- 2012-12-11
Бу кеча (23 январь 2013) Ислом оламида Мавлуд кечаси деган ном билан машҳур бўлган муборак кеча нишонланиб ўтилади. Бугунги оқшом ер юзидаги барча инсониятга пайғамбар сифатида юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккаи мукаррама шаҳрида (мелодий 571 й.) таваллуд топган кечасидир. Мавлид ёки мавлуд - туғилиш, туғилган кун деган маъноларга келади. Ушбу қутлуғ кун, Исломий-қамарий тақвим бўйича Рабиъул-аввал ойининг 11-и билан 12-чи кунлари орасидаги кечага тўғри келади.
Аллоҳнинг ер юзига юборган энг охирги элчиси бўлмиш ушбу муборак зот ҳақида Қуръони каримда "Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик" (Анбиё-107) деган ояти каримаси нозил бўлган. Ўша илоҳий "раҳмат-марҳамат-раҳмдиллик" обидаси сифатида келган сарвари олам дунёга ташриф қилган кеча бутун Ислом оламида асрлардан буён энг табаррук сана тариқасида нишонланади. Мусулмонлар бу куннинг ҳурмати учун бир-бирларига яхши тилаклар, табриклар ва совға-саломлар улашади. Масжид ва хонадонларда йиғилишиб Мавлуд қасидаларини ўқишади ва ўқитишади. Китобларда айтилишича бу кечада қилинадиган энг савобли амаллар: бор бўлса, қазо намозларини ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, саловат, дуо ва истиғфорлар ўқиш, бир-икки саҳифа диний китоб (фиқҳ) мутоала қилиш. Қорачиқ сайти маъмурияти ҳам шу муносабат билан барча қорачиқликларни ва мусулмон оламини Мавлуди шариф кечаси билан табриклайди! Ҳамммангизга дунё ва охират саодатини тилайди!