- 2012-12-15
Кексалар ёшларни қўллаб “иймон-инсофли бўлгин, униб ўсгин”, дея дуо қилишади. Иймонли бўлиш исломнинг асосий шартларидан биридир. Шундай экан, ислом соҳасида қишлоғимиз, нафақат қишлоқ, туман, ҳатто вилоятимизда машҳур ва манзур бўлган, диний билимларда олим даражасидаги инсон Муҳаммадраҳим Исмоилов - Маман маҳсум(1900-1995) ҳазрат (Аллоҳ у зотни ўз раҳматига олган бўлсин) тўғрисида фикр юритмоқчимиз.
Айтишларича, Маман маҳсумнинг еттинчи бобоси Арабистондан Туркистонга кўчиб келган. Унинг отаси Исмоилни ҳам ҳамқишлоқлари "маҳсум" деб эъзозлашган.Маман маҳсум илк сабоқни Зоҳид (Зоид) домладан, сўнг Нуриддин домладан Қуръони Карим, Ҳадис, Қуръон тафсирларини ўрганади. Қарноқлик Эрмуҳаммад (Эрмат) қоридан ҳам турли илм сирларидан воқиф бўлади. Совет тузумининг даҳрийлик сиёсати туфайли сиқувга олингач, кўпгина диний китобларини бировларга бериб, баъзиларни қишлоқдаги сой ғорларига кўмиб яширган. Бу китоблар сув тошқинлари натижасида оқиб кетган ва қолганлари ҳам бошқа табиат ҳодисалари туфайли яроқсиз холга келиб қолган.
Маман маҳсум авваллари оддийгина чўпонлик билан, кейинчалик ипак қурти етиштириш билан шуғулланган.
Устозлар таълими, ўзининг интилишлари билан араб, форс, рус тилларини, айниқса, диний илмларни пухта ўрганган. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларини ёддан ўқиб, шарҳлаган. Навоий, Машраб, Ҳофиз, Фузулий, Бобур ғазалларидан жуда кўпини ёд билган, ўзи ҳам ғазаллар битган.
Қуръони Карим суралари ва оятларидан фойдаланиб, сувни тескари оққизган. Қовун ўғрисининг олдига девор пайдо қилган, турли ўғриларни топиб берган ва кўплаб беморларни даволаган, деган гаплар бугунгача ҳалқимиз орасида айтилади. Йиғлоқи ва уйқусиз чақалоққа 3 марта дам солганида, у бир сутка қимирламасдан ухлаб, йиғисини умуман унутганлигини ўзим гувоҳи бўлганман.
Унга бутун Ўрта Осиёдан даво излаб келиб, шифо топиб кетганлар кўп бўлган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармасига раҳмонлик қилган Зиёвуддин Бобохонов унга “Исломнинг устунларидан бири” деб баҳо берган. Ҳудди шунга ўхшаш гапни унинг жанозасини ўқитган Абдулқози шайх ҳам “Ислом устунларидан бири қулади” деб афсус билан айтган. Ҳатто ҳаётлигида Арабистондан ташриф буюрган олим Маман маҳсум билан учрашиб, Саудия Арабистонга таклиф қилган.
Лекин, шунча шон-шуҳратга эга бўлишига қарамасдан у зот жуда камтарин, оддий инсон бўлган. Ҳар қандай вазиятларда жуда секин гапириб, муаммони Қуръони Каримга асосланиб бир зумда ҳал қилиб қўя қолган. Кишилар у зотни ардоқлаб, сийлаб, ҳурматини жойига қўйишган. Баҳсли масалаларда “Бу тўғрисида Маман маҳсум шундай деган” дейишса, ҳар қандай баджаҳл одам ҳам баҳсни дарров тўхтатган.
Бугунги кунда қишлоғимиз масжидида имомлик қилаётган Асадулло (Қўчқор) домла ва бошқа кўплаб донишманд қариялар ўша зотнинг шогирдларидан бўлишади. Улар орасида қўшни қишлоқ оқсоқоллари ҳам бор.
Бу ўлуғ зотнинг фарзандлари, невара-чеваралари орамизда. Биз улардан яна кўпроқ маълумотларни сўраб, билиб олишимиз лозим, деб ўйлайман. Биз Маман маҳсум ҳақида билганимизча баён қилдик. Камчиликларимизни, ғализ кетган томонларимизни Аллоҳнинг ўзи кечирсин
Қодир Аҳмедов.