга куч бағишлаб, кейин кўплаб асоратларга олиб келадиган бундай тетиклик қимматга тушмаяптимикан? Бундай ичимликларни кунига 0,5литр бир идишдан ошмаган ҳолда ичилса-да, дунё муаммолардан холи эмас. Вақтинчалик тетиклик эвазига ўз соғлигингизга завол етказишдан олдин ўйлаб кўринг, бу шунга арзирмикан?
Манба:Darakchi.uz